АсосийJamiyat

​ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЎЗБЕКИСТОНДА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ЯХШИЛАШ МАҚСАДИДА НАВБАТДАГИ ҚАРОРНИ ИМЗОЛАДИ

'​ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЎЗБЕКИСТОНДА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ЯХШИЛАШ МАҚСАДИДА НАВБАТДАГИ ҚАРОРНИ ИМЗОЛАДИ'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори имзоланди.

Академик лицейларда ўқувчилар танлаган таълим йўналишлари бўйича чуқур, табақалаштирилган ва касб-ҳунарга йўналтирилган билим олмоқда ва ҳар йили ўртача 35 мингйигит-қиз битириб чиқмоқда. Улардаги ўқитиш тизими олий таълим муассасаларига кириш учун салоҳиятли номзодлар контингентини шакллантиришга йўналтирилган.

Бугунги кунда академик лицейлар фаолияти, жойлашуви, битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш таҳлили бу соҳадаги ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан академик лицейлар сонини оптималлаштириш, улардаги таълим сифати ва мазмунини тубдан ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати туғилди.

Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан ўқув-методик ва моддий-техника базаси талабга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган 37 та академик лицейга 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилиш тўхтатилади ва 2019 йил 1 сентябридан уларнинг фаолияти тугатилади;

юқори илмий ва педагогик салоҳиятга, зарур моддий-техник базага эга 68 та академик лицей олий таълим муассасалари тасарруфига ўтказилади.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланди ва эндиликда уларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарликни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги амалга оширади;

академик лицейларга олис ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар ётоқхона ва ота-оналар томонидан харажатларнинг қисман қопланиши ҳисобига (энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида) имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланади;

2018/2019 ўқув йилидан қабул тўхтатиладиган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари таълимни амалдаги ўқув дастурлари бўйича якунлайди ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади;

фаолияти тугатилаётган академик лицейлар педагог-ходимларининг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказларида амалга оширилади;

мазкур таълим муассасалари бинолари, ер майдонлари, бириктирилган олий таълим муассасасига, эҳтиёж мавжуд бўлмаган ҳолда тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимликларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади;

академик лицейларни ўқитиш сифати, моддий-техник база ва малакали ўқитувчилар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини назорат қилиш, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини яхшилаш учун шахсий масъулият тегишли олий таълим муассасалари ректорларига юкланади;

олий таълим муассасалари раҳбариятига бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контрактдан тушган маблағларнинг базавий тўлов-контракт миқдоридан оширилган қисми) ҳисобидан академик лицейлар учун ўқув-лаборатория, компьютер техникаси, дарсликлар сотиб олиш ҳамда ўқитувчи ва ўқувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи берилади.

Академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилиши ҳамда олий таълим муассасалари тасарруфидаги академик лицейлар сонининг оптималлаштирилиши юқори малакали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш имконини яратади.

Академик лицейларнинг ўқув режалари ва ўқув дастурлари қарор талаблари асосида қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан фаолияти тугатиладиган академик лицейларнинг ишдан бўшайдиган ўқитувчиларини ва ходимларини белгиланган тартибда ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.

Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши академик лицейларда ўқитиш сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни танлаш ва мақсадли таълимга йўналтириш, олий таълим муассасаларига кириш учун муносиб номзодларни мақсадли тайёрлашга кенг йўл очади.

Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар