АсосийSUG'DIYONA

ҚИЗЛАР КУНДАЛИГИ: «ЮРАГИМ БОҒЛАНГАННИНГ БОШИ БОҒЛАНГАН!»

'ҚИЗЛАР КУНДАЛИГИ: «ЮРАГИМ БОҒЛАНГАННИНГ БОШИ БОҒЛАНГАН!»'ning rasmi
Таҳририятга қўнғироқ қилган 21 ёш қизгинанинг гапларини эшитинг: «Мен Бобур акани 2 йилдан бери танийман. Жуда меҳрибон, ақлли, келишган йигит. Олий маълумотли, машинаси, яна хусусий дўкони ҳам бор. Биз у киши билан кафеда танишган эдик. Дугонам иккимизга ҳиммат кўрсатиб, тушлик харажатларини тўлаганди. «Пайнетдан тўларсизлар», деб ҳазил аралаш телефон рақамини қоғоз сочиқчага ёзиб берган эди. Икки ойгача унга қўнғироқ қилишга уялиб юрдим, сўнг қизиқишим устунлик қилиб, гаплашдим. Шундан бери телефонда, ижтимоий тармоқларда суҳбатлашардик. Мен унга бутунлай боғланиб қолгандим. Айтарли учрашмаганмиз, фақат тўй-ҳашамдан қайтаётганимда «Қоронғида юрманг», деб бир-икки марта уйимгача олиб келган, холос. Охирги пайтлар билса чин, билмаса ҳазил деб, «Келинойиздан сўрай», «Келинойиз нима деркан» деган гапларни кўп ишлата бошлади. Шубҳаланиб юрган вақтимда бир аёл қўнғироқ қилиб, хаёлларимни остин-устун қилиб юборди. Мени бировнинг оиласини бузадиган жувонмаргдан олиб кўчадаги енгилтак аёлга солди. Дарҳол Бобур акага қўнғироқ қилиб, изоҳ талаб қилдим. У ишхонамга келиб, тиз чўккудек бўлиб кечирим сўради. «Хотинимни ёмон кўраман, у билан бир уйда яшамаймиз ҳам, фақат болам учун чидаб келаяпман. Мен бахтимни энди топдим, илтимос, мени ташлаб кетманг», деди... 2 йилдан бери хаёлларим, орзуларимни бағишлаган инсонимни тақдир менга кўп кўраяпти. Нима қилай, унга ишонайми?»

«SUG‘DIYONA» нима дейди?: — Азиз мухлис, қўйинг, бу ёлғон савдода иштирок этманг! Йигит қанчалик яхши кўринмасин, ҳақиқат шуки, у сизни алдади. Келинг, ҳолатингизни ҳар томонлама таҳлил қиламиз. Сиз бу йигит билан алоқани давом эттириб нималарга эришасиз ва нималарни йўқотасиз?

Сизни ҳеч ким оқламайди, қўллаб-қувватламайди ҳам.

Ҳамма айбни ўзингизни тўнкашади. Оилали эркаклигини бошида билмаганингизни ҳеч кимга исботлаб беролмайсиз.

Исталган пайт хотини келиб, маҳалла, ишхонангиз олдида тўполон қилиб, бўлмаган ишлар учун шармандангизни чиқариши мумкин.

Оилали эркак билан фақат «SMS»лашиб юрганингизга биров ишонмайди, чунки одамлар тасаввурида уларни музқаймоқ ялаб юришга тоқати йўқ. Демак, шаънингиз, номусингиз тўла хавфда қолади.

Ўйламанг, ҳеч қандай муносабат, ҳатто, севги ота-онанинг фарзандига бўлган муҳаббатидан устун бўла олмайди. Бобур боласи учун яшаб юрганини айтдими, демак, сиз ҳам айнан мана шу бола учун ёлғончи туйғуларингиздан воз кечинг!

Наҳотки, сизни тўлақонли бахт қизиқтирмаса? Наҳотки кимдандир қолган кўйлакдан бошқасини топа олмайсиз? Майли, у Бобурнинг имкониятларига, ютуқларига эга бўлмасин, аммо турмушга чиқадиган йигитингизнинг ўтмиши ҳам, келажаги ҳам сиз билан бошлансин!

«Йигитни бошқара оламан, истасам, у билан ўзим оила яратаман», деб хомтама бўлманг. У исталган пайт яна ортига қайтиб кетиши мумкин, чунки борадиган жойи — биринчи оиласи бор.

Уйланган ошиқлардан огоҳ бўлинг!

Тўғри, улар қиз боланинг кўнглини олишни, унга қачон, қаерда қандай муомала қилишни яхши билишади. Шунинг учун ҳам қизлар бундайларнинг қармоғига тезда илинади.

Бошқалардан ажралиб туради, чунки севишимни айтсамми-айтмасамми деб иккиланадиган бўз йигит эмас-да! Улар аллақачон пул топади, оила боқади, ортганини қизларга сарфлашни истаб қолган бетийиқ романтиклар, холос.

Энг катта огоҳлантирувчи белги бу, унинг ёшидир. Уйланган-у, аммо оиласидан кўнгли тўлса-тўлмаса, яна ўзига кўчадан «ёр» излаш даврига етиб келгунча йигитнинг ёши 30 га яқинлашиб, баъзан ошиб қолади.

Агар сиз унга истаган пайт қўнғироқ қила олмасангиз, у ҳам кўпинча сиз билан яширинча гаплашса, билингки, тўй кўрмаган йигит эмас, кимнингдир эри бўлиши мумкин.

«Оиламдан ажрашиб, сенга уйланаман. Биз бир-биримизни кеч топдик», деган дийдиёларга ишонманг! Ҳатто сўзининг устидан чиққан тақдирда ҳам бундай ҳаётдан бахт топиб яшаш амримаҳол. Кўзингизни очинг, қизлар!

Азиза ҚУРБОНОВА

Манба: "SUG‘DIYONA" газетаси

    Бошқа янгиликлар