1

​Моҳира АСАДОВА: "ЎЗ ХОҲИШИМ БИЛАН САНЪАТДАН ВОЗ КЕЧДИМ"

ШОУ-БИЗНЕС 17.04.2017, 10:53
Теглар: Хонанда
​Моҳира АСАДОВА: "ЎЗ ХОҲИШИМ БИЛАН САНЪАТДАН ВОЗ КЕЧДИМ"

Галдаги қаҳрамонимиз ҳақиқатда ноёб истеъдод эгаси, мусиқадан олий маълумоти бўлмай туриб, ўзидаги қобилият, изланиш ортидан юқори марраларни забт эта олган хонанда Моҳира Асадова. Хонанда ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди...

"Шўхликда ҳам, ўзлаштиришда ҳам ‘чемпион’ эдим"

— 1966 йил 16 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёли оилада дунёга келганман. Отам Фатхулло механик, онам Маҳмудахон тарбиячи эди. Оилада уч ўғил, уч қизнинг учинчисиман. Болалигим ота-онам бағрида беғам, беташвиш ўтган. Дўстларим асосан ўғил болалар эди, шомга қадар велосипед учиш, кетка ўйнаш, варрак учириш, футбол, баскетбол каби барча ўйинларни ўйнардик. Ҳозир ўйласам, чарчамаган эканмиз, қорнимиз ҳам очмасди (кулади). Ўйинқароқлигимга қарамай, 138-ўрта мактабнинг энг аълочи ўқувчиларидан бири, фахри эдим. Аниқ фанларга нисбатан ижтимоий фанларни яхши кўрардим. Синфдошларим “Доскага чиқсанг, китобга қараб турардик. Нуқта, вергулигача ёдлаб олармидинг?” деб кулишади. Дарс қилишга вақтим бўлмаганда, танаффусда мавзуни битта ўқиганимдаёқ ёдлаб олардим, “абсолют” хотирага эгаман-да. Қисқаси, тўполонда ҳам, фанларни ўзлаштиришда ҳам, тадбирларда фаолликда ҳам биринчи ўринда турардим. Дарслардан қочиш бўйича ҳам “чемпион” эдим. Бунга сабаб, ҳинд фильмларига қайта-қайта борардик, қўшиқларига ошиқ бўлардим, ёдлаб олардим. Мусиқага ихлосим баландлиги боис, 1975 йил онам мени 6-сонли болалар мусиқа мактабининг рубоб прима бўлимига ўқишга берганлар. Онамнинг айтишича, “Ахборот”нинг мусиқасини эшитсам ҳам рақсга тушаверарканман (кулади). Ўша даврдаги “Санъат­ ғунчалари” каби бир қатор танловларда биринчилик доим менга теккан. Тиниб-тинчимаган қиз эдим, “Пахтакор” стадионига — енгил атлетикага ҳам қатнаганман. Мактабдан келиб, ҳафтада беш кун мусиқа мактабига, икки кун спортга қатнардим, камига дўстларим билан ўйнашга ҳам улгурардим. Беш йиллик мусиқа мактабини ҳам аъло баҳоларга тамомлаганман.

"Паспортсиз ишга олишган"

— 1979 йили Йўлдош Охунбобоев номидаги Ма­даният уйида мактаб ўқувчиларидан иборат “Дуторчи қизлар” дастаси тузилган. Юқорида таъкидлаган машғулотларим етмаганидек, бу ерга ҳам қатнай бошладим, овозим ажралиб тургани боис “солист” қилиб қўйишганди. Устозларимиз Абдусамад Илёсов дутордан сабоқ берарди, Тамара Илёсова қўшиқ ўргатарди. Бу даста ўз даврида жуда машҳур бўлган, “Янгра, дуторим” номли фильм-концерт ҳам суратга олинганди.

1981 йилда ҳозирги “Истиқлол” санъат саройининг очилиши бўлган. Унга қадар ўша даврдаги давлат раҳбари Шароф Рашидов устоз санъаткор Ғанижон Тошматовга “Радио ва телевидение қошида мусиқа асбобини чала оладиган фақат қизлардан иборат ансамбль тузсангиз”, деган эканлар. Шундан сўнг танлов бошланган. Ғанижон ака маданият уйининг “Дуторчи қизлар” дастасини ва “Дуторчи қизлар” ансамблига сараланганларни бирлаштириб, 40 та қиз билан очилиш маросими учун репетиция бошлаган. Улар орасида устознинг назари менга тушиб, “Сен бизни дастага ўтгин”, деди, маъқулладим-у, эътиборсиз қол­дир­дим. Устозим раҳматли Зайнаб Мирзатиллаева орқали ҳам “Ўша кичкина қизни топиб кел”, деб тайинлаган, бунга ҳам бефарқ бўлдим. Маълум вақтдан сўнг, 1981 йили Ғанижон аканинг ўзи Маданият уйига келиб, “Абдусамаджон, шу қизингизни менга берасиз энди”, дея устозимнинг розилиги билан машиналарига ўтқизиб, телевидениега олиб борган. Ҳануз ёдимда, хонага кирганимизда, ансамблдагиларга қараб, “Қани, бир қарсак чалинглар-чи!”, деган. Бу гапни менга нисбатан жуда кўп ишлатарди. Концертлар кўпайиб кетгач, маданият уйига боролмаслигим ҳақида Абдусамад Илёсовни огоҳлантирдим. Чунки қатнайдиган машғулотларим кўплигидан барига улгурмасдим-да. Орадан бир ой ўтгач, Ғанижон ака “Ҳужжатларинг қани?” деб қолди. Ҳайратланганимни кўриб, “Бу ерга “каша” егани келяпсанми? Ишга олинасан, ойлик берамиз, меҳнат дафтарчаси очилади”, дея кулиб, керакли ҳужжатлар рўйхатини айтди. Паспорт ёшига етмаганим учун ўзи югуриб-елиб, туғилганлик гувоҳномам билан ишга олган ва 90 сўм маош тайинлаган. Биринчи тоифага ўтганимда 120 минг, сўнг 150 минг сўм маош олишни бошлаганман. У даврда санъаткорларга салбий назар билан қарашарди. Ҳозир эса фарзанд она қорнидалигидаёқ машҳур санъаткор бўлишини исташади. Ундайларни дарди тезроқ танилса-ю, пул сувдек оқиб келаверса... Мусиқага ихлосим бўлса-да, ўзим санъаткор бўлишни истамаганман, ота-онам ҳам шу фикрда эди. Санъатга шунчаки хобби сифатида қарардим. Таниқли бўлишимга қарамай, ҳозирги Тошкент Давлат педагогика университетининг педагогика-психология факультетида ўқиганман. Кундузи ўқиб, кечки пайт ишга борардим. Қаттиққўл дом­лаларнинг дарси бўлса, Ғанижон акани кечроқ келишим ҳақида огоҳлантириб қўярдим. Икки дақиқа кеч қолсак ҳам тушунтириш хати ёздирадиган Ғанижон ака менга келганда жуда кўп шароитлар яратиб берган. 2-босқич талабаси эдим, институт биноси ёниб, дарсимиз соа­ти ўзгарди: 12.00 дан кечки 20.00 гача эди. Ўқишдан ҳам, ишдан ҳам воз кечолмаслигим боис дарсдан қочишга мажбур бўлардим. Институтда уч йил домлалар мени синовда тутган, охири “Ўзлаштиришни ҳам уддасидан чиқар экан”, дея тан олишган. Бир куни ишга кечикиб бориб, эшикни очмасимдан Ғанижон ака ғазаб билан “Орқасидан ёп!” деса бўладими, аслида огоҳлантиргандим. Гап кўтаролмаганим боис кўзимдан дув-дув ёш оқиб, ариза ёзиб домлага бердим. Қўлимдан ушлаб, четга олди-да, мен боргунга қадар қизлар “Нега унга шароит яратиб берасиз?” деб жанжал қилгани учун гўё менга жаҳл қилган киши бўлганлигини тушунтирди ва аризамни қўлимга тутқазди.

Онам “Уй ишларини эплайдиган қиз бўлгин”, деб юмушларни зиммамга юклардилар. Кечаси билан ухламай, тоғора-тоғора лочира патир, йиғинлар учун қовурма чучвара, сомса ёпардим. Кун тартибим жуда қизиқ эди: институтга кетгунимга қадар супур-сидир қилардим, кейин иш, қайтгач, тонгга қадар ошхонамиздан чиқмасдим. Бир қўлимда чакич, иккинчисида китоб-дафтар. Камига токчага магнитофон қўйиб, ашула ўрганардим, йўқса шунча ишга вақт қаёқда дейсиз. Шу тариқа институтни қизил диплом билан тамомлаганман. Имтиёз сифатида вилоятга бормай, шаҳарда қолиб, икки йил исталган ерда ишлаб бериш имкони туғилган. Шумлигим тутиб, ишга боргач, домлага “Мени Қашқадарёга боғчага ишга юборадиган бўлишди”, дея ҳазиллашсам, “Бекорингни айтибсан, сени “каша” ейишга боғчага юборадиган аҳмоқ йўқ!” деб жаҳл билан хонадан чиқиб кетган (кулади). Кейин­ билсам, Ғанижон ака институтимизда ишлайдиган педагог ўғли Муҳсин Ғаниев билан маслаҳатлашиб, “Дуторчи қизлар” ансамбли раҳбари сифатида институтга мени ансамблда қолдиришларини сўраб, илтимоснома юборган экан. Диплом топшириш маросимида ректор “Бошқа йўналишда таҳсил олиб, бутунлай ўзга йўналишга ишга юбориш институтимиз тарихида илк бор кузатилаётган воқеа”, дея домланинг илтимосномасини ўқиб берган (кулади). Санъаткор бўлиш тақ­ди­римга ёзилган экан-да. Йўқса, мусиқа бўйича таълимим бўлмаган, ўқишмас уқиш керак, дегани шу бўлса керак. “Абсолют” эшитиш қобилиятим орқали ютуқларга эришганман, ҳатто мустақил равишда кўплаб мусиқа асбобларини чалишни ўрганганман. Яна бир ҳолат: 1986 йил сўнггида, яъни талабалик кезларим Темур Маҳмудов “Юнус Ражабий номидаги Республика мақомчилар кўрик танлови бўлади, қатнашсангизчи”, деб қолди. Мақомдан бутунлай йироқлигимни айтсам-да, “Ўрганиб оласиз, ҳали вақт бор”, дея ҳужжатларимни Маданият вазирлигига топшириб келган. Мақом усталари билан беллашиш учун хасдек бўла туриб, катта юрак билан икки ҳафта тундан тонггача доимгидек ошхонамизда тайёрланиб, уч босқичли танловга қатнашибман-да. Ютуғим шунда бўлганки, “Фиғон”, “Ёввойи сегоҳ”, “Сарахбор”ни дутор, қонун чалиб куйлаганман. Танлов тугагач, ҳайъат аъзолари ярим тунга қадар мени устимда баҳс қилиб, охири Моҳира Асадовани Юнус Ражабий номидаги Республика мақомчилар кўрик танлови лауреати, деб топишган.

"Курашишдан чарчадим"

— 1994 йил февралда Ғанижон ака оламдан ўтгач, июлда ўз хоҳишим билан ишдан бўшадим. Боиси, домла руҳият, файз, нурни ўзлари билан олиб кетганди. Ансамблда домладек янгилик ўргатадиган одам топилмагач, зерикишни бошлаганман. Ва Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги Мақомчилар ансамблига ишга ўтганман. Унга қадар Абдуҳошим ака кўп бор “Устоз, Моҳира мақомни маромига етказиб куйлайди, бизга ўтсин”, деганида ҳазил аралаш “Бу истеъдодни сени ансамб­линг учун тарбияладимми?” деб рад этарди. Эстрададаги илдам қадамларим сабаб, 1996 йил ўз хоҳишим билан Мақомчилар ансамблидан ишдан бўшадим. Устозимиз Абдуҳошим Исмоилов қайта-қайта аризамни йиртиб ташлаган. Охири хонасида йўқлигидан фойдаланиб, аризани столи устига қўйиб, эртаси кун­дан ишга бормаганман. Қисқаси, таклиф асосида Эстрада бирлашмасига ишга ўтиб, “Шоҳсанам” номли гуруҳ тузиб, шу йўналишда ижод қила бошладим. Ўша йили Янги йил оқшоми учун ёзилган “Шоҳсанам” қўшиғим оммалашиб кетганди. 1998 йил Германиянинг Штутгарт шаҳрида дунё юлдузлари диск чиқарадиган компаниядан таклиф тушиб, ижодим у ерга кўчди, 6 та диским чиқарилди ва бутун дунёга сотилди. “Истиқлол” санъат саройи ва Европа бўйлаб яккахон концерт дастурлари билан дунё кезганман. Нафақат юртимиз, балки хорижда ўтган халқаро фестивалларда бир неча бор Гран-при соҳибаси бўлганман. Лекин шунча ютуққа қарамай, ўзимни мақомчи, деб биламан.

1999 йил номаълум сабабларга кўра, давлат телерадиоканаллари клипларимни эфирга бермай қўйди. Бир эшик ёпилса, иккинчиси очилади, деб бежиз айтишмаган. Бахтимга чет элдан таклифлар ёғилди, хусусий телеканаллар очилди, ижодим давом этаверди. Йиллар ўтиб, қадримга ачина бошладим. Телевизорни ёқсам, истеъдодсизлар ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек кўпайган. Тарози палласини санъат эмас, шоу бизнес босиб кетди. Шу боис 2012 йил ўз хоҳишим билан санъатдан воз кечдим. Мулоҳаза қилиб, қўшиқда куйланганидек, “Кимлигимни эл билса бўлди”, муҳими мухлислар учун севимлиман-ку, деган хулосага келдим. Телевидениега пул тўлаб клип айлантириш орқали кимга нимани исботлайман? Ҳар куни томошабиннинг кўнглини оздириб, телевизорда чиқиш шарт ҳам эмас. Ахир Моҳира Асадова эътиборга тушган, ижодини халқ билади-ку!

"Аҳдимга содиқ қолдим..."

— Шахсий ҳаёт ҳақида кўп ҳам тўхталишни хушламайман. Моҳира Асадова бўлиб танилган кезларим, қўшним, синфдошимнинг ишқи тушиб қолган. Уйимдагилар рад этгани учун қайнонам ўртага анчагина одам қўйган, фойдаси бўлмаган. Охири отамни шахтидан қайтара оладиган амакимни ишга солиб, қайнонам ниятига етган. Беш йил яшаганмиз. Оила­да битта ўғил бўлган йигитга турмушга чиққаним боис қайнонам ўғлини жуда қизғанарди. Шу сабаб ўз хоҳишим билан у хонадондан бош олиб чиқиб кетдим... Кейин қайтиб турмуш қурмаганим бўлсин, дея аҳд қилдим ва cўзимда содиқ қолдим. Бир ўғлим бор! Истеъдодини билсам-да, санъат йўлидан боришига қарши бўлдим. Танловини маъқулламаганим учун Ёрқин иқтисод соҳасини танлади, янглишмади. Насиб бўлса, шу йил келин туширишни ният қилганман, бахтли кунлар арафаси­дамиз.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Машҳур хонанда 61 ёшида вафот этди

10.12.2019, 20:06

 Таниқли швед гуруҳи — «Roxette» солисти Мари Фредрикссон 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Швеция ОАВларига асосланиб хабар берилди.Dagens Nyheter нашрининг ёзишича, хонанда узоқ йиллар давомида саратон хасталигига...
ФАРРУҲ ЗОКИРОВДАН ТАНҚИД ЭШИТГАН ВА ТОҲИР СОДИҚОВ ДУЭТ КУЙЛАШДАН БОШ ТОРТГАН УМИДАХОН

11.08.2017, 16:04

"Даракчи" газетасидаги "10 қалтис савол" лойиҳасининг галдаги меҳмони профессионалмусиқий билимга эга хонанда УМИДАХОН... 1. “Умр ўтар”, “Юлдузимсан”, “Сендадур кўнглим” ва “Йўлимдан қоч”, “Сериал”, “Сафсата” қўшиқлари....
​ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИДАГИ БИРИНЧИ ИШ КУНИ ҚАНДАЙ ЎТГАНИНИ СЎЗЛАБ БЕРДИ

11.08.2017, 13:51

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков журналист Жасур Ҳамроев билан суҳбатда маданият вазиринингбиринчи ўринбосари сифатидагибиринчи иш куни қандай ўтгани ҳамда эндиликда ижодини давом эттириши...
​ВИА "МАРОҚАНД"ЧИ АБДУРАШИД УЙЛАНДИ(ФОТО)

08.08.2017, 10:55

7 август куни ўзбек шоу-бизнесининг икки вакили оила қурди. Пойтахтдаги "Осиё гранд" ресторанида Шоҳруҳхоннинг укаси, актёр Муҳаммадали ва Иродахоннинг висол оқшоми бўлиб ўтди. Шу куни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1