1

«НИМА ҚИЛСАМ ҚАЙНОНАМГА ЁҚАМАН?»

СУҒДИЁНА 05.10.2017, 18:28
Теглар: Оила
«НИМА ҚИЛСАМ ҚАЙНОНАМГА ЁҚАМАН?»

Муносабатлар кўзгусида қайноналаримизнинг ички оламини кўришга уриниб кўрамиз. Эҳтимол ана шундагина биз тушунолмаётган, бизга ёқмаётган жиҳатларнинг ўзига хос сабаби борлигини, қайноналаримизнинг тилдаги сўзлари дилимизни оғритса-да, кўнглидаги ўйлар баъзан бизнинг фойдамизга эканлигини тушуниб олармиз. Зеро, дунёда мутлоқ ёмон одам ва худди шунингдек, мутлоқ мукаммал инсонни ҳам топиб бўлмайди.

Келин: «Нима қилсам қайнонамга ёқаман?»

Гулнора: — Қайнонамнинг турткилайвериши, тазйиқларидан ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Аммо чидаяпман, чунки ажрашиш ниятим йўқ, уйимизни бўлак қилишнинг ҳам имкони йўқ. Табиатан ғамларимни ичига ютаман, дардимни бировга айтиб бўлишолмайман. Шунинг учунми, асабларим қақшаб, охирги пайтда эртаю кеч дилим хуфтон бўлиб юради. Бу эр-хотинлик муносабатларимизга ҳам таъсир қилаяпти. Қайнонамнинг фикрича, мен ўқиб, уқмаган келин эканман. У кишига кийинишим ҳам, овқатланишим ҳам, уй ишларини бажаришим ҳам, ота-онам ҳам, сарполарим ҳам, гапиришим ҳам, умуман, ҳеч нимам ёқмайди. Ҳовлида кўринмай қолсам, дарров уйимга бостириб келаверади. Исталган пайт жавонларимни текширади, икки маҳал қийин овқатларни буюриб, қозон остиради. Овқатни ейдиган одамнинг ўзи йўқ, ҳамма эркаклар ишда бўлишади, кўпинча овқат ҳам увол бўлади. Бирор марта қовоғини очиб, яхши гап айтмаган, «сиз ясатган меҳмонхонада меҳмонларни кутгим келмайди» деб, нуқул сепим унга ёқмаганини гапиради. Мана, кеча бунинг ҳам кўнгли бор демай, «ўғлим сизнинг нимангизга хотин қилиб ўтирибди? Қоқсуяклигингизни қаранг» деб, қўшни хотиннинг олдида гапирди. Нима қилсам бу аёлга ёқаман ўзи?..

Қайнона: «Мен тарбияламасам, ким тарбиялайди?»

Моҳигул опа: — Шахдам қадам ташлаб, ишларини қилиб, гапларини жойига қўйиб гапирадиган келин топмай хато қилдим ўзи. Ҳеч кўнглимга ўтирмаяпти шу келин. Уйимга келганига 5 ой бўлди, ҳали тузукроқ пардоз қилиб, рангини мослаб, эплаб бирор кўйлак киймади. Онаси қилмаган бўлса ҳам мен унга озмунча сарпо-суруқ қилдимми? Маҳалладаги энг хунук келин дейишаяпти, чунки кўча супурганиям одми халатида чиқиб кетаверади. Менинг қизларим ой деса ойдек, ишиниям, сўзиниям, пардозиниям ўринлатиб, қайноналарини ўзига дугонадек қилиб ўтиради. Бундан ҳеч қандай жонли фикр ҳам чиқмайди, сумрайиб дастурхон четида ўтираверади. Хафа бўлганиниям, хурсанд бўлганиниям билдирмайди. Озғинлигидан ҳомиладор ҳам бўлмаяпти, докторлар дори ичсаям таъсир қилмайди, гормонлар ёғда эрийди, дейишади. Бунга пул кеткизиб даволатишнинг ҳам фойдаси йўқ, шекилли. Онаси ҳам худди ўзига ўхшаган, орзу-ҳавассиз одам. Мен ишлайдиган одамман, деб қуда-андали жойларга ҳам бормай, мени беҳурмат қилади. Мен ҳам ўқиганман, ишлаганман, қаловини топса қор ҳам ёнади. Уйига кирсам, шкафдан ёмон ҳид келди, ҳамма кийимларини тушириб, кир-чирини ажратиб, чойшаблариниям йиғиштириб, ўзига ювдирдим. Ҳозирги ёшлар иш қилишни билармиди, ҳаммасини ўргатиш керак. Мен ишласам ҳам кечқурун пиёз-картошкамни тозалаб, тахт қилиб қўярдим, чучвара тугиб, музлатгичга қўярдим. 30 дақиқада хоним пишириб, қайнонамни хурсанд қилардим, бу ҳамма ишларни секин бажаради. Мантини эрталаб бошласа, кечқурун тайёр бўлади. Ҳозир қийналса, ўрганади. Мен тарбияламасам, ким тарбиялайди? Эртага ўғлим шу эпсиз хотиннинг қўлига қоладими?

Кўзгу нима дейди?

Моҳигул опа — гиперфаол, шартаки, шу билан бирга, майдагап аёл. У ҳаммадан биринчи бўлишни, ҳамма нарсани ўз ўрнида бажаришни ва ўйлаганини очиқ айтишни ўзига мақсад қилган. Гулнора эса ҳамма гапни ўйлаб, мулоҳаза қилиб айтадиган, ўз хоҳиши ва кайфиятига қараб иш тутадиган, имиллаган ва бироз ҳиссиётсиз келин. Аслида нафақат булар, бошқа мавқедаги одамлар ҳам бундай икки хил характерда бир уйда яшашлари қийин кечади. Моҳигул опа «келин қилсам, бундай қайнона бўламан, келиним бундоқ бўлади» деб катта гапириб, катта ўйлаб юрган. Келини кўнглини тўлдирмасликни бошлаган кунданоқ уни ўзича тарбиялаш ишини бошлаган. Агар келини худди ўзи истагандек бўлса ҳам қониқмаслиги мумкин эди. Чунки бундай қайноналар иссиққа ҳам, совуққа ҳам талабчан бўлишади. Моҳигул опа келинига босиқлик билан яхши гапириб иш ўргатиши қийин, чунки унинг зуваласи шу тариқа пишган. У келинлик пайтида қайнонаси «тилиям, ишиям ўткир келин» деб мақтаган бўлса керак. Энди келин ҳам ўзига ва уйига меҳрини кўпайтириб, ўн кулиб, ўн гапириб, шақилдоққинага, қайнонаси билан ғийбатлашиб-суҳбатлашиб ўтирадиганга айланса, Моҳигул опанинг кўнгли бироз тинчийди.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
«ИЧКИЛИК БЎЛМАСА ЭДИ...»

23.12.2017, 17:11

Сайёра, 30 ёш, Жиззах вилояти: — Турмушга чиққанимга ўн йил бўлибди. Икки фарзандим бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Шу йиллар ичида тинч, осойишта, хотиржам яшаганимни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1