1

“КИМГА ИШОНАЙ?”

МУТОЛАА 25.09.2017, 20:06
“КИМГА ИШОНАЙ?”

У пайтлари эндигина олийгоҳни тамомлаб, ўз йўналишим бўйича иш қидириб юрардим. Иш сўраб борган жойларимдан эса рад жавобини эшитавериб, инсонларга бўлган ишончим сусайиб, аламзада ва жиззаки бўлиб қолган эдим. Бир куни китоб дўкони ёнидан ўтиб бораётсам, нотаниш киши ёнимга келиб, “Ука, шу дўкондан бир китоб олмоқчи эдим, иложи бўлса, 3000 сўм бериб туринг, машинамда пўл бор фақат сал узоқроққа қўйиб келгандим, боришга эриниб турибман. Пулингизни машинамдан олиб қайтараман”, деди. Аввалига бироз разм солиб, ўша пайтда ўзим маблағга мўҳтож бўлиб турсам-да, яна бир бор бегона кишига ишониб, сўраган пулни бердим. У киши одамлар гавжум жойдаги китоб дўконига кириб кетди. Мен эса унинг қайтишига иккиланиб кута бошладим. Ва ниҳоят, у киши қўлида китоб билан чиқиб келди. Кейин сал нарироқда турган машинасидан пул олиб, раҳмат айтиб қарзини қайтараркан: “Ака-ука бўлиб қолайлик, қўнғироқ қилиб туринг”, деб рақамини берди. Орадан йиллар ўтди. У киши билан қўнғироқлашиб, ҳол сўрашиб турдик. Ҳаво совуқ кунларнинг бирида қатнашишим лозим бўлган тадбирга кириш олди устки иссиқ кийимимни эшик ёнига илиб киргандим. Ахир ким ҳам тегарди? Инсонларга ишонаманку! Аммо бу гал ишончим оқланмади. Кейимимни ўғирлаб кетишган эди. Кийимгаку ачинмадим, аммо чўнтагида турган паспортим ва бир талай зарур ҳужжатларимни ўйлаб, кўнглимни ғаш бўлди. Наҳотки энди инсонларга ишона бошлаганимда... Шу пайт қўнғироқ бўлди. Бу ўша — мендан бир муддатга пул олиб қайтарган киши эди. Салом-аликдан сўнг “Қаердасиз, бир кўришайлик”, деди. Мен эса дуч келган вазиятимни айтган эдим. Кўнглимни чўктирмаслигимни тайинлади ва “Ҳозир турган жойингизни айтинг, етиб бораман”, деди. Ташқарида қор алараш ёмғир ёғар, мен эса гўё пана жой топгандек девор тагида ўтирар эдим. Чамаси ўн дақиқалардан сўнг етиб келган у киши далда бериб, “Энди укам бир иш қиламиз”, деди-ю, мени машинасида бозорга олиб борди. Бирор юмуши бордир, деб турсам, бир дўкондан кийим танлаб, менинг ўлчамимни чамалаб танлай бошлади. Акангиз сизга бир ҳадя қилмоқчи деганидан англадимки, у киши менга кийим танлаётган экан. Бундан минг хижолат чекиб, керак эмас, деган гапларимга ака-укачиликнинг инкор этиб бўлмас шартларини айтиб, қиммат кийим олиб берди ва уйимгача кузатиб, “Ўзингизни ўнглаб олинг”, деб пул ҳам берди. Аммо энди пулни олишни истамадим ва чин дилдан раҳмат айтиб, совуқ кунлардан жисмимни асровчи либос ҳадя қилган у кишига “Аллоҳ сизни ёвузликлардан мана шундай асрасин”, деб дуо қилдим. У киши инсонларга ишончсизлик деган туйғуни мендан аритиб, бир муддатга олиб қайтарган пулимни яхшилик атаб, эвази унданда юксак эътироф келтиришини исботлаган эди... Мен йўқотиб бораётган ишончни қайта топгандек бўлдим.

“...Хоҳ инон, хоҳ инонма”

Инсон қалби сирли туйғуларнинг сирли сандиқчасидир. Дарҳақиқат, шундай эмасми? Дейлик, кимнингдир қалбини минг кашф этишга уринманг, унинг айрим томонлари мудом номаълумлигича қолаверади. Чунки у ерда инсоннинг ўзидан ҳам яширган эзгу ёки ёвуз туйғулари сақланади. Аммо ишонч деган туйғу борки, баъзан яхшилик учун, баъзан ёмонлик учун айрим сирларнинг калитига айланиб бораверади. Инкор этишга шошилманг, хўш, ишонган инсонларимга “битта ҳам сиримни айтиб қўймайман” деб ўзингизга қатъий ишонч билдира оласизми? Агар “ўзимга ишонаман”, десангиз, демак, уларга ишонмаган бўласиз. Тўғри, аслида сирлар ишонган кишиларга айтилади дегани эмас, аммо инсон айрим ҳиссиётларга дуч келиб қолса, ҳаттоки ишонмаган кишиси билан ҳам сирлашиб қўйиши табиий. Ишончни ҳар ким ўзича талқин этса-да, кўп ҳолларда умумий қоидаларга асосланиб яшайди.

Ишонч бу — Яратганга, ота-онага, ака-укага ва дўстга. Унда, юқорида келтирилган ҳикоядаги киши қайси мақом билан инсонда ишонч уйғота олди? Ахир у ака-ука ҳам, дўсту яқин ҳам эмас эди-ку! “Оламни яхшилик қўтқаради” деб бежизга айтишмайди.

Ҳазрати Алишер Навоий айтганидек:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борки, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Минг ёмон деб юрган кишининг қалбида яширинган заррача яхшилик юзага чиқиши билан оламда унингдек инсонлар борлигидан қувониб кетасиз ва кези келганда қалбингиздаги сирни ишониб айтишга ҳам тайёр бўлиб қоласиз. Қалб сирлари калити деб яхшилик ва чиройли сўзларни биринчи ўринга қўйсак, қарши бўлмассиз. Заррача яхшилик ва яхши сўз билан ишонч қозониб, дўстликка ҳам, севги суқмоқларига ҳам кириб бориш мумкин. Шу ўринда Машраб бобомизнинг дил сўзлари ёдимизга тушади:

Сенсан севарим хоҳ инон, хоҳ инонма,

Қондур жигарим хоҳ инон, хоҳ инонма...

Бундай дил таърифлари билан айтилган мисралар ўзга бир юракка ишонч бағишлаши тайин.

“Алдагани бола яхши...”

“Илк ишончсизликка қандай дуч келган эдингиз?” дея саволга тутсак, жавоб сифатида албатта ақлингизни танигандан кейинги сизга панд берган бирор ёлғонга бўлган ишончсизликни ёдингизга оласиз. Аслида-чи? Аслини олганда, инсондаги ишонч туйғусига гўдакликданоқ “тажовуз”лар ёғилиб боради:

“Келгунимча яхши бола бўлиб турсанг, музқаймоқ олиб бераман” — бу ваъда ҳар доим ҳам бажариладими ёки олиб келинмаса, узрли сабаби болага ётиғи билан тушунтириладими? Албатта ҳамиша ҳам эмас. Демак, амалга ошмайдиган ва сабабсиз ваъдалар кўпаявергани сари болада аввало яқинларининг сўзларига ишончсизлик пайдо бўлади.

“Жим ўтирмасанг, ҳозир ола бужи келиб олиб кетади”, — бу сўзлардан бола аввалига қурққан бўлса-да, ўз ҳолича шухлик қилиб қўяверса, секин-аста “ола бужи” аслида сафсата эканлигига ишонади ва унинг борлигига ишонмайди.

“Алдагани бола яхши” қабилида иш тутиб овутиш гўдакнинг ҳаётга илк қарашларини ишончсизлик билан бошлаши ва унинг келгуси ҳаётида ҳам салбий фел-атворли бўлишига олиб келади. Бола-ку, дея эътибор қилмаганимиз — унинг ишончи ортида орзу, умид каби туйғулар шаклланиб бораётганини унутмаслик лозим. Ўзи учун идеал инсонлар сифатида талқин этаётган ота-онасининг ваъдада турмаслик жиҳатларига гувоҳ бўлавергач, бевосита ўша хулқни ўзида шакллантира бошлайди. Ахир бежизга айтишмаганку “Қуш уясида кўрганини қилади” деб.

“Ишонмагин дўстингга...”

Баъзан кишилар оғзидан “Ҳозирги замонда “пишиқ” бўлмасанг, биринг икки бўлмайди. Ишонувчанлик кўп панд беради”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Шунда беихтиёр ўйлаб қоласан киши: инсон — яралган мавжудотларнинг онглиси ва энг улуғидир. Наҳотки ўзаро бир-биридан шунчалик эҳтиёт бўлишга уриниб, ҳимояланса?!

Борди-ю, кишидаги ишонч ўз ортидан ихлос билан дўстлик ёки севгини етаклайдиган бўлса, ихлосингиздаги киши чин маънода бевафолик қилган тақдирда ҳам унинг бундай ишга қўл урмаслигига ишонасиз. Аммо ишонч инсоний туйғу бўлса-да, моддият туфайли, хусусан, молу-давлат, мартаба, нафс кабилар йўлида қўрбон қилиниши ҳам сир эмас... Ҳа, шундай бўлган тақдирда бутун олам сиз учун ишончсиз бўлиб туюлиб кетади ва “Ишонмагин дўстингга...” деган иборани ҳақиқатга айлантириб қўясиз. “Бу дунёда чин дўст топиш қийин” дейишгача борасиз. Аммо бир ҳақиқатни унутмаслик лозим — дўст топмоқ учун аввало дўст бўла олиш лозим. Келинг, биргаликда ушбу иборани тузамиз: “Ҳақиқатга тик қарамоқчи бўлсангиз, дўстингизга боқинг, у сизнинг ҳақиқатингиз”. Агар у вафоли бўлса, сиз муносибсиз, бевафо бўлса, сиз соддасиз! Дўстингиздаги камчиликларни айта олмасангиз, демак, чин дўст бўла олмабсиз. Хўш фикримиз ҳақиқатга тўғри келадими?

Ишонч — Яратган томонидан аталган ҳаёт йўлимизда бизни асровчи энг чиройли туҳфа. Ноодатий бўлиб кўринса-да, шундай хулосани илгари сурамиз: Оламни асранг дўстлар, одамни асранг дўстлар!

Абдулазиз РУСТАМ ўғли

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1