АсосийSUG'DIYONA

АЛЬ ПАЧИНО: «КЎЗНИ АЛДАШ МУМКИН, ЮРАКНИ ЭМАС»

'АЛЬ ПАЧИНО: «КЎЗНИ АЛДАШ МУМКИН, ЮРАКНИ ЭМАС»'ning rasmi

Замонамизнинг буюк актёрларидан бири — Аль ПАЧИНО ҳар қандай ролни ҳам маҳорат билан ижро эта олади. Ахир унинг актёрликка, муваффақиятга олиб келадиган йўли чигал ва машаққатли кечди. Ё буюк санъаткор бўлиши керак эди, ёки... У қийинчиликларни енгиб, мақсадига эришди.

«Кўз очиб кўрганим – кино!»

Альфредо Жеймс ПАЧИНО 1940 йилнинг 25 апрелида Нью-Йоркда камбағал италияликлар оиласида туғилади. Икки ёшга тўлганида эса ота-онаси ажрашади ва Альфредо онаси ва бувиси қармоғида қолади. Јайратли, ерга урса, осмонга сапчийдиган болакайдан аёллар шунчалик қўрқишардики, уни уйдан ташқарига чиқаришмасди. Етти ёшигача Альфредо одамлардан бутунлай узилиб яшади. Фақат онаси олиб борадиган киносеансларгина унинг мурғак қалбига оро берарди. Бўлғуси актёр ҳаётий тажрибани ҳам, дўстлик ҳақидаги илк тушунчаларни ҳам, ҳақиқату ёлғонларни ҳам экранга кўчирилган лавҳалардан шуурига сингдирди.

— Онам ишларди, аммо мени кинотеатрга олиб боришга вақт топарди. Кечки сеансдан кейин ухламасдан кўрганларимни ўзим яна бошқатдан хаёлан ижро этардим. «Умидсизик» картинасини томоша қилганимда жуда ёш эдим. Фильмда Рей Миллэнднинг бир саҳнаси бор. У мастлигида яшириб қўйган виски шишасини излайди... Кўпинча уйимдагилар шу саҳнани ижро этиб беришимни сўрашарди, мен жон деб образга кирардим. Томошабинларимнинг йиғлашини, қаҳрамонимга ачинишини кутардим, аммо улар ҳамиша менга қараб кулишарди...

Безори «актёр»

Болакай 7 ёшига тўлиб, мактабга борди-ю, ҳаёти ўзгарди. Актёрлик маҳорати сабабми, дарров дўстлар орттириб олди. Аммо тез орада устозлари унинг тинмай алдашини, тўғрироғи, ҳикоялар тўқишини сезиб қолишди. Шунда муаллимларининг ақлли қарори ўлароқ Альфредо мактаб драма тўгарагида ўйнай бошлайди. Ҳатто, ўзига тахаллус ҳам ўйлаб топади.

— Бошланғич синфда илк бора саҳнага чиққанман. Эсимда, мактабдаги болалар дастхат сўрашар, мен эса «Сонни Скот» деб имзо чекардим. Ўзимга жарангдор исм қўйиб олгандим-да тушунаяпсизми?

Мактаб даврида уни кимдир «Сонни» дер, кимдир жўнгина «Актёр» деб чақириб қўя қоларди. Бироқ «Актёр»нинг феъли ўзига яраша эди. Тўққиз ёшида чекишни, 13 ёшида ичишни ўрганди. Кўпинча ўзи сабабчи бўладиган муштлашишлар унинг учун оддий ҳол эди.

Парвоз — «Чайка»

Аммо тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди — актёрлик уни ўзига тортарди. 14 ёшида у тасодифан Чеховнинг «Чайка» спектакли постановкасига тушиб қолади. Айнан шу куни у актёр бўлишга қатъий қарор қилади. Таъкидлаш жоизки, Пачинонинг бу қарори актёрларнинг сирли ҳаёти ҳақидаги пуч хаёллар замирида туғилмаган эди.

— Спектаклни сайёр труппа актёрлари қўйишганди. «Чайка» бошланди-ю... тугади. Вақт бир лаҳзада учиб ўтгандек бўлди. Бу мўъжиза эди. «Бундай ёзиш учун қандай одам бўлиш керак-а?» деб ўйлаганим эсимда. Дарров Чеховнинг ҳикоялари тўпламини топиб, ўқий бошладим. Бир неча кундан кейин эса бир қаҳвахонага кирдим. Қарасам, ўша спектаклда қойиллатиб роль ижро этган актёр официантлик қилаяпти. Шунда ҳаётдаги воқеаларнинг нисбийлигини тушунганман.

Альфредо волидасидан уни оддий мактабдан Ижро санъати мактабига ўтказишини сўрайди. Онаси ўғлининг илтимосини рад этмайди. Аммо ёмон ўқигани, дарсларни қолдиргани сабаб 17 ёшида севимли актёримиз бу нуфузли даргоҳдан ҳайдалади. Онаси билан ҳам қаттиқ урушиб қолиб, уйидан кетади. У дуч келган ерда яшар, ҳеч қандай ишдан тап тортмасди. Официант, фаррош, курьерлик қилар, саёқ театрларда ўйнар ва... пул йиғарди. Актёрлик бўйича таълим олиш учун емай-ичмай, топган пулини тийин-тийинигача жамғарарди. Шундай қилиб, у 1962 йили Чарли Лофтоннинг студиясига ўқишга киришга муваффақ бўлади. Сўнгра турли театрлар саҳнасида ўзини кўрсатганидан сўнг машҳур Ли Стесбергдан сабоқ олади.

«Онам…»

— …муваффақиятларимни кўрмай оламдан ўтди. Эсимда, ўн ёшларда эдим. Тепа қаватда турардик. Совуқ. Пастда ўртоқларим кўчада санғигани мени чақиришаяпти. Онам эса мени қўймаяпти. Мен жаҳл билан тинмай бақирардим. Онам таъналаримга чидади. Ва шу билан менинг ҳаётимни асраб қолди. Ахир мени ўша пайтда ўйнагани чақирган болаларнинг бирортаси ҳозир орамизда йўқ. Агар онам мени кўчага чиқариб юборганида, дарс қилишга мажбурламаганида, мен ҳам ҳозир бўлмасдим. Бу нарсаларни кеч тушунаркан одам...

Омад келди!

1967–68 йиллар Аль Бостон театрида ўйнай бошлайди ва танқидчилар эътиборига тушади. Ҳатто, уни мавсумнинг энг яхши актёри деб атаб, махсус мукофот ҳам беришади. Аммо бир нарсагина ҳали унинг қўлидан келмасди — пул топиш.

— Бостон театрларининг бирида илк гонораримни олганимда, 25 ёшда эдим. Ўшанда барга кириб, бир тарелка гўшт буюртиргандим. Шунда ҳам яна чўнтагимда пул қолганди!

Театрдаги муваффақиятидан сўнг Аль Пачино ўзини кинода синаб кўради. Дебют омадли бўлади. Илк ўйнаган икки фильми жуда машҳур бўлиб кетмаган бўлса-да, «Чўқинтирган ота» фильми режиссёри Френси Форд Копполанинг эътиборига тушади. У бу ролга даъвогарлик қилаётган кўплаб Голливуд юлдузлари орасидан айнан Аль Пачинони шу ролга тасдиқлашларини талаб этади. Номзодни кўришди-ю, продюсерларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, фиғон қилишди: «Бўйини қаранг буни, мунча кичкина!» Шундай бўлса-да, режиссёр бўйи пастгина, кўримсизгина Пачинони танлайди ва ҳамамиз билганимиздек, тўғри қилади.

Ойнинг ўн беши...

Шубҳасиз, бу актёримизнинг ҳам омади эди. «Чўқинтирган ота» фильми катта экранларга чиққанидан сўнг Аль Пачино машҳур бўлиб уйғонди. Ва кўплаб фильмларда суратга туша бошлади. У «Чандиқли киши» каби томошабинлар муҳаббатига сазовор бўлган картиналар қаторида бир пулга арзимас фильмларда ҳам ўйнардики, танқидчилар уни гоҳ осмонларга чиқариб мақтар, гоҳ ер билан яксон қилиб уришишарди. Шу билан бирга, актёр Бродвейда ҳам ўз санъатини намойиш этар, у иштирок этадиган спектаклларга одамлар ёғилиб келарди. Табиийки, театр соҳасидаги мукофотлардан ҳам қуруқ қолмасди. Бироқ кинодаги аҳволи оғирлаша бошлади: ҳатто айрим танқидчилар баъзи киноларнинг муваффақиятсизлигида уни айбладилар. Вужудга келган шароит туфайли 1985 йили актёр бошқа кинога суратга тушмасликка қарор қилади. Тўрт йил давомида у ичади, чекади. Қизиқлиги, у шу тўрт йил давомида «Маҳаллий стигматик» деб номланган фильмни олади, аммо ҳеч қачон уни экранга чиқармайди. Кейин... у ичишни ҳам, ҳатто чекишни ҳам ташлайди. Хуллас, синган юрагини парча-парчалардан йиғишга ўзида куч топади.

— Бир пайтлари ичкиликка ружуъ қўйгандим. Ҳозир, албатта, ҳаммасини ташлаганман. Ўшанда хиёбонда ўтирсам, нотаниш киши олдимга келиб ҳол-аҳвол сўради: «Нима бўлди ўзи сенга? Нима учун кўринмай қолдинг?» Мен бир нималар деб минғиллаган бўлдим. У эса: «Аль, мен сен хўв у ёқда, юқорида турганингни кўргим келади». Шунда тушундим: менинг омадим — иқтидоримда. Демак, ундан фойдаланмасам, бўлмайди».


Қайтиш ва шон-шуҳрат

Аль Пачино 1989 йили кинога қайтди. У суратга тушга биринчи фильм — «Муҳаббат уммони» томошабинлар ва мутахассислар томонидан зўр қизиқиш билан кутиб олинди. 1992 йили эса «Аёл ҳиди» фильмидаги ажойиб роли учун «Оскар» олди. Аль Пачино ижодининг «олтин даври» келди: у ўйнаган фильмларнинг барчаси омадли бўларди. Шу пайт актёр ўзи ҳам анча-мунча пул ишлаб олди, продюсерлик ҳам қилди. Айниқса, «Иблиснинг адвокати» фильмидаги ролига тенг келадигани бўлмади. 2000-йиллар ҳам муваффақият уни тарк этмади. Энди у қайси кинода чиқмасин, бу сифат белгиси ҳисобланарди.

Шахсий ҳаёт

Аёлларни севган ва аёллар севган актёримизни бирорта ҳам соҳибжамол никоҳ ришталари билан ўзига боғлай олмаган. Лекин уч нафар фарзанди бор. Актёрлик маҳоратидан сабоқ берувчи муаллима Яна Тэррант 1989 йил унга Жулия Мариа исмли қизалоқни туҳфа этган бўлса, эгизаклари Антонио Жеймс ва Оливию Роузни 2001 йили актриса Беверли Д’Анджело дунёга келтирган. Аль Пачино ҳамиша «Ҳаётимда рўй берган воқеаларнинг энг зўри, бу — фаразандларининг туғилишидир», деб таъкидлайди.

– Нима учун биз катта ишларга қўл урамиз? Ҳаётда ўз ўрнимизни топгимиз келади. Аммо топишнинг ўзи кифоя эмас. Муҳими тўхтамаслик. Биласизми, мана бундай мақол бор: «Кимки аҳмоқона саналган ишини ўжарлик билан давом эттираверса, бир кун келиб донишмандга айланади».

ШОДИМУЛКБОНУ тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бошқа янгиликлар