— Тўлишибсизми? – Дугоналарингизнинг кўча кўйда, тўй-ҳашамда берадиган бу саволидан қанчалар юрагингиз безиллаб туришини биламиз!
– Наҳотки? Менга сезилмади, ёш ўтгандан кейин шундай бўлиши керак-да, – дея ўзингизни оқлаган бўласиз, сиз ҳам.
Ачинарлиси эса бир-икки такрорлаганингиздан сўнг шу чўпчагингизга ўзингиз ҳам ишониб қоласиз. Аслида, ортиқча вазнга ёшнинг қанчалик алоқаси бор? Ёшга қараб парҳез тутиш фойда келтирадими? Бу саволларга ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз!
15-25 ёшда парҳезга эҳтиёж йўқ
Бу даврда ёшлик, саломатлик ва гўзаллик доим ҳамроҳлик қиладигандек туюлади. Бироқ ўқиш, иш, оила, фарзандлар, ва ниҳоят, ўзимизга анчагина куч-қувват талаб қилинади. Бунинг учун темир, кальций ва фолий кислотасига бой маҳсулотлардан кўпроқ тановул қилишимиз даркор. 25 ёшгача организмимизнинг 40 фоизини мушак массаси, 10 фоизини эса ёғлар ташкил этади. Бу вақтда қоматни турли парҳезлардан кўра, жисмоний машқлар билан кўркамлаштирса ҳам бўлади.
25-35 ёшда парҳез шарт эмас, “енгил тамадди” кунлари
Фарзандли бўлгач, онанинг суяклари мўртлашиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун таомномага сут маҳсулотлари, творог, қатиқни киритиш даркор. Шуниндек, крахмалга бой картошка ва макаронни сабзавотларга алмаштирган маъқул. Бу ёшда организмнинг оқсилга бўлган талаби ортади. Таомлар мазасини майонез ёки кетчуп билан яхшилашга уринманг, қоматга зарар етказади. Нон маҳсулотларини камроқ тановул қилинг. Тўйиб овқатланишга тўғри келган кунларнинг эртасигаёқ организмга бироз дам бериб, “қатиқли”, “гуручли” ёки “олмали” кунлар уюштириш ҳам фойдали. Қизил сабзини кўпроқ истеъмол қилинг, унда терининг ёш кўринишига сабаб бўладиган каротин моддаси бисёр.
35-45 ёшда серотонин керак!
Бу даврга келиб, организмда моддалар алмашинуви секинлашгани боис атеросклероз хасатлиги хавфи ортади. Шу сабаб, холестерин миқдорини камайтириш лозим. Бунинг учун таомномадан думба ёғи, сарёғ, жигар, тухум каби маҳсулотларни чегаралаш зарур. Психотерапевтлар бу ёшни кескин ўзгариш(кризис)лар даври ҳам дейишади. Серотонин (қувонч) гормони кўпайиши учун магнийга бой егуликларга ихтиёр берган афзал. Бироқ серотонин сероб деб, шоколадга ружу қўйиш ярамайди. Курка гўшти, қизил булғор қалампири ва сули ёрмаси серотонин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Хотира сусаймаслигига турли ёнғоқлар фойда беради.
45 – 50 ёшда руҳ моддаси талаб қилинади!
Бу ёшда аёл организмида гормонал ўзгаришлар кузатилади. Танамизда сув йиғилади. Бу эса қоматга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шу боис сувни ўзига яхши сингдириб оладиган маҳсулотлар, масалан, гуручни кўпроқ ейиш мақсадга мувофиқ. Яна ҳужайралар қаришини секинлаштириш учун руҳ моддасига бой денгиз маҳсулотларидан кўпроқ тановул қилган маъқул. У нафақат иммун тизимини яхшилайди, балки асабни ҳам тинчлантиради.
50 ёшдан кейин ...
50 ёшга келиб, моддалар алмашинуви янада секинлашади. Организмда аёллик гормони — эстроген ишлаб чиқарилиши деярли тўхтайди. Бу эса ёғ ишлаб чиқарилишига туртки бўлади. Натижада тери остидаги ёғ қатлами қалинлашади. Демак, фитоэстроген ўсимликлар: жўхори, олма, ловия, исмалоқ ва сабзи каби маҳсулотларни кўпроқ тановвул қилиш лозим. 50 ёшдан сўнг ҳар қандай парҳез, айниқса, кам каллориялилари саломатлик учун ҳавфли. Ёғли таомларни эмас, оқсилга бой бўлган дуккакли ўсимликларни таомномага қўшган маъқул.
Саодат тайёрлади.