1

ОЗДИРУВЧИ ДОРИ ВА ПАРҲЕЗЛАР ҲАҚИДА

СУҒДИЁНА 03.10.2017, 17:11
Теглар: Саломатлик
ОЗДИРУВЧИ ДОРИ ВА ПАРҲЕЗЛАР ҲАҚИДА

Аёл борки, сарвқомат бўлишни орзу қилади. Фақат бу орзуга кимдир осонликча эришса, кимдандир у катта ирода талаб қилади. Аёл ўз таомномасини назорат қилади, турли парҳезларга амал қилади, муайян машқларни такрорлайди... Аммо баъзилар буларнинг ҳар бирини синаб кўрганда ҳам кутилган натижа бўлмайди. Қуйида озиш учун йўл қўйиладиган хатоликлар ҳақида маълумот берамиз.

Ичакларни тозаловчи, иштаҳани бўғувчи каби турли дорилар қанчалик ёрдам беради?

Бу дори воситаларининг аксарияти вақтинчалик ёрдам бериш таъсирига эга. Аммо ачинарлиси, аёллар кўпинча бу дориларнинг фойдаси ҳақида бир-биридан эшитиб, истеъмол қила бошлашади. Асосан Хитойдан келтирилган, аммо «оздирувчи дори» деган номдан бошқа ҳеч қандай маълумот ёзилмаган бу дорилар инсон саломатлиги учун хавфли бўлиши ҳам мумкин. Тажрибамга асосланган ҳолда айтишим мумкинки, бу каби оздирувчи дориларни қабул қилиш натижасида аёлларда қош, киприк, соч тўкилиши ҳолатларини кузатганман. Шунингдек, аёл организмининг гормонал фони бузилиб, руҳий ўзгаришлар ҳам рўй бера бошлайди. Дори кутилганидек оздиради, лекин шу билан бирга, қоринда шиш ҳам пайдо бўла бошлайди. Баъзи аёлларда киста, турли гижжа ва қуртлар ҳам юзага келади. Қолаверса, аёлда бу дориларга кўникма ҳосил бўлади. Яъни дори ичаётган фурсатда аёл озади, дори ичишни тўхтатиши билан яна семириб кетади.

Турмушга чиқиш арафасидаги баъзи қизлар ҳам тўйдан аввал мана шундай дорилардан ичишади. Кейин эса уларда ҳомила тушиб қолиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилади.

Озиш истагидаги баъзи аёллар ични юмшатувчи дорилардан ҳам фойдаланишади. Бундай дорилар эса ичак мушакларини юмшатиб, бавосил касаллигини келтириб чиқариши мумкин.

Оздирувчи дориларни фақатгина диетолог-шифокор билан маслаҳатлашиб, тана хусусиятларини ўрганган ҳолда ичиш лозим. Энг муҳими, озиш истаги саломатлигингиз учун хавф туғдирмасин!

Бундан чиқди, парҳезлар ёрдам бермайдими?

Ёрдам беради, фақат бу парҳез мутахассис билан биргаликда, аёлнинг умумий саломатлигини текшириб, организми ҳолатини ўрганган ҳолда белгиланиши керак. Аввало тана мушакларини мустаҳкамлаш зарур. Акс ҳолда озасиз, тери эса осилиб қолади. Шунинг учун парҳез билан биргаликда машқларни ҳам канда қилмай бажариш зарур. Бу катта жисмоний қувват талаб қилмайди. Машқлар жуда ҳам осон: эрталабки жисмоний тарбия, югуриш ёки тез юриш, ўтириб-туриш, обруч айлантириш. Аммо бу машқларни доимий тарзда қилиш зарур.

Асабийлашганда овқат ейишдан ўзини тўхтата олмайдиганлар бор. Бунинг сабаби нимада?

Бу аксарият аёлларнинг ўзига-ўзи топган баҳонаси. Нима учун ўша аёл овқат ейиш ўрнига ўзи учун фойдали ва ёқимли машғулот билан асабларини тинчлантирмайди?! Аёлнинг хоҳ у уйда ўтирсин, хоҳ ишласин, ўзини қизиқтирган, завқ ола биладиган машғулоти бўлиши керак. Бундай ҳолларда кўчага чиқиб сайр қилиш ёки яхши китоб ўқиш ё бирорта қўл меҳнати билан шуғуллангани яхши. Яъни машғулот унга ҳам завқ берадиган, ҳам саломатлиги учун зарар қилмаслиги керак.

Туғруқдан сўнг осилиб қолган қоринни тўла йўқотиш мумкинми?

Албатта мумкин. Бунинг учун ҳам ҳаракат лозим. Аёл туғруқдан кейин қорни осилиб қолишини истамаса, албатта «пресс» машғулотини ҳар куни такрорлаши керак. Шунингдек, момоларимиздан қолган одат: туғруқдан сўнг белни боғлаб юриш лозим.

Эркаклар диққатига!

Ҳурматли эркаклар! Эътибор берган бўлсангиз, ишлайдиган аёл доимо гўзал ва уйда ўтирадиган дугоналаридан ёшроқ кўринади. Бунинг сабаби унинг атрофдагилардан эшитаётган эътирофлари билан боғлиқ. Аёлингизни севинг, ундан мақтовларингизни, ширин сўзларингизни аяманг. Шунда у сизга янада гўзал кўриниш учун ҳар қандай вазнни енгиб, сарвиқомат хурлиқога айланиш ҳаракатида бўлади.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1