1

Ўзбекистон-Туркманистон қатор ҳужжатлар имзолади

ЖАМИЯТ 26.11.2013, 00:09
Ўзбекистон-Туркманистон қатор ҳужжатлар имзолади
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Туркманистон раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан 25 ноябрь куни етиб келди.
 
Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бу галги Тошкент учрашуви олий даражадаги самарадор ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.
 
Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан кейин Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка суҳбатида Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига доир кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
 
Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, Туркманистон раҳбарининг ушбу ташрифи ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик, яхши қўшничилик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларга янги суръат бахш
этиши таъкидланди.
 
Ўзбекистон ва Туркманистон БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида изчил ҳамкорлик қилиб келаётгани, мамлакатларимизнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммоларга ёндашувлари,  қарашлари ўхшаш ва яқин экани қайд этилди. Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этдилар.
 
Президентлар икки томонлама ҳамкорлик стратегияси ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан ўзаро келишилган позиция ишлаб чиқиш мақсадида олий даражадаги учрашувларни мунтазам давом эттиришга келишиб олдилар.
 
Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокарани Ўзбекистон ва Туркманистон расмий делегациялари аъзолари иштирокида давом эттирдилар.
 
Икки мамлакат ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратади. 
 
Кейинги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробардан зиёдроқ ўсиб, 2012 йил якунларига кўра 450 миллион АҚШ долларидан кўпроқниташкил этди. Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, полиз маҳсулотлари, электрик ва механик ускуналар, транспорт воситалари, қора ва рангли металлардан ишланган буюмлар ва турли соҳадаги хизмат кўрсатишдан иборат.

Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари, сульфат кислота каби товарлар келтирилади.
 
Ўзбекистон томони 2012 йилда имзоланган Ўзаро етказиб бериш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда 2013-2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага мувофиқ икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш ва уни диверсификация қилиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. 
 
Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодий ҳамкорлигида транспорт коммуникациялари устувор жиҳат саналади. Икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари яхши интеграциялашган тизим бўлиб, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки учинчи давлатлар учун ҳам қулай транзит мажмуи вазифасини ўтамоқда. 2013 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон ҳудудидан Туркманистонга тегишли 304,9 минг тонна юк ташиб ўтилган бўлса, ушбу давлат ҳудудидан юртимизга қарашли 283,8 минг тонна юк олиб ўтилди. Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро келишилган тариф сиёсати юритиш икки томон салоҳиятини тўлиқ юзага чиқарибгина қолмай, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг учинчи давлатлар учун жозибадорлигини ҳам оширади.
 
Ўзбекистон томонининг фикрича, Эроннинг Бандар Аббос ва Туркиянинг Мерсин бандаргоҳлари йўналиши бўйича Туркманистон коммуникацияларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш учун тарифларни оптималлаштириш, қулай преференциялар жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, мамлакатларимизнинг Форс кўрфази портларига чиқишини таъминлаш учун Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон-Қатар халқаро транспорт ва транзит йўлагини барпо этиш тўғрисидаги битимни изчил ва тизимли равишда амалга ошириш зарур.
 
Мамлакатларимиз халқаро миқёсдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида катта тажрибага эга.

2009 йилнинг декабрь ойида ишга тушган Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой газ қувури бунинг ёрқин тасдиғидир.
 
Музокарада қўшма корхоналар, миллий фирма ва компаниялар ваколатхоналарининг сонини кўпайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Масалан, Ашхобод шаҳрида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича Туркманистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Хўжалик субъектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги амалий қадам бўлган мазкур корхона икки мамлакат бу борада талай имкониятларга эга эканини намоён этади.
 
Туркманистон томони “Навоий”, “Жиззах”, “Ангрен” иқтисодий зоналари билан таништирилди.  
 
Музокарада агросаноат мажмуи соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тўлиқ амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Бу битим қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб бериш, пахтачилик ва ғаллачилик, ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоялаш, селекция, кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришни назарда тутади.
 
Музокарада сайёҳлик соҳасида мамлакатларимиз улкан имкониятларга эга экани таъкидланди. “Буюк ипак йўли” сайёҳлик лойиҳаси доирасида комбинациялашган саёҳатлар ташкил қилиш орқали бу соҳадаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди. 
 
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Маданий-гуманитар соҳада 2014-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Жиноий йўл билан орттирилган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
 
Шунингдек, икки мамлакатнинг кимё саноати ва туризм компаниялари, ахборот агентликлари, товар-хомашё биржалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
 
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар очиқ, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида, ишчан кайфиятда ўтганини, эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар. Ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида манфаатлар ва қарашларнинг муштараклиги, шунингдек, муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан позиция ва ёндашувлар ўхшаш ва яқинлиги яна бир карра ўз тасдиғини топгани қайд этилди.
 
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.
 
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1