Ҳар қандай аёл ёнида омадли, топармон-тутармон, ишончли эркак бўлишини истайди. Лекин истакларимиз доим ҳам амалга ошавермайди. Баъзида эрлар ишсиз, пулсиз қолишади, ишлари юришмайди. Ақлли аёл буни вақтинча ҳолат деб сабр қилади, доно аёл эса турмуш ўртоғини янги марраларни забт этишга илҳомлантиради. Хўш, эркак яхши пул топиши учун аёл нима қилиши керак?
Эркак бир аёлнинг олдида омадсиз, бошқа бир аёл билан яшаганда эса муваффақиятли бўлиб қолиши кўп кузатилади. Бу ерда аёлларнинг эрларига таъсири, уни юксак мақсадлар сари ундаши, илҳомлантириши, рағбатлантириши ҳақида гап кетаяпти. Улар қандай аёллар? Нима қиладиларки, эрлари омадсиз инсондан тоғларни талқон қилишга қодир суперменларга айланиб кетадилар?
Қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, масаланинг ечими ҳам эр, ҳам хотинга бирдек боғлиқ. Қуйида биз эр кўп пул топиши учун нима қилиш керак деган масалани ҳар икки томон нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.
«Ўзим ишламасам бўлмайди!»
Аёллар эрлари кўп пул топишини истаган ҳолда, уларни муваффақият сари рағбатлантиришни билмайдилар. Масалан, оилада моддий қийинчилик бошланган пайт бир тоифа аёллар сабр қилиб, ҳар нарсани тежаб, рўзғор юкини зиммасига олади, икки-уч жойда ишлайди, тунлари ухламайди, хуллас, оилани ўзи таъминлашга ҳаракат қилади. Бошқа тоифа аёллар эса, аксинча, бундай эрнинг боридан-йўғи дея ажрашиш ва янги оила қуриш фикрига тушадилар. Бу икки чегара ҳам маъқул эмас, ўрта йўлни танлаш керак. Яъни ақл билан эрни йўналтириш, жойидан қўзғатиш лозим. Ҳа, бировни ишлатиш ўзингиз ишлашдан кўра қийинроқ. Бироқ эркак ишлаб пул топиб келмас экан, оилада барака бўлмайди. Хўш, нима қилмоқ керак?
Хоҳланг. Янги кўйлак керак эмас, эскиси ҳам бўлаверади десангиз, эрингиз ҳеч қачон сизга кўйлак олиб бериш учун ишлаши кераклигини ўйламайди. Сиз сўрамасангиз, у бермайди. Демак, исташ ва сўраш керак.
Рағбатлантиринг. Хоҳламоқнинг ўзи етарли эмас. Истакни амалга ошириш учун имкон ҳам топмоқ керак. Бу ўринда имконни сиз эмас, турмуш ўртоғингиз топиши керак. Сиз эса уни шунга рағбатлантирмоғингиз лозим.
Тўғри тежанг. Албатта, эрингизнинг бутун ойлигига битта туфли сотиб олинг демаймиз. Аммо «Арзон беиллат бўлмас» деган мақолни ҳам унутманг. Сифат ва нарх мезонини тўғри ушланг. Қолаверса, харидингиздан мамнун бўлсангиз, бу жуфтингизнинг ҳам ўзига баҳоси ва ишончини оширади. Унга нима учун ишлаши кераклигини кўрсатади.
Орзуларингизни амалга оширинг. «Айфон»ни орзу қиляпсизми? Сотиб олинг! Майли, бошланишига у эскироқ версияси, майли ишлатилган телефон бўлақолсин. Лекин бу амалга ошган орзу сифатида қимматли бўлади. Орзуларимизнинг рўёбга чиқиши эса бизга ишонч, қувват ва хушкайфият беради. Эскироқ, аммо исталган авто, нархи туширилган, бироқ болаликдан орзу қилинган мебель – буларнинг бари хонадонингизни ижобий энергия билан тўлдиради. Қарабсизки, пуллар насибага яраша оқиб келаверади. Ниятни бутун қилинг.
Эрингизга ўргатаверманг. Унинг елкасида ўз калласи бор. Ундай қилинг, бундай қилинг деяверсангиз, унинг ижодий фикрлаш, фаҳмлаш қобилиятини сўндириб қўясиз. Сиз вазифа қўйинг, маррани кўрсатинг, бўлди, уни қандай забт этишни эса ўзи ҳал қилсин. Шундагина у ғалаба завқини ҳис этади.
Турмуш ўртоғингизни қадрланг. Бу унинг сиз учун қилаётган ишларини қадрлаш демакдир. Агар айни дамда уни мақташга асос топа олмаётган бўлсангиз, ўтмишга қаранг, албатта, ғалаба қозонган, иши ўхшаган, муваффақиятга эришган пайтлари бўлиши керак, ўшалар учун уни қадрланг.
Кўкка кўтаринг. Бу эркаклар орияти учун малҳамдек нарса. Ҳар қандай эркак аёли назарида юксак баҳоланишни истайди. Аёлларга муҳаббат ва эътибор қанчалик керак бўлса, эркаклар учун мақтов ва кўкларга кўтарилиши шунчалик зарур.
Ҳурматини жойига қўйинг. Албатта, ҳар нарсани эрингиздан яхшироқ билиб ва қилиб турган ҳолатингизда уни ҳурмат қилиш бироз қийинроқ. Унга қарор қабул қилиш имконини беринг, ишонинг ва қарорини ҳурмат қилинг.
Унга бошқарувни беринг. Лидер, ҳимоячи роли эркакларга тегишли, бу уларнинг ҳуқуқи ва имтиёзидир. Сиз эрим оилани боқа олади, деб юз фоиз ишонган кунингиздан бошлаб у рўзғорни таъминлай олади. Бу билан умр йўлдошингиз ўзининг нақадар керакли инсон эканини ҳам ҳис этади.
Оила бюджетини унга топширинг. Эр рўзғор учун жавобгар экан, пулни қандай топиш йўлларини ўзи ҳал қиларкан, демак, қандай сарфлашни ҳам у билади. Унга ғазнани ишонинг. Агар топганини тийинигача санаб олиб, ўзингиз сарф-харажатларни назорат қилар экансиз, ҳеч қачон рўзғор учун масъулият бутунлай унинг зиммасига ўтмайди. У ойлигини олиб келиб беради, холос. Етмаган жойини ўзингиз тўлдиришга мажбур бўласиз.
Ўзингизда аёллик сифатларини ривожлантиринг. Аёллар эгилувчан, нозиктабиат ва айёр мавжудотдир. Яратган аёлга инжа фаросат ва тезкор фаҳм берган. Эрни таъналар, талаблар билан арраламаслик, аксинча айланма йўллар билан ўз истагингизни унинг мақсадига айлантиришингиз керак. Сиз ҳовлили бўлиш ҳақида орзу қилаяпсизми? Демак, оилангиз, фарзандларингиз ва эрингизнинг ўзи учун ҳам бу зарур эканига уни ишонтиришингиз керак.
Эркаклар ҳам ўз ҳақиқатлари бор!
Юқорида келтирилган маслаҳатларга эркаклар умуман эътироз билдирмасалар керак. Улар аёлдан доим ҳамдардлик, ҳамжиҳатлик, ишонч ва меҳр кутадилар. Аёллари уларни ҳар ишда қўллаб-қувватлашини ва доим мақтаб, рағбатлантириб туришини истайдилар. Умр йўлдошлари ўз эҳтиёжларини қондириш учун фақат ўзларига мурожаат этишини, бировга зор бўлмаслигини истайдилар. Аёлининг эҳтиёжлари эркак учун асосий рағбат манбаидир.
Эркаклар кўпинча биринчи мағлубиятдан сўнг тарвузларини қўлтиқдан ташлаб, камҳафсала бўлиб қоладилар. Шундай пайтда аёл киши уни куч бағишлай олиши керак.
Лекин эркакларнинг аёллар фикрига қўшилмаган жиҳатлари ҳам бўлса керак. Ахир ҳар масалада якдил бўлганларида оилавий низолар умуман келиб чиқмасди-ку.
Эркаклар аёл туфайли муваффақиятга эришдим деган фикрни умуман қабул қилмайдилар. Улар учун барча зафарлар фақат ўз меҳнатлари, аққлари ва жасоратлари натижасидир. Тамом, вассалом!
Шунга қарамай, ҳар қандай эркак ҳам уйлангач, бола-чақа орттиргач, кўпроқ пул топа бошлаганини тан олади. Бу ҳолни эркаклар жуда осон, шу билан бирга, қизиқарли тарзда изоҳлайдилар.
Эркаклар боласи учун ҳар нарсага тайёр! Аёл ҳомиладор бўлиб, бу ҳақида эрига маълум қилган кундан бошлаб унда рўзғор таъминловчиси масъулияти ортади, у имкон қадар кўпроқ пул ишлаб топиш ҳаракатига тушиб қолади. Қўшимча иш топиш, мансабда илғорлаш йўлларини излаш, ўз бизнесини очиш пайига тушади.
Аёл уйини саришта, болаларни озода тутиб, ўзини парваришламас, яъни ўз вазифаларини бажармас экан, эркак ҳам уйга пул олиб келишни камайтара бошлайди. Ёки аксинча, эр кўпроқ топиб келади, хотин рўзғорни шинамроқ қилади. Хуллас, бир-бирига боғлиқ ёпиқ ҳалқа.
Бу ҳақиқатлар етук инсонларга тегишли. Жисман ўсса ҳам, ақлан бола бўлиб қолган, масъулиятни зиммага олишни истамайдиган, ҳамон онасининг чизган чизиғидан чиқмайдиган эркакларга ҳеч нима рағбат бўла олмайди, афсус!
Хулоса қиладиган бўлсак, рўзғор бут, фаровон бўлиши учун ҳар ким ўз ўрнида ўз вазифасини бажариши керак. Аёл эри кўп пул топишини истайдими, эрини кўп пул топишга рағбатлантирсин. Эркак уйда тинчлик, хотиржамлик бўлишини, болалари ҳеч нимага зориқмаслигини хоҳлайдими, демак, ҳаракатини қилсин. Иш тополмаяпман деб диванга ёнбошлаб олиш эркакка, эрим ишламаяпти, оилани ўзим боқишим керак, деб ҳамма юкни нозик елкаларга олиш аёлга ярашмаганидек, оила учун ҳам кони зарардир. Ўзаро таъналарни, айбловларни йиғиштириб, ҳар икки томон ҳам ислоҳни ўзидан бошлаши керак.
Шаҳноза СОАТОВА