АсосийSUG'DIYONA

АЁЛЛАРГА ИНТЕРНЕТ НЕГА КЕРАК?

'АЁЛЛАРГА ИНТЕРНЕТ НЕГА КЕРАК? 'ning rasmi

Бу саволга жавоб бериш асносида ҳар бир аёл турлича фикр билдиради. Кимдир учун интернет ўзига хос янгиликлар олами, виртуал бўлса-да, гўзал дунё, бошқа бировлар учун эса ишга унум бахш этувчи беназир восита. Чиндан ҳам,аёллар интернети ўзгача бир олам. Улар виртуал саҳифаларда ҳаётларидаги ҳамма нарсани – турмуш, бола-чақа, бозор-ўчар, рўзғор, атир-упаю пардоз-андозни акс эттирадилар. Аёллар тармоғида куннинг энг муҳим хабари – бирор шоу-бизнес юлдузининг шахсий ҳаётидаги ўзгариш ёки кўз кўриб, қулоқ эшитмаган (!) макияжнинг янгича усули бўлиши мумкин.

Нимани излаяпсиз?

Интернет тармоғида аёлларга бағишланган кўп минг сонли сайтлар бор (уларнинг аниқ сонини ҳали ҳеч ким ҳисоблаб чиқмаган). Шуни ҳам айтиш керакки, хотин-қизларни интернетда фақат уларнинг ўзларига мос сайтлар қизиқтиради, деганлар адашади. Оддий мисол: агар сиз уйдаги компьютер орқали интернетга кирсангиз ва турмуш ўртоғингиз ҳам ундан фойдаланса, тармоққа боғланганингиз ҳамон биринчи навбатда, браузернинг тарихини текширасиз, тўғрими? Эрингизнинг қайси сайтларга кираётгани, нималарни ўқиётганию кимлар билан мулоқотда бўлаётгани сиз учун қизиқ. Барини “текшириб” кўргач, ташвишга ҳожат йўқ бўлса, хотиржам тортиб, бошқа саҳифаларга ўтасиз.

Аслида, аёлларга бағишланган сайтлар мундарижасига бир кўз югуртиришнинг ўзи, кифоя, биз интернетдан нимани излашимизни тушуниб оласиз. Чунки талабга яраша таклиф бўлади-да. Мана, аёллар сайтларининг тахминий мундарижаси: «Мода», «Гўзаллик», «Саломатлик», «Муҳаббат», «Пазандалик», «Психология», «Оила», «Машҳурлар», «Хобби», «Саёҳат»... Сайтга кирган аёл юз териси учун янги ниқоб рецептини, қайнона билан муносабатларни яхшилаш усулларини, ўсмир фарзанд билан дуч келиниши мумкин бўлган муаммоларни билиб олади. Эркакларни эса бундай «интеллектуал винегрет» ақлдан оздириши мумкин! Шунинг учун уларга мўлжалланган сайтларда автоолам алоҳида, ҳуқуқ соҳаси алоҳида, янгиликлар ва молия мавзулари бўлак-бўлакжойлаштирилган. Тайёрига ўрганган алплар аёллар сайтларига киришмайди (кирмай қўяқолишсин, ўзимизнинг сирларимиз бор!). Билсангиз, хотин-қизларга аталган саҳифалардаги бундай аралашлик атай қилинади, гўё полизга қўйилган қўриқчидек, аёлларга хос сайтлардан эркакларни “қувади”. Тўғри-да, ахир, хонимларнинг виртуал “боғ”и турли-туман гулу лололарга лиқ тўла. Ва шуларнинг бари бир кун асқотади.

Хуллас, аёллар интенетдан некбинлик, маслаҳат, ҳамсуҳбат ва энг муҳими (балки аянчлиси) – бахт излашади.

Виртуал «ғийбатхона»

Интернет сарҳадларида аёллар форумларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу ерда аёллар турли мавзуларда дардлашадилар, ғийбатлашадилар, фикр алмашадилар, баҳлашадилар... Аёллар форуми, бир қарасангиз, хотинлар чақчақлашиб ўтирадиган кўчадаги ўриндиқни, яна бир боқсангиз, руҳшунос қабулини эслатади. Мана, аёллар форумига ёзилган хатлардан бири:

«Дугонажонлар, маслаҳат беринг. Бошимизга бир ташвиш тушди. Укам Европада яшайди. Ўқишга кетганича беш йилдан ошдики, келай, демаяпти. Уни уйлантириш учун онам иккимиз не-не қизларни топиб, расмини жўнатдик. Аммо у оила қуришга ҳеч рози бўлавермади. Тунов куни эса европалик қизлардан бирига уйланишини айтиб, хат ёзибди. У билан қаерда, қандай танишган, билмаймиз. Энг ёмони, укам яккаю ягона ўғил. У қизга уйланса, умуман уйга қайтмай, бир умр бегона юртларда қолиб кетади».

Ёки:

«Турмушимда ҳаловат бўлмай, ажрашгандим. Бугун мактабдаги биринчи муҳаббатим – синфдошим менга совчи қўйиб, иккинчи хотинликка таклиф қилаяпти. Ўзимнинг ҳам унда ҳамон кўнглим бор, аммо икки боланинг отасини оиласидан совутиб, тегиб олсам, қарғишга қолишни ўйлаб, сиқилаяпман…»

Бу ҳикояларнинг мазмунидан ҳам кўра, уларга ёзилган шарҳлару маслаҳатлар қизиқ. Негаки, ҳар ким ўз тажрибаси, ижтимоий мавқеи ва дунёқарашидан келиб чиқиб, маслаҳат бера бошлайди. Бир пайт қарасангиз, бу ўгитлар минглаб овозлар иштирокидаги хорга айланиб, ниманидир тушунтираётган, насиҳат ўқиётган, юпатаётган ёки гиж-гижлаётган бўлиб чиқади. Ярим йўлга бориб эса мавзу умуман янги пирог рецепти ёки қўшни қизнинг ғийбатига бурилиб кетиши ҳам мумкин!

Ижтимоий тармоқ: яхшими ёки ёмон?

Кейинги пайтда аёлларнинг ижтимоий тармоқларга ружу қўйиши оилавий ажрашишлар, фотиҳа бузилиши каби нохуш ҳолатларга ҳам сабаб бўлаётгани бот-бот тилга олинмоқда. Шубҳасиз, бу гапларда жон бор. Аммо шуниси ҳам борки, «Одноклассники» ёки «Facebook»дан саҳифа очган аёлларнинг барчаси ҳам оиласи билан ажрашиб, ёмон йўлга кириб кетаётгани йўқ. Нохуш ҳолатлар шунчаки шоли орасида учраб турадиган курмаклар.

Энди энг қизиғини эшитинг: ижтимоий тармоқда кўп ўтирадиган аёллар семириб кетар экан! Бу илмий исботланган ҳақиқат. ҳушёр бўлинг, хонимлар! ҳаммасига сабаб камҳаракатлик ва чатда ёзишиб ўтирганингиз пайт билмай еб қўядиганингиз ортиқча калориялардир. Қолаверса, ҳали оила қурмаган қизларнинг руҳий аҳволи ижтимоий тармоқлар туфайли ёмонлашар, уларда тушкунлик, жиззакилик кучаяр, ўзларини янада бахтсиз ҳис қилар эканлар. Чунки улар тармоқдабахтини кўз-кўзлайдиган хонимчаларнинг мақтанчоқ «статуслари», ялтир-юлтир расмларини кўришади, чат орқали эрмакка гаплашиб ўтирадиган йигитлар ҳурматсизлик қилаётганидан хафа бўлишади.

Ниқоб ортидаги ҳақиқат

Руҳшуносларнинг фикрича, шахсий ҳаётидан мамнун, ўзига ишонган аёл тармоқда асл исм-шарифи (ҳатто бир эмас, иккита фамилияси)ни аниқ кўрсатади. «Мафтуна Асал», «Нозли Нозанин», «Жони» каби тутуриқсиз тахаллус соҳибаларининг эса тармоқдан саргузашт излаши, шубҳасиз. Ёши, жинси, ҳатто асл қиёфасини яшириб, турли экран юлдузлари чеҳрасини ниқоб қилиб оладиганлар эса ўзига ишонмаган аёллардир.

Куни кеча ажойиб бир статус ўқиб қолдим: «Кишининг «аватарка»си унинг ички дунёсига мутаносиб равишда турланиб боради». Эркакларда қандай билмадим-у, бу нуқтаи назарни аёлларга нисбатан бемалол қўллаш мумкин. Чунки уларнинг ижтимоий тармоқларда кундан-кунга ўзгариб турадиган қиёфалари билан табиатларидаги беқарорлик ўртасида бевосита боғлиқлик бор.

Ҳушёр бўлинг, эркаклар!

Интернет барибир виртуал олам. Барча ижобий хислатларини эътиборга олганда ҳам у реал ҳаёт билан баҳслаша олмайди. Шу маънода агар рафиқангиз виртуал олам билан реал ҳаёт ўртасидаги чегарани йўқотиб бораётган бўлса, бунга ўзингиз сабабчисиз, ҳурматли эркаклар! Зеро, эр киши аёлнинг ҳаётини ҳамиша, ҳар кун ёрқин ва ранго-ранг бўёқларга тўлдириши керак. Ана шунда ҳеч бир сайт ва тармоқ аёлнинг эътиборини қозона олмайди.

Манба: "SUG‘DIYONA" газетаси

Бошқа янгиликлар