1

​КАПТАРЛАР ЕТКАЗГАН ХАБАР

МУТОЛАА 05.10.2017, 12:34
​КАПТАРЛАР ЕТКАЗГАН ХАБАР

КАПТАРЛАР ЕТКАЗГАН ХАБАР

Бу воқеага икки йил бўлди. Аввалига эътибор бермагандим, лекин аломатлар бирин-кетин рўёбга чиқаверганидан кейин ўйланиб қолдим, — деб мактуб йўллаган тошкентлик мухлисамиз. — Бувимнинг ҳовлиси Чирчиқ томонда бўлгани учун ёзда ҳавоси тоза, тоғ яқин деб барча қариндошлар дам олишга ўша ерга йўл оламиз. Икки йил олдин ёзда одатдагидек бувимнинг ҳовлисида йиғилдик. Амакиларим, аммаларим ҳам болалари билан келишди. Дам олиш кунларини катта оиламиз билан биргаликда ўтказиш биз болаларга жуда ёқарди. Эркаклар дарров кабоб пиширишга тайёргарлик кўра бошлашди. Аёллар эса турли тансиқ таомлару, салатларни тайёрлашарди. Биз болалар эса сойда чўмилиш, яқин-атрофдаги қирларда югуриб копток ўйнаш билан оворамиз.

Кечки овқат тайёр бўлгач, бизни амаллаб дастурхон бошига йиғишди. Ҳовлининг ўртасига, очиқ жойга дастурхон ёзишди, 79 ёшли бувим барчамизни дуо қилиб, дастурхон тўрига ўтирдилар. Овқатланиб бўлгач, биз бувимнинг пинжига суқилиб шахмат ўйнай бошладик. Амакимнинг ўғлига ютқазиб қўйиб, ўрнимни бошқага бўшатиб бердим-да, кўм-кўк, мусаффо осмонга тикилиб ётдим. Осмонда, жуда баландда, каптарлар галаси доира шаклида гир айланиб учишарди. Доира гоҳ бузилар, гоҳ яна ўз ҳолига келарди. Қушларнинг рақсига маҳлиё бўлиб турганимда, биттаси тўдадан ажралиб чиқди-да, айланиб тўғри бувим томонга учиб кела бошлади. Кейин худди бувимнинг бошига қўнмоқчидек яқин келди-да, қаноти билан бувимнинг бошига ургандек бўлиб, қайтиб кетди. Бошига нима текканини билолмай ҳайрон бўлган бувим юқорига қаради ва узоқлашаётган каптарни кўриб, ранги оқариб кетди. Каптар тўдасига етиб бормай яна орқага қайтди ва яна ўша ҳаракатни қайтарди. Бувим ҳатто қаршилик ҳам қилмаганини кўриб ўрнимдан сакраб туриб, қийқириб қушларни ҳайдай бошладим.

—Ҳайдашингдан фойда йўқ, болам, — дедилар бувим кўз ёшлари дув-дув оқиб.

Ҳамма бувимнинг атрофига йиғилди.

— Яхшиликка бўлсин! Энг кексаларинг менман, хабар менга келган бўлсин... — деди бувим.

Эркаклар бувимни иримчиликида айблаб кулишди. Кейин ҳаммалари турли қўрқинчи воқеаларни гапиришга тушиб кетди. Ўша кеча мен бувимнинг ёнида ётдим ва “Каптарларнинг бу ҳаракати нимадан далолат?” деб сўрадим. Бувим эса “Кўнглим ғаш, болам. Ишқилиб яхшиликка бўлсин, икки марта бошимга қўнди. Икки марта-я!” дедилар ва яна йиғлай бошладилар.

Икки кунлик дам олиш тугагач, ҳамма уй-уйига тарқади ва, табиийки, бу воқеа барчанинг эсидан чиқиб кетди. Лекин орадан бир ой ўтмай, бувимнинг кичик укаси эски иморатни буза туриб, девор тагида қолиб вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитдик... Ўшанда биринчи марта бувим нега бунчалик хавотирланганини тушунгандек бўлдим. Кекса бувим укасининг ўлимини юрагига оғир олди ва бетоб бўлиб ётиб қолди. Бошқалар бу каптар воқеасига ирим деб эътибор беришмади. Фақат мен бувимнинг хавотиридан хабардор бўлганим учун тез-тез улардан хабар олиб турдим.

Бувимнинг хавотири бежиз эмас экан. Қиш кунларининг бирида, кеч тушганда ишдан қайтаётган амакимнинг қизини машина уриб кетгани ҳақидаги совуқ хабар етиб келди. Ўшанда бувим йигирма икки ёшли набирасидан айрилганига қандай чидагани фақат ўзига аён...

Яқинда бувимдан ҳам айрилдик. Ўлимидан олдин бувим мени ёнига чақириб, “Ўша каптарлар яқинларимдан икки киши мендан олдин кетишини билдиришганини кўнглим сезганди. Энди менинг ҳам навбатим келди...” деди. Бувимдан айрилганимдан буён ўйлайман, наҳотки аломатларда сир яширилган бўлса? Нега унда биз бу аломатларни тушунмаймиз? Ёки уни фақат кексалар тушинишадими? Яна ким билади дейсиз, балки буларнинг барчаси тасодифу, кекса бувимнинг хаёлидир...

Дилфуза СОБИРОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1