Ҳомиладорлик — аёлнинг бир жони иккига бўлинадиган пайт. Шундай шароитда қандай қилиб ҳам она, ҳам боланинг тишлари соғлом бўлишига эришиш мумкин?
Кичкинтойнинг тишлари она қорнидаги ҳаётининг 40-кунидан шакллана бошлайди. Уларнинг нақадар соғлом бўлиши эса онанинг тишлари ва милклари ҳолатига ҳамда уларни қай тарзда парваришлашига бевосита боғлиқ. Фарзандингиз дунёга келиб, биринчи бўлиб кўрадигани — сизнинг табассумингиз. У соғлом ва чиройли бўлиши керак. Ахир бола уни бутун умр ёдида сақлаб қолади ва кейинчалик тишларни соғлом асраш борасида сиздан ўрнак олади.
Хавф даражаси
Бўлажак оналарнинг тишлари саломатлиги шифокорларда катта ташвиш туғдирмоқда. Чунки туғмаган аёлларда ўртача 6 та тиш кариесга чалинса, ҳомиладорларда уларнинг сони 10 тагача боради. Кариес 90 фоиз ҳомиладор аёлларда учраркан.
«Ҳар бир фарзандинг учун 3 тадан тиш берасан», деган гап бежиз айтилмаган. Замонавий талабларга кўра эса бўлажак онанинг ҳатто биттагина соғлом тишини бой бериши ҳам мумкин эмас. Ҳозирда ҳомиладорларнинг барча 32 та инжулари шикастланмаслиги учун зарур шароитлар яратилган. Бунинг учун тишларни тўғри парваришлаш ва тиш шифокори қабулига фақат улар оғриганда эмас, профилактика мақсадида ҳам вақти-вақти билан бориб туриш керак. Шунингдек:
- камроқ шакар енг;
- ширин, унли ва крахмалли маҳсулотларни камроқ истеъмол қилинг. Шоколад, чипс, ширин кулчалар кариес ва милк касалликларини чақирувчи бактериялар учун қулай шароит туғдиради.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.