Темпераментингизни аниқлаймиз!
Ўтган сонимизда айтиб ўтганимиздек, психологияда инсонлар темпераментига қараб, тўрт тоифага бўлинади. Ва уларнинг ҳар бирини ўзига хос феъл-атвори бор. Қайси тоифага мансублигингизни билиб олсангиз, ўз устингизда ва атрофдагилар билан муносабатларингиз борасида ишлашингиз анча осон кўчади.
Бу гал тестимизда сизга саволларга берилмайди. Ҳар бир рақам остида 4 хил вариант таклиф қилинади. Улар ичидан фақат биттасини, яъни ўзингизнинг феълингизга энг мосини танлаб, белгиланг.
1. А. Ҳовлиқма.
Б. Хушчақчақ.
В. Вазмин.
Г. Тортинчоқ.
2. А. Жаҳлдор ва тез.
Б. Ишбилармон ва тиниб-тинчимас.
В. Пухта ва мулоҳозакор.
Г. Нотаниш даврада ўзини йўқотиб қўювчисиз.
3. А. Одамларнинг юзига қараб кескин гапирасиз.
Б. Ўзингизга баҳога беришга устасиз.
В. Кутишни биласиз.
Г. Ўзингизнинг кучингизга ишонмайсиз.
4. А. Кек сақламайсиз.
Б. Нимагадир қанчалик тез қизиқсангиз, шунча тез зерикасиз.
В. Кун тартиби ва иш режимига қатъий амал қиласиз.
Г. Ҳамсуҳбатингизга беихтиёр мослашасиз.
5. А. Тез ва қалтис ҳаракатлар қиласиз.
Б. Ёстиққа бошингизни қўйишингиз билан ухлаб қоласиз.
В. Янги муҳитга мослашиш сиз учун жуда қийин.
Г. Бўйсунувчансиз.
6. А. Камчилигингиз — сабрсизлигингиз.
Б. Ишчан, бардошлисиз.
В. Доим нимагадир қизиқиб юрасиз.
Г. Гап кўтара олмайсиз, таъсирчансиз.
7. А. Сабр нелигини билмайсиз.
Б. Бошлаган ишингизни охирига етказмайсиз.
В. Мулоҳазакор ва эҳтиёткорсиз.
Г. Янги танишган кишингиз билан муносабатга киришишга қийналасиз.
8. А. Мимикаларингиз кайфиятингизни ифодалайди.
Б. Тез ва баланд овозда, имо-ишоралар билан гапирасиз.
В. Янги ишни бошлашда сусткашсиз.
Г. Ҳаддан ташқари аразчисиз.
9. А. Тез ва жўшиб гапирасиз.
Б. Янги ишга тез киришиб кетасиз.
В. Шижоатингиз тез сўнади.
Г. Жуда таъсирчансиз.
10. А. Гоҳ ғайрат билан, гоҳ ҳафсаласиз иш қиласиз.
Б. Янги топшириқларни завқ билан амалга оширасиз.
В. Натижасиз ишга куч сарфламайсиз.
Г. Индамассиз, гапга нўноқсиз.
11. А. Тартибсизсиз.
Б. Қунт ва матонат билан мақсадга эришасиз.
В. Бўшашган ва камҳаракатсиз.
Г. Ўзгалар дардини ҳис қила оласиз.
12. А. Тез қарор қабул қиласиз ва амалга оширасиз.
Б. Кутилмаган вазиятларда ўзингизни тута оласиз.
В. Ҳамма билан бир хил муомала қиласиз.
Г. Одамовисиз.
13. А. Ташаббускор ва жасурсиз.
Б. Янгиликни тез илиб оласиз.
В. Бекорга валақлашни ёмон кўрасиз.
Г. Ёлғизликни севасиз.
14. А. Янгиликка ўч.
Б. Доим дадил ва бардам.
В. Озодаликни севувчи.
Г. Журъатсиз ва нофаол.
15. А. Қайсарсиз.
Б. Қизиқиш ва ҳавасларингиз вақтинчалик.
В. Хотиржамсиз, бир маромада гапирасиз.
Г. Омадсизликка учраганда довдираб қоласиз ва тушкунликка тушасиз.
16. А. Қизиққан ишингизни завқланиб бажарасиз.
Б. Ниманингдир устида ҳижжалаб ишлашни ёқтирмайсиз.
В. Камдан-кам ҳолларда танбеҳ берасиз ва бошқаларнинг фикрини маъқуллайсиз.
Г. Атрофдагилар ва ўзингизга талабларингиз юқори.
17. А. Истакларингиз йўлида хавфдан қўрқмайсиз.
Б. Бир нимага енг шимардингизми, миридан-сиригача ўрганасиз.
В. Бошлаган ишингизни чала қолдирмайсиз.
Г. Тез чарчаб қоласиз.
18. А. Кайфиятингиз тез ўзгаради.
Б. Баъзида қизиқишларинигизни четга суриб қўя оласиз.
В. Матонатлисиз, ўзингизни тута биласиз.
Г. Танбеҳ бериш ва камчилик топишга устасиз.
19. А. Уришқоқ.
Б. Раҳмдил ва киришимли
В. Кўнглингизда кир йўқ.
Г. Васвос ва ҳар недан шубаҳаланувчи.
20. А. Баҳсларда топқирсиз.
Б. Омадсизликка учраганда ҳам ҳаётга кулиб қарайсиз.
В. Сабрли ва сипосиз.
Г. Қизиқишларингизни тўғри йўналтира оласиз.
Жавобларни ҳисоблаймиз!
Бунинг учун қайси ҳарфни неча мартадан белгилаганингизни ҳисоблаб чиқасиз-да, уларнинг ҳар бирини 5 га кўпайтирасиз. Шунда жавобларингизнинг умумий фоизи чиқади. Масалан:
«А» — 7 марта х 5 = 35%
«Б» — 10 марта х 5 = 50%
«В» — 2 марта х 5= 10%
«Г» — 1 марта х 5 = 5%
ҳарфларнинг қай биринининг кўрсаткичи юқорилигига қараб, қайси тоифага мансублигингизни билиб оласиз.
А — холерик
Б — сангвиник
В — флегматик
Г — меланхолик
Таъриф
ХОЛЕРИК – ҚИЗИҚҚОН
Жўшқин, шиддат билан ҳаракатланувчи, очиққина инсонлар айни шу тоифага мансубдирлар. Улар фаолликлари, сезгирилиги ва таъсирчанликлари билан ажралиб туради. Кайфияти баҳор об-ҳавосидек. Гарчи асаблари мустаҳкамлар қаторида турсангиз ҳам, ҳис-туйғуга берилувчанлигингиз сабаб баъзида сал нарсага ловуллаб ёниб кетишингиз, аразлаб қолишингизни тан олинг. Кўнглингиз нозик-да! Янгиликларга ўчлигингиз туфайли бир хилликдан тез зерикиб қоласиз. Шунгами, суҳбатлашиб ўтирганингизда бирдан бошқа мавзуга сакраб кетасиз. Умуман, сиз мулоқатга тез киришувчи ва тиниб-тинчимайдиган инсонсиз.
САНГВИНИК – ХУШЧАҚЧАҚ
ҳамиша баҳор, дилкаш суҳбаткаш бўлгувчи сангвиниклар, шошқалоқлингиз ҳам бор бўлсин. Сизга қолса, ҳамма нарса бирпасда ҳал қилинса. Доим ёниб турасиз, холерикларга ўхшаб кайфиятингиз ҳам тез ўзгаради. Фикрингизни айтмайсизми? Эрталаб қабул қилган қарорингизни тушга бормасдан ўзгартириб турасиз-да. Жуда фаоллигингиз сабаб бир жойда ўтира олмайсиз. Омадсизликни ҳам тез енгиб ўтишингизга ҳавас қилса, арзимйди. Атрофдагиларга таъсир ўтказишга ҳам бирам устасиз, бу қобилиятингиз кишини ҳайратлантиради.
ФЛЕГМАТИК – ОҒИР-БОСИҚ
Дунёнинг кенг жойидан яратилган, деб айнан сизни айтишади. Сабрингизга қойил! Мақсдаларингизга эришиш йўлида ҳеч нимага эринмайсиз, кайфиятингизни доим бошқара оласиз. Курашувчан, меҳнаткаш, кучли, вазмин, ўз сўзида собит — хуллас, қанча мақтасак, шунча кам. Сиз кучингизни бўлар-бўлмас ишга сарфламайсиз, бекорга гап сотмайсиз, шу сабаб бошлаган ишингизни охирига етказасиз. Эътиборлигингиз эса алоҳида хислат! Фақат кўникувчан эмассиз-да. Янги жой, янги иш, янги танишлар, йўқ, уларга кўзингиз-у ўзингиз ўргангунингизча анча вақт керак. Бунинг устига, муҳитингиз ўзгарганидан тушкунликка тушиб қоласиз.
МЕЛАНХОЛИК – ҒАМГИН
Аразингиз бурнингизнинг учида туради. Сабабини айтсак, аразлаб қолмайсизми тағин. Сиз ўзингизга ишонмайсиз. Туйғуларингизга қулоқ тутасиз, шу сабаб муаммога дуч келганда, уни енгиб ўтишингиз қийин кечади. Қарор қабул қилишга қийналасиз, бироз сусткашсиз, ўз қобиғингизга ўралиб олганингиз учун атрофдагилар билан апоқ-чапоқ бўлиб кета олмайсиз. Бир жиҳатингизни эса эътироф этишимиз шарт: жуда мулоҳазакор, етти ўлчаб, бир кесувчи, ўйламасдан гапирмайдиган инсонсиз.
Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.