— Коллежни тугатганимга ҳам икки йилдан ошди. Шу кунгача на бирор ишнининг бошини тутдим, на ўқишга кира олдим. Отам ўзим истаган йўналиш бўйича ўқишга киришимга қаршилик қилмоқда. Айтишларича, қиз бола олий маълумотли бўлиши шарт эмас экан, турмушга чиқиб фарзандларни дунёга келтирса, шунинг ўзи етарли эмиш. Мени ҳам узатиб юбориш ниятидалар. Лекин мен ҳаётда ўз ўрнимни топишни истайман. Ота-онамни кўндириш учун нима қилай?
Суғдиёна, 19 ёш, Тошкент вилояти.
Қайнонажон: — Она қизим, ақлли, доно қизим! Ота-онанинг кўнглига йўл топиш яхши фарзанднинг мурод мақсади ҳисобланади. Ота-она эса фарзандига сира ёмонликни раво кўрмайди. Баъзида атроф-муҳит, турли вазиятлар инсонни ўзи истамаган ишларни қилишга мажбур қилади. Айниқса, қиз бола тақдири масаласида. Агар отангиз, истакларингизга қарши чиқаётган бўлса, ўртага бобо-бувингиз, ишонган амма-холаларингизни қўйинг. Уларни кўндиришга қаттиқ бел боғланг. Олдингизга қўйган мақсадингиздан чекинмасангиз, ўша мақсад сари тинмай ҳаракатлансангиз, бугун бўлмаса, эртага, албатта, ниятингизга етасиз. ҳаётда турли вазиятлар бўлар экан. Мен бир қизни биламан, мактабни битиргач ўн йил ўтиб, олийгоҳга ўқишга кирди. ҳозирги кунда ишлаб, кўпчиликка нафи тегяпти. Сабрни, ҳаётда олға интилишни ана шу қиздан ўргансак арзийди. Келажагингиз порлоқ бўлсин, асал қизим.
Гулнора МУХТОРОВА, руҳшунос: — Биласизми синглим, инсон ҳаётда ўз истакларини бошқаларга тушунтира олишни ўрганиши жуда муҳим. Гапларини бош эгиб, жимгина тинглаб ўтирган қизини кўрган ҳар қандай ота ҳам “Қизим шу танловга рози экан” деб ўйлаши табиий. Ахир унга кўнглингиз вайрон бўлаётганини тушунтирмасангиз, хаёлингизда нималар кечаётганини айтмасангиз, уларни отангиз қаердан билсин?! Биринчи галда отангизга истакларингизни тушунтиринг. “Отажон, келгусида юзингизни ёруғ қиламан, илм ўрганаман, касб эгаси бўламан, укаларимга нафим тегади” деб айтинг. Агар отангиз гапларингизга кўнмаса, яқин устозингизни ишга солинг, улар қанчалик илмга чанқоқ эканингизни айтиб, ўқишни давом эттирсангиз, келажакда олима бўлиб етишишга салоҳиятингиз борлигини айтишсин. Тажрибамда ота-оналар бу борада атрофдагиларнинг, айниқса, устозларнинг гапларини тинглаб, амал қилганларни кўп бор кузатганман.
Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди.