1

ОДАМ БЎЛИБ КЕЛДИК!

МУТОЛАА 29.09.2017, 17:14
ОДАМ БЎЛИБ КЕЛДИК!

“Аканг бўри, тиши теккан жойдан қуруқ қайтмайди”, “Укам, яшасанг, шердек яша!” — кўп ишларда омади чопаётган айрим кишилар томонидан айтиладиган шу каби сўзларни эшитиб қоламиз. Буни инсонларнинг баъзи ҳайвонлардаги ёвуз жиҳатларни ижобий талқин қилиб ўзлаштириши деб қарасак, тўғрироқ бўлади. Яъни бу ўзини мағрур санагувчи кишиларнинг кибр билан айтиладиган “насиҳатомуз” сўзларидир...

Ҳеч эътибор қилганмисиз, инсон хулқидаги кўп жиҳатлар ўзи ёки ўзгалар томонидан турли ҳайвонларга таққосланади. “Буқа қараш қилди”, “Молдек одам экан”, “Тулкилик қилади”, “Ит ётиш — мирза туриш”, “Чаёндек чақиб олди” — бу каби ўхшатишлар салбий маънода келтирилса, “Мусичадек беозор”, “Қўйдек ювош”, “Чумолидек меҳнаткаш” каби ўхшатишлар ижобий сифат дея билдирилади. Агар бу иборалар асосан атрофдаги кишилар томонидан айтилса, ўйлаб кўринг-чи, инсон ўзи ҳақида бундай сифатларнинг ижобийсини танлайдими, салбийсиними?

Сир эмаски, таъбир жоиз бўлса, салбийсини ҳам ижобийликка йўяди. Дейлик, сизни кимдир бўрига ўхшатди, балки бу сиз учун шунчаки ўхшатишдир, аммо яхши инсонсиз дегани эмас. Бўрининг аслига назар солинг, у йиртқич, бўйсунмас, ва тажоввузкор. Хўш, йиртқичлик, бўйсунмаслик ва тажоввузкорлик инсонга қандай обрў келтиради.

Айримлар эса ушбу ўхшатишни ўзларига берилган ижобий баҳо деб қабул қилишади. Бу куйинишга арзимайди, дерсиз? Лекин бирор жонивор характерига ҳавас билан қараш, ўз хулқини жониворларга таққослаш бора-бора инсонни ўша жонивор сифатларини ўзлаштириб олишга ундайди. Шу ўринда “Ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшаш керак” ибораси инсонларни жониворларга нисбатан ҳавас қилишга ундамагани рост.



“Ўйнаб гапирсангиз ҳам...”

“Ҳар қандай сўз ўз ўрнида қўлланса, сеҳрга айланиши мумкин” дейишади донолар. Сўз сеҳрини намойиш эта олиш кўпроқ нотиқлар, шоирлар, ва хонандаларга хос, шу боис улар сўз масъулиятини англаган ҳолда ижод қилиши керак, дерсиз. Аммо бу ҳар биримизни фикрлашга ундаши лозим. Тўғри, кўп ҳолларда айрим ижодкорлар “Бўриман”, “Арслонман”, “Шерман” тарзда шеърлар битишади, хониш қилишади, яна кимлардир кўча-кўйда ўзини арслондек тутиб гапиришади, аммо айнан қайси жиҳати билан бўрию шерга ўхшатилаётганини билишмайди.

Жониворларнинг айнан бирор жиҳатини муболаға қилиб келтириш бошқа, умумий тарзда уларнинг характерига ўхшатиш бошқа. Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўз ўрнида ишлатилган қуйидаги мисраларига эътибор қаратинг:
“Ит бирлан хўтукка қанча қилма тарбият, ит бўлур эшшак бўлур, бўлмаслар асло одамий!” ёки:

Заҳар солмоқ эмиш касби илоннинг,

Мақсади ниш урмоқ эса чаённинг.

Иккиси ногаҳон ҳамла қилса гар,

Ҳоли душвор бўлар ҳар бир инсоннинг.


Деган жумлаларида жониворлар айнан ўзига хос жиҳати билан тилга олиняпти. Шундай экан, ижодда ҳам, ҳаётда ҳам ҳар бир нарсага аслини англаган ҳолда мурожаат қилиш лозим.

Шерга ҳавас қилманг!

Ҳайвонлар шоҳи деб аталувчи шернинг келбати асрлар оша ижодкорлар томонидан сифатлаб келинган. “Шерюрак” каби иборалар билан инсонларга таърифлар берилган, бугунги кунларда шу номдаги фильмлар ҳам ишланган. Келинг, аввал ўйлаб кўрайлик, шерлар нега ҳайвонлар шоҳи саналади? У нимаси билан инсонни ром этган? Куч-қудратда бошқа жониворлар унга бас келолмайди, деб ўйласангиз, адашасиз, кези келганда йўлбарснинг кучи уни мағлуб эта олади, овда ҳам ундан ўтадиган ҳайвонлар талайгина. Балки қуёшга тик боқа олиши билан бошқа жониворлардан ажралиб турувчи шерни ҳайвонлар шоҳи деб аташгандир.

Агар ижодкор муболаға маъносида қуёшни ҳақиқат, шерни унга тик боқа олувчи махлуқот деб таърифласаки, унга ҳавас қилиш мумкин. Аммо шунчаки умумий маънода шерман, арслонман, бўриман, деб бонг уриш ярамайди. Масалан, шернинг умумий бир жиҳатини келтирайлик, ушбу жонивор ўз оиласини бошқа шерлардан жон-жаҳди билан ҳимоя қилиб яшайди, қонли жанг қилади. Борди-ю жангда мағлуб бўлса, ўзидан қолган зурриёдини ўлдириб, ўз жуфтини ғолиб шерга қолдириб кетади. Бу ҳавас қигулик эмас. У мағрурликка ҳам дастак бўла олмайди. Демак, маълум сифатини назарда тутмай туриб бирор жонивор характерига қиёс этиш юзаки қараш ҳисобланади. Сир эмаски, орамизда шундай муносиб инсонлар ҳам борки, таъбир жоиз бўлса, шер ҳам уларга ҳавас қилса, арзийди.

Хусусан бобокалонимиз, Жалолиддин Мангубердининг юрт ҳимоясидаги тутган йўли ва ўз яқинларини душман қўлида қолдирмай сўнгги қилган қарорини мағрурликнинг юксак намунаси дея эътироф этиш мумкин. Шу инсон каби Ватанни ардоқлашга ҳавас қилиш керак. Энг чиройли хислат ҳамда энг муносиб қиёс атрофингиздаги фидойи инсонларга ҳавас билан боқишдир. Ким билади дейсиз, балки ҳайвонларнинг тили бўлганида ҳавас қилгулик зот аслида инсон эканини тасдиқлаган бўлармиди?! Омадингиз юришаётгани бўрилигингиздан эмас, сизни ҳурмат қилишаётгани шерлигингиздан эмас, оддий башар фарзанди ва самимий инсонлигингиздан далолат бўлса, шунинг ўзи катта бахт! Одам бўлиб келдик,шундайяшайлик!

Абдулазиз РУСТАМ ўғли

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1