1

ИТГА САЛОМ ВА ЭШАККА ЕМ БЕРМАНГ! ЁХУД ГОВМИЧЧА, УЧУҚ, СЎГАЛ, ТИРСАК ҲАҚИДАГИ ИРИМЛАРНИ БЕКОР ҚИЛАМИЗ

САЛОМАТЛИК 27.09.2017, 13:39
ИТГА САЛОМ ВА ЭШАККА ЕМ БЕРМАНГ! ЁХУД ГОВМИЧЧА, УЧУҚ, СЎГАЛ, ТИРСАК   ҲАҚИДАГИ ИРИМЛАРНИ БЕКОР ҚИЛАМИЗ

Кўзига говмичча чиққанидан шикоят қилган кишига «Қўлингга қора ип боғлаб ол!» дея маслаҳат беришади ёки сўғални отнинг ёли билан даволашга уринишади баъзилар. Хўш, бундай чоралар чиндан фойда берадими? Саволимизга олий тоифали шифокор-дерматолог Нодира АКРОМОВА билан биргаликда жавоб излаймиз.

Қўрққанда учуқ тошадими?

Халқ орасида: «Қаттиқ қўрққандим, лабимга учуқ тошибди» деган гаплар юради. Наҳот қўрқув тошмага сабаб бўлса?

Аслида: учуқни организмингизга вирус тушганининг яққол далили деб билаверинг. Лекин кўпам ҳавотирланманг, бу вирус дунё аҳолисининг 90 фоизида учрайди. Бугунги кунга келиб, герпеснинг 8 тури аниқланган. Лаб атрофига чиқадигани 1-тур, жинсий аъзога чиқадигани 2-тур ҳисобланади. Одатда танамиз қувватсизланиб, иммунитетимиз тушиб кетганида вирус ўз «куч»ини кўрсата бошлайди. Биласиз, стресс ҳам ҳимоя тизимимизга зарба беради, қўрқув эса стресснинг бир тури. Шунинг учун қаттиқ қўрққан кишининг лабига йирингли тошмалар тошади. Агар йилига 5 ёки ундан кўп марта учуқ чиқса, шифокорга кўринишингиз учун етарли асос бор деяверинг. Чунки бу тошма бошқа жиддийроқ хасталикнинг белгиси сифатида намоён бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Чоралари: тошмага спирт, йод ёки кўкдори билан билан ишлов бериш мумкин эмас. Акс ҳолда терини куйдириб, вазиятни янада оғирлаштирган бўласиз. Яхшиси шифокор билан маслаҳатлашиб, вирусга қарши суртма воситаларидан фойдаланинг ва доим иммунитетни мустаҳкамлаш пайида бўлинг.

Олдини олиш учун: Герпесга чалинган бемор атрофдагиларни зарарламаслиги учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши, чойнак-пиёла, қошиқ ва сочиғини алоҳида сақлаши лозим. Аммо ёдингизда бўлсин, қайтиб кетган учуқ оганизмдан вирус бутунлай йўқолганини англатмайди. Шунинг учун хасталикка бир бор чалинган инсон ўзини эҳтиёт қилиши, иммунитетни мустаҳкамлаб бориши зарур.

Говмичча ва қора ип...

Халқ орасида: кўзга говмичча чиққанида ўрта бармоққа қора ип боғланса, ёки қиздирилган туз босилса, фойда беради деган гаплар юради. Баъзи вилоятларда эса бемор эрта тонгда итга салом бериши айтилади. Бунисига нима дейсиз?

Аслида: қовоқларда ёғ ишлаб чиқарувчи безлар бор. Улар кўз ёш плёнкаси ҳосил бўлишига кўмаклашади. Шу безга бактериал инфекция тушиши оқибатида эса яллиғланиш юзага келиб, йирингли яра ҳосил бўлади ва қовоқ шишади.

Даво чоралари: баъзилар говмичча чиққан заҳоти устига қиздирилган туз босиш лозим дейишади. Бироқ яллиғланган йирингли ярага иссиқлик ёрдамида таъсир ўтказилганида микроблар янада тезроқ кўпая бошлайди. У ёрилгач инфекция қонга тарқалиб, оғир оқибатларга олиб келиш эҳтимоли мавжуд. Говмичча қайталанишининг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш лозим. Вақти-вақти билан махсус пахтали чўпларда қовоқ атрофини спиртсиз антисептик восита билан эҳтиёткорлик билан тозалаш ҳам яхши самара беради. Айниқса, уйқудан уйғонганда пайдо бўладиган ажралмаларни шу усулда тозалаш фойдали. Шунингдек шифокор томонидан антибактериал суртма дорилар тавсия этилади.

Сўгал пайдо бўлса, отнинг ёли малҳамми?

Халқ орасида: сўгал чиққан жойга отнинг ёлини ўраб қўйиш фойда беради деган гап бор, хўш, бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

Аслида: сўгал ҳам вирусли инфекция бўлиб, одам папилломаси вируси деб номланади. У ташувчидан соғлом инсонга ҳаво томчи ва тери орқали юқиши мумкин. Шикастланган тери вируснинг организмга кириши учун қулай муҳитни яратади. Масалан, ҳовузда чўмилганда хлорланган сув терига шикаст етказади ва организмга вирус тушиш хавфи ортади. Демак сўгалга организмингизда папиллома вируси борлигининг белгиси деб қарашингиз лозим. Ва биринчи навбатда шу вирус билан курашишга ҳаракат қилиш даркор. Чунки унинг баъзи турлари тўғри ичак, бачадон бўйни, эркак ва аёл жинсий аъзоларида саратонни келтириб чиқаради. Вируснинг инкубацион даври бир неча хафтадан, бир неча йилгача чўзилади.

Даво чоралари: сўгалдан халос бўлишнинг энг маъқул йўли уни олиб ташлаш ҳисобланади. Фақат уй шароитида эмас! Турли воситалар билан ўраб қўйиш, бармоққа отнинг ёлини боғлаш хеч қандай самара бермаслиги аниқ. Аксинча, ўсимтанинг юза қисмига шикаст етган бўлса, инфекция тушиб, вазият янада оғирлашиши мумкин. Уй шароитида олиб ташланган сўгалнинг ёмон сифатли саратонга айланиш хавфи юқори ҳисобланади. Сўгалдан суюқ азот, лазер нурлари, электрокоагуляция ва жарроҳлик йўли билан халос бўлиш мумкин. Бу усуллардан энг самаралиса эса лазер нурлари ҳисобланади.

«Тилимга тирсак чиқди...»

Халқ орасида: учта ҳалол ва учта ҳаром ҳайвоннинг номини айтиб, уч марта тупуриш кераклиги уқтирилади.

Аслида: оғиз бўшлиғида пайдо бўладиган майда яралар стоматитнинг бир кўриниши бўлиб, ачишиш ва оғриқ билан кечувчи хасталик саналади. Писта чақиш, саєич ёки тишкавлагич билан терини тилиб олиш (механик таъъир) оқибатида оғиз бўшлиғига инфекция тушади ва стоматит пайдо бўлади. Шунингдек, бегоналарнинг шахсий гигиена ва косметик воситаларидан фойдаланиш ёки ошқозон-ичак трактининг сурункали хасталикларида ҳам стоматит безовта қилади. Организмга темир моддаси, В12 витамини ёки фолий кислотаси етишмаганида эса оғизнинг шиллиқ қавати юпқалашиб, инфекция терига ўтиши мумкин.

Даво чоралари: бугунги кунда оғизни чайиш учун махсус антибактериал воситалар мавжуд. Улар стоматитдан тезроқ халос бўлишга кўмаклашади. Доривор ўсимликлардан эса қизилпойча (зверабой) экстракти билан оғизни чайиш ҳам самарали усул ҳисобланади. Оғриқ безовта қилганида эса шифокор тавсиясига кўра махсус суртмалардан фойдаланиш мумкин. Агар стоматит дармондорилар етишмовчилиги оқибатида юзага келса, витаминларнинг ўрнини тўлдириш чоралари кўрилиши лозим.

«Эшак эмида эшакка ем бериш...»

Халқ орасида: хасталикка чалинган беморни аввал тузли сувда чўмилтириб, сўнг этагидан эшакка ем ёки нон бериш керак деган гаплар юради. Бу усулнинг самарадорлигига ишонасизми?

Аслида: эшак эмитўсатдан терида пайдо бўлувчи қизил ёки оч пушти рангли, пўрсилдоқли аллергик тошма бўлиб, кучли қичишиш билан кечади. Эшак эми инсон ҳужайраларидаги гистамин ва серотонин моддаларининг терига ажралиб чиқиши пўрсилдоқларни юзага келтиради. Қўзғатувчилари қаторига қуёш нури, совуқ ҳарорат, жисмоний машқлар, никель моддасидан ишланган заргарлик буюмларини ҳам киритиш мумкин.

Даво чоралари: енгил ҳолатида шифокор томонидан антигистамин воситалар тавсия этилади. Лекин эшак эми юз, томоқ ёки жинсий аъзоларда юзага келса, гормонал препаратлар ҳам қўлланилиши мумкин. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, эшак юнгида турли вирус ва бактериялар мавжуд бўлиб, ҳайвонга ем бериш нафақат бесамар, балки зарарли ҳам бўлиши мумкин.

Кўриб турганингиздек, хасталикларнинг асл сабабига иримларнинг хеч қандай алоқаси йўқ. «Унда нимага шу ишни қилганимдан кейин тузалиб кетдим» дейдиганларга жавобимиз битта! Ҳар қандай кучсизланган иммунитет вақти-соати етганида ўзини қайта тиклаб олади. Бунинг учун 5-7 кун керак бўлади. Кузатган бўлсангиз, иримларни хасталик юзага чиққач 4-5 кун ўтиб, соғаяй деб қолганингизда қўллаб кўрасиз. Яраю ўсимталар ўша иримини қилсангиз ҳам, қилмасангиз ҳам сўрилиб кетиши мумкин. Аммо хасталикнинг илдизи танангизда қолади. Шунинг учун муаммо пайдо бўлган заҳоти шифокорга мурожаат қилишни тавсия этамиз.

МАФТУНА.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1