АсосийSUG'DIYONA

АНДРЕЙ МЯГКОВ. ТАҚДИР БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАЙДИГАН АКТЁР

'АНДРЕЙ МЯГКОВ. ТАҚДИР БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАЙДИГАН АКТЁР'ning rasmi

« — Нима қилаяпсиз ўзи?

  • Кетаяпман...
  • Ахир қолишга баҳона қидираяпсиз-ку...
  • Ҳа, тўғри, лекин тополмаяпман...
  • Мен эса сизни олиб қолишга важ тополмай ҳалакман. Энди нима қилдик?»

Ҳар Янги йил куни экранларимиздан янграйдиган муҳаббатнинг бир қарашда оддий, аммо жуда самимий изҳори бу! Англаганингиздек, байрам кайфияти сизни йил давомида тарк этмаслигини тилаган ҳолда, кутил(ма)ган меҳмонингиз Женя Лукашин — Андрей МЯГКОВнинг ҳаётига назар соламиз.

Миллионлаб томошабинлар ойнайижаҳон қаршисига михланиб, «Тақдир ҳазили»ни кўраётган бир пайтда севимли Лукашинимиз телевизорни ўчиради. Йўқ, йўқ, бу ролидан қониқмаслик ёки қаҳрамоним кўришга арзимайди, деган ўйдан эмас. Араз! Уни Лукашин санашларини жини суймайди. Ахир улар тамоман икки хил дунё! Актёр ҳаммомга боришни ҳам, ичишни ҳам ёқтирмайди! Энг муҳими, Андрей Мягков ҳеч қачон севган аёлини ташлаб, бошқасининг этагидан тутиб кетмайди. Уларнинг ягона ўхшашлиги — Мягков ҳам, Лукашин ҳам гапга тўн кийдирадиганлардан...

«От айланиб, қозиғини топади...»

Андрей Мягков 1938 йил, 8 июлда Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербург шаҳрида, профессорлар оиласида дунёга келган. Шу сабабми, бошқа кўп санъаткорлардан фарқли ўлароқ бўлажак актёр мактабда аниқ фанлардан аълочи эди. Юқори синфларда ўқиётганида драма тўгарига ёзилган ва мактаб саҳнасида бош ролларни қойиллатиб ўйнаган эса-да, актёр бўлиш хаёлининг бир учига ҳам келмасди. Мактабни тугатгач, кимё-технология институтига ўқишга кирди. Ва тўрт йил давомида ҳеч томонга оғишмай ўқиди! Аммо тақдири, барибир, уни тинч қўймади. Ўқишни тугатган йили МХАТ мактаб-студияси талантларни излаб, танлов эълон қилди. Қарангки, Андрей уч синовдан ҳам ўтиб, ўқишга қабул қилинди. Бу тақдирнинг ҳазили эмас, ҳақиқий туҳфаси эди. Ахир уни Москвада дунёга машҳур бўлгувчи қаҳрамонларигина эмас, муҳаббати ҳам кутарди...

«Лукашин бошимга битган бало!»

Мактаб-студиясида ўқишни тугатгач, қаҳрамонимиз «Совреминник» театрига ишга киради. Театр саҳнасидаги карьераси билан кинога таклифлар бир пайтда бошланади. Айниқса, «Ака-ука Кармазовлар» фильмига таклиф қилишганида, актёр роса иккиланади. Ахир кимсан Ульянов, Лавров, Адоскинлар билан камера қаршисида елкама-елка туриши керак. Ҳаяжонланмай бўладими? Аммо бизнинг Мягков уддалади, ролини қойиллатди!

Чин ва кенг маънодаги машҳурлик эса унга 37 ёшида кулиб боқди! Аслида, Андрей Мягков машҳурлик сўзини умуман ёқтирмайди ва машҳур бўлишни ҳеч қачон истамаган. Бу шунчаки нокамтирлик эмас, ўзига яраша характер ҳосиласи. Мақолани ўқиш давомида бунга сиз ҳам амин бўласиз.

Хуллас, москвалик дайдини ўйнашга талабгорлар кўп эди. Айниқса, Андрей Миронов тиш-тирноғи билан шу ролни ижро қилиш учун курашарди. Аммо афсонавий режиссёр Рязанов унинг қиёфасида Лукашинни кўра олмади. Басавлат, ўзига бино қўйгандек кўрингувчи Миронов икки дунёда ҳам томошабинни, айниқса, аёлларни Лукашин эканлигига ишонтира олмайди. Андрей Мягков эса синовдаги бир ижроси билан Рязановнинг иккиланишларига нуқта қўйди: мана, ўша Лукашин!

«Эҳ, бу хирапашша Лукашин бошимга битган бало бўлишини билмаган эканман. Ахир фильм премьерасидан кейин қушдек енгил бўлолмадим. Кўчада бемалол юролмай қолдим. Худди ёмон бир иш қилиб қўйгандек бошимни эгиб юришга мажбурман. Дўконга кирганимда ҳам шапкам билан қора кўзойнакни ечолмайман, одамлар дарров таниб қолишарди-да, «Вой, Лукашин», дейишарди», дея эслайди актёр. Ана холос, пишди гилос!

Мягковнинг почта қутиси ҳар куни хатларга тўлиб кетарди. Аёллар мактубларининг бирида учрашишни сўрашса, бирида бирга расмга тушишни илтимос қилишарди. Ҳатто, битта мухлисаси актёрга йигирма йил мактуб ёзади.

Янги йил куни юзларимизга табассум югуртирадиган, қалбимизга илиқлик бахш этадиган Лукашини яхши кўрмай бўларканми, ўзингиз айтинг?!

Орадан ўттиз йил ўтиб, «Тақдир ҳазили»нинг иккинчи фаслига Мягковни таклиф қилишади. Актёр жон деб таклифни қабул қилади, ахир қаҳрамони бахтли, ўзига ишонган ва ҳушёр эди-да, худди ўзидек!

Пешанаси ярқираган Новосельцев

Рязанов актёрнинг истеъдодини тўлақонли экранга олиб чиққан режиссёр. «Тақдир ҳазили», «Ишдаги ишқ», «Гараж», «Шавқатсиз романс» — бир-бирини такрорламайдиган қаҳрамонлар.

«Ишдаги ишқ» фильмини суратга олишдан олдин Андрей режиссёрга қатъий шарт қўйди: «Новолсельцев Лукашинга ўхшаб қолмасин!»

Шу важдан Мягковнинг пешанасини ярқиратишди, кулгили мўйлов ёпиштиришди, камига кўзойнак ҳам қўндиришди. Новолсельцев қиёфасида кўзгуга боққан Мягковнинг аёллар уни бу афтодаҳол ва кулгили башара билан севиб қолмасликларига ишончи комил эди. Чучварани хом санаган актёр ўшанда қаҳрамонидек меҳнаткаш, содда, кўнгли очиқ ва болажон эркак аёл зотининг кўнглини забт этишини билмаган чоғи.

Режиссёр, ёзувчи ва рассом

Бетакрор истеъдод эгаси Андрей Мягковни ҳамкасблари «Ақлли инсон ва ақлли актёр», дея таърифлашади. Ва албатта, серқирра ижодкор. У анча йил муқаддам Александр Галиннинг «Ретро» драмасини саҳналаштирди. Танқидичиларнинг таъкидлашича, жуда кучли ва ўйга толдирадиган саҳна асари бўлган. Мягковнинг ўзи эса «Менинг ҳаётим ажойиботларга бой. Фақат уларни кўпроқ кутишимга тўғри келади», дейди сочига оқ оралаганда театр ишига қўл ургани ҳақида.

Актёрнинг детектив жанрдаги асарлари китоб шаклида нашр қилинган, ўқувчилар томонидан муносиб баҳоланган.

Бундан ташқари, у расм чизади. Мўйқалам билан мольбертда туйғуларини акс эттиришни болаликдан орзу қиларди. Ҳозир инсон характери ва ҳислари ҳақида сўзловчи кўплаб портретлар муаллифи.

Севги бор!

«Мени Лукашинга ўхшатишларини истамайман», дея минг гапирмасин, барибир қаҳрамони билан Мягков ўртасида ўхшашлик бор. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, Лукашин Москвадан Ленинградга бориб, Надясини учратган бўлса, Андрей Ленинграддан Москвага келиб, муҳаббати билан топишади. Актриса Анастасия Вознесенская билан бирга МХАТ мактаб-студиясида бирга ўқиган. Қиз бағоятда гўзаллиги сабаб, ошиқлари бисёр эди. Шунданми, болаларча беғубор Мягковга бўлган туйғуларида иккиланарди: «Наҳот шу инсон бир умрлик йўлдошим бўлса? Йўқ, шошмаслик керак!», дея ўйларди у. Йигит эса бир қарашдаёқ «Аввалига дўстлик, кейин кўнглини забт этиш йўлида уринишлар шартмас! Айнан шу қиз, бошқаси эмас», дея қатъий қарорга келганди. Ошиқ Мягков Анастасия Вознесенскаянинг муҳаббатини қозонмоқ учун гулдасталар ҳам туҳфа қилди, ҳатто гитара чалиб қўшиқ ҳам куйлаб берди. Романтик-да! Ўқишни тугатгач, оила қурган бу жуфтликнинг тўйлари кичик даврада, жуда файзли ўтди. Уларнинг уч нафар фарзандлари бор. Ўн икки йил «Современник» театрида бирга ишлашди, «съёмка» майдонларига бирга боришди (иккинчи томон фильмда суратга тушмаётган бўлса-да), гастролларда ҳам улар бир-бирига йўлдош эди.

Кўп ҳолларда эр ҳам, хотин ҳам санъат олами вакили бўлса, оиладаги тинчликка путур етади. Рашк, машҳурлик ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бироқ уларнинг ҳаётида бундай қалтис вазиятлар бўлмади. Аёл бор меҳрини, кучини оилага бағишлади, токи эри истеъдодини тарихга тўлақонли муҳрласин!

Бундан кўп йиллар олдин Андрейнинг юраги хасталанди. Ягона чора — операция. Лекин актёр нимагадир тиғ остига ётишни истамасди. Аёли уни кўндирди.

Мана, ярим асрдан буён улар ёнма-ён. Ҳар кеч Москва кўчаларида қўл ушлашиб сайр қилишади. Андрейга машҳурлар, ҳамкасблар давраси унчалик ҳам ёқавермайди, у оилавий дам олишларни хушлайди. Хўш, бу оиланинг сири нимада?

«Ҳеч қандай сир йўқ! Севги бор! Икки инсон бир-бирини бахтли қилмоқни чин дилдан исташи керак, холос! Бир-бирисиз яшай олмасликларини ҳис қилиши лозим», дейди Андрей Мягков.

Андрей Мягков чин маънода бахтли инсон! Ахир у бир умр асл ва абадий муҳаббати билан яшаб келмоқда.

Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бошқа янгиликлар