1977 йилнинг 2 февралида Колумбиянинг Барранкилья шаҳрида ливанлик муҳожир оиласида дунёга келган қизчага «латиф», «Худонинг марҳаматига тўлатилган» маъноларини англатувчи Шакира исмини қўйишди...
Истеъдодли қизча
Отасининг энг кенжа эрка қизи, онасининг эса ёлғизи бўлиб улғайган бу Шакира 3 ёшга тўлар-тўлмас ўқиш ва ёзишни ўрганиб олади. 4 ёшида эса шеър ёза бошлайди. Ота-онаси уни 4 яшарлигида мактабга беришни исташади, аммо бу ёшда мактабга қабул қилишмайди. Аммо 5 ёшида мактабга борган Шакира ҳаммани ўз зеҳни билан ўзига ром этади. Бундан ташқари, Шакира жуда яхши раққоса ҳам эди. Мактабда “бу истеъдодли қизча келажакда ё балет устаси ёки замонавий рақслар бўйича раққоса бўлади”, деб башорат қилишади. Фақат 8 ёшга келибгина Шакиранинг ота-онаси унинг қўшиқ айтиш бўйича қобилиятини сезишади. 10 ёшдан эътиборан эса у ўз шаҳрида ўтказилган барча танловларда қатнаша бошлайди. Бир неча йил ўтгач, Шакира Сиро Варгас исмли амалдор билан танишади. Унинг ижросидан ҳайратда қолган Сиро Шакирага шартнома таклиф қилади. Шундай қилиб, 13 ёшида Шакира мактаб дарслари билан биргаликда биринчи альбоми — «Сеҳр» (Magia)ни ёзишга киришади.
Мактабда ўқиб юрган бўлажак юлдуз ўша ердаги ашулачилар гуруҳида қўшиқ айтиш истагини билдиради. Аммо уни хорга олишмайди. Чунки ўқитувчилардан бири “унинг овози эчкининг маърашига ўхшайди”, дейди. Бу талқин Шакирага ёмон таъсир қилади. Аммо 14 ёшида у шаҳардаги энг таниқли юлдузга айланади.
15 ёшга кирган Шакиранинг «Хавф» (Peligro) номли иккинчи альбоми сотувга чиқади. Аммо альбомдаги фақат биргина қўшиқ мухлислар эътиборини қозона олади. Бу омадсизлик сабабли Шакира иккинчи альбомни сотиш ишларини тўхтатишни илтимос қилади. Бу қўшиқчи учун қийин давр эди: шартнома тузилган, аммо 3-альбом ҳам муваффақиятсизликка учраса. бу Шакира учун қўшиқчилик карьерасига нуқта қўйиш бўларди. Аммо у ўзига хос қайсарлик билан энди Колумбия пойтахти Боготани “ишғол этишга” бел боғлайди. Онаси билан Боготага бориб, «Sony Music» офисига ва «TV GUIA» журнали таҳририятига боради. Журналга берган интервьюсидан сўнг Шакирани «Оазис» номли сериалда бош ролни ижро этишга таклиф этишади. Шунингдек, у «Колумбия телевиденияси гўзали» танловида ҳам иштирок этиб, ғолиб бўлади. “Энг яхши актриса” деган номга ҳам сазовор бўлади.
Йўлда ёзилган қўшиқ ва машҳурлик
1994 йилда «Sony Music» компанияси қўшиқчи билан шартномани бекор қилишга киришади. Аммо сўнгги дақиқада компания томонидан чиқарилаётган қўшиқлар тўплами ичига Шакиранинг ҳам бир таронасини киритишга қарор қилишади. Шакира эса вақтни қўлдан бой бермай, уйдан офисгача бўлган йўлда таксида кетаётиб, «Қайдасан, юрак?» (Dónde estás corazón?) номли қўшиғини ёзади. Бу қўшиқ уни кўпчиликка танитди ва бугунги кунга қадар уни машҳурлик тарк этгани йўқ.
Шакира “Яланг оёқлар” деб номланган учинчи альбомини 1995 йилда Луис Фернандо Очао продюсерлиги остида АҚШда ёза бошлайди. 1995 йил 6 октябрда чиққан альбом қисқа муддат ичида сотилиб кетади. 3-альбомдан сўнг Шакира дунё бўйлаб турнега чиқади. Чунки альбом хит-парадларда биринчи ўринни эгаллайди. Альбомнинг миллиондан ошиқ нусхаси сотилади.
«Йил инсони» мукофоти
1996 йилда хонанда оммавий ахборот воситалари томонидан “Йил инсони”, “Йил аёли” номларига мушарраф бўлади. Бу ҳақиқат эди. У Колумбиядан чиққан ва оламга танилган илк қўшиқчи эди.
1997 йилда эса Шакира Освальдо Риос билан учраша бошлади. 1997 йил 10 октябрда, яъни альбом чиққандан кейин 2 йил ўтиб, Шакиранинг дунё бўйича тури ўз якунига етди. Турне билан биргаликда Освальдо иккисининг севгиси ҳам поёнига етган эди.
Мухлислар талаби
Таниқли бўлиш ҳам, машҳурликни тутиб туриш ҳам осон эмас. Мухлислари Шакирадан 4-альбомни ёзишни талаб қила бошлашганди. Хонандани бир томондан «Буниси ҳам 3-альбом каби шуҳратга эга бўла оладими ёки йўқ?» деган ўй қийнарди. Бошқа тарафдан эса саёҳат пайтида у янги қўшиқлари ёзилган барча қоғозларни ўғирлатиб қўйганди. Лекин барча қийинчиликларга қарамай, хонанда қўшиқ ёзишда давом этади ва Эмилио Эстефан билан танишади. Айнан Эмилио унинг продюсерига айланади ва унинг ёрдамида Шакира тўртинчи альбомини ёзади. Сотувга чиққан альбом биринчи куннинг ўзидаёқ 300 минг нусхада сотилганида хонанданинг барча шубҳа ва қурқувлари тарқаб кетади.
Шунча муваффақиятга эришган инсоннинг армони ҳам бўлмаса керак, дерсиз. Шакира ота-боболари мамлакати бўлган Ливанни зиёрат қилиш, шунингдек, ўлимидан сўнг ҳам бошқаларнинг ёдида қолишни, ҳаётида энг севимли инсонини учратишни истайди.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.