Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги раҳбарияти мамлакатда футболни тубдан ислоҳ қилишнинг янги режаларини ишлаб чиқаётгани ҳақида аввал хабар бергандик.
Федерация президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий тамойилга эътиборни кучайтиради. ЎФФ матбуот хизмати ушбу устунларни санаб ўтди.
Биринчи устун бу мусобақалар бўлиб, ЎФФ байроғи остидаги мусобақалар ўтказилиши савиясини ОФК стандартлари ҳолатига олиб келиш, терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини янги босқичга олиб чиқиш бирламчи вазифа қилиб қўйилади.
Иккинчи устун эса, техникавий ривожлантириш масалалар бўлиб, унга болалар ва ўсмирлар, оммавий футбол, аёллар футболи, футзал ва пляж футболини ривожлантириш, мураббийларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар киради.
Учинчи устун эса ПФЛ ва ҳудудий федерациялар фаолиятини кучайтиришбўлиб, унда асосий эътибор, футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги мусобақаларини ўтказиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ЎФФнинг аъзолари ҳисобланган 14 та ҳудудий федерациянинг мамлакат футболини ривожлантиришдаги роли ва даҳлдорлигини оширишга қаратилади.
Тўртинчи устун эса, халқаро муносабатлар бўлиб, бу жабҳада асосан ФИФА, ОФК, УЕФА ва бошқа конфедерациялар, ҳудудий федерациялар, миллий федерациялар билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш, муваффақиятли синовдан ўтган халқаро тажрибаларни ўзлаштириш масалаларига эътибор қаратилади.
Федерациянинг янги раҳбарияти ушбу 4 устунга элтадиган зинапоялардаги бошқа соҳаларни ҳам такомиллаштириш йўлидан боради. Бу ҳакамлар, жамоатчилик билан алоқалар, молия, юридик ва хизмат кўрсатиш масалалари каби узвий боғлиқ соҳалардир.