АсосийSUG'DIYONA

НЕГА БЎЛАЖАК ОНАЛАРНИНГ ТИШЛАРИ ШИКАСТЛАНАДИ?

'НЕГА БЎЛАЖАК ОНАЛАРНИНГ ТИШЛАРИ ШИКАСТЛАНАДИ?'ning rasmi

Бу иммунитетнинг физиологик пасайиши ва сўлакнинг бактериоцид хусусияти камайиши билан боғлиқ. Қулай пайтдан фойдаланиб, оғиз бўшлиғидаги бактериялар фаол кўпайишни бошлайди. Овқат қолдиқлари уларга озуқа манбаи ва ёпишқоқ модда ҳосил қилишлари учун хом ашё вазифасини ўтайди. Мазкур ёпишқоқ модда ёрдамида бактериялар ўзаро бирикиб, тиш эмали устига ёпишади ва шилимшиқ қатлам ҳосил қилади. У ерда кўпаядиган бактериялар эса тиш эмалини емирадиган кислотани ишлаб чиқаради. Ҳомиладорларда тиш эмали шусиз ҳам заифлашиб қолган бўлади.

Бунга сабаб шуки, ҳомиладорликнинг 6-ҳафтасидан кичкинтойнинг тишлари шакллана бошлайди. Ҳомила катталашгани сайин шаклланиш ҳам фаоллашиб боради. Бу эса қўшимча кальций талаб қиладиган жараён. Агар онада кальций танқис бўлса, ҳомила уни тишлардан олади. Шундай қилиб, оналарнинг тишлари емирилишни бошлайди. Бу ҳолнинг олдини олиш учун ҳомиладор аёл кунига 1.500 мг кальций қабул қилиши керак.

Албатта, оналар боласи учун жонини ҳам беришга тайёр, аммо онанинг тишларидан олинган кальций барибир кичкинтой учун етарли бўлмайди. Шу сабабли унинг биринчи ёриб чиққан тишлари эмали жуда юпқа бўлади. Бу кальций танқислиги белгиси бўлиб, чақалоқнинг тишлари чиқаётганда турли нохуш ҳолатларни юзага келтириши ҳамда рахитга олиб бориши мумкин. Она эса тишларидан айрилади ва остеопорозга чалиниш хавфи ортади.

Маслаҳат. Ҳомиладорликнинг 6-ойида чақалоқнинг скелети фаол ривожланади. Шу даврда, айниқса, тишларингизга эътиборли бўлинг. Бу пайтга келиб, бўлажак оналарнинг кўпчилигида тишлар мўрт ва сезувчан бўлиб қолади.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар