АсосийSUG'DIYONA

​Ҳуснга қаҳванинг нима даҳли бор?

'​Ҳуснга қаҳванинг нима даҳли бор?'ning rasmi

Баъзан то эрталаб бир чашка аччиқ қаҳва ичмагунимизча, уйқусираб юришимизни тан олмай иложимиз йўқ. Унинг биринчи ҳўпламининг ўзиёқ бутун танамизга хуш тароват бахш этади, кайфиятимизни кўтаради. Косметологларнинг таъкидлашича бу хушбўй қаҳва доначаларини қўллашнинг биз билган ва билмаган кўплаб усуллари бор экан. Бугун улардан айримлари билан яқиндан танишамиз.

Биласизми?

Целлюлитга қарши косметика, тери ва юз парвариши учун ишлатиладиган воситалар таркибининг аксарият қисмини қаҳва препаратлари ташкил этади. Улар терини ёшартириш, тонусини ошириш хусусиятига эга. Оддий туйилган қаҳва ёки қайнатилган қаҳва қуйқаси тайёрлданган ниқоб, скраб, лосьонлар ҳар қандай қиммат косметик воситадан кўра яхшироқ самара бериши мумкин.

Қаҳва ёрдамида озиш

Ёдингизда бўлса, олдинги сонларимизнинг бирида целлюлитга қарши воситалар, хусусан ўраш (обертывание) тўғрисида айтиб ўтган эдик. Қаҳва билан ўраш эса нафақат целлюлит балки баданнинг муаммоли жойларидаги ортиқча вазнни ҳам бартараф этар экан.

Бир хил миқдордаги ширин қизил қалампир ва аччиқ чили қалампирини эзиб, қаҳвамайдалагич ёки ҳовончада туйилган қаҳва доначалари билан 1:1 миқдорда аралаштиринг. Иссиқ душдан сўнг, баданингизнинг муаммоли қисмларини (қорин, биқинлар, сон) қаттиқ мочалка билан яхшилаб ишқаланг. Сўнг, тайёрланган қаҳва ва қалампирли аралашмани ҳўл баданингизнинг муаммоли қисмларига суртинг. Полиэтилен билан ўранинг. Устидан иссиқ кўрпа ёпиниб, 15 дақиқадан сўнг, ювиб ташланг.

Огоҳлантириб қўяйлик, жараён ёқимсиз бўлиши мумкин (аччиқ қалампир куйдиради). Лекин бу усул қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшилайди. Яна қаҳва ва қалампир липолитик (оздирувчи) хусусиятга ҳам эга. Курс ҳафтага 2 маротаба қўлланганда 1 ойда самарасини кўрсатади. Муаммоли қисмлардан 2-3 кг масса йўқолади.

Юз учун қаҳвали ниқоблар

Қаҳвадан қилинган ниқоб юздаги шишларни қайтаради, тетиклаштиради, терини таранглаштиради, сайқал беради.

  • Тайёрлаш учун: 2 чой қошиқ туйилган қаҳвага 0,5 чой қошиқ долчин қўшинг. Уни тўрт ош қошиқ қайнаган сув билан аралаштириб, ёғли асосга эга бўлган А витаминидан бир неча томчи томизинг. Юз ва бўйин қисмини қайнаган сув билан ҳўлланг. Аралашмани кўз атрофига теккизмай, бир хил қилиб суртинг. Устидан иссиқ нам сочиқни ёпинг. Шу тариқа 10-15 дақиўнг илиқ сувда ювинг.
  • Диққат! Бу ниқоб, фақат ёғли ва қуруқ юз териси учун тўғри келади. Таъсирчан юз терисида аллергик хусусиятларни пайдо қилиши мумкин.

  • Қайнатилган қаҳва остидаги 3 чой қошиқ қуйқани 2 ош қошиқ туйилган ёнғоқ мағзи билан қуюқ бўтқа ҳосил бўлгунича аралаштиринг. Тозаланган юз терисига енгил шапатиловчи ҳаракатлар билан суртинг. 10-15 дақиқадан кейин совуқ сув билан чайинг. Бундан сўнг, юзни артиш тавсия қилинмайди. Ниқоб таъсирчан юз териси учун тавсия этилади.
  • Юз ва бадан учун қаҳвадан скраб

    Қаҳва қуйқасини 2:1 миқдорда йогурт (ўртача ва ёғли юз териси учун) ёки ёғли творог (таъсирча ва қуруқ юз териси учун) билан аралаштиринг. Юз ва баданга суртиб, то терида ёқимли илиқ ҳарорат ҳис қилгунча уқаланг. Тери бироз қизариши керак. Сўнг, илиқ сув билан чайинг. Жараёндан олдин иссиқ душ қабул қилсангиз, теридаги майда тешикчалар очилиб, скраб яхшироқ самара беради.

    Сочлар жилосининг сири

    —Қаҳванинг фойдали хусусиятлари кўп, жумладан сочлар учун ҳам. У сочларни мустаҳкамлайди, учи «гуллаши»ни бартараф этади ва уларга соғлом жило бағишлайди. Бунинг учун бир чой қошиқ қаҳва кукунини 1 ош қошиқ қайноқ сув билан дамланг. 5 дақиқа тиндириб, 2 ош қошиқ 40 фоизли спирт, 2 дона тухум сариғи, 0,5 чой қошиқ канакунжут ёки зайтун ёғи қўшинг. Бир хил масса ҳосил бўлгунга қадар яхшилаб аралаштиринг. Нам ёки ҳўл сочга суртиб, 10 дақиқадан сўнг юмшоқ шампунь билан яхшилаб ювинг ва илиқ сувда чайиб олинг.

    Диққат! Ниқоб мала сочлилар учун тавсия қилинмайди.

    Гулноза Алимова

    Бошқа янгиликлар