"Даракчи" газетасининг "Кеча ва бугун" лойиҳаси қаҳрамони қаҳрамонимиз ҳамкасбларидан бутунлай фарқ қиладиган – машҳурлик ва эътиборга интилмайдиган, ўз дунёсига эга, профессионализмни ҳамма нарсадан устун қўядиган актриса. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра ЮНУСОВА ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди...
"ХАЁЛОТ ДУНЁСИДА ЯШАГАНМАН"
— 1956 йилнинг 25 февралида Тошкент шаҳрида зиёли оилада дунёга келганман. Отам ҳарбий, онам тиш шифокори эдилар. Оилада бир ўғил, бир қизмиз. Онам тарбиямизга жуда эътиборли бўлганлари боис, акам иккимизга телевизор кўриш, кўчада тенгқурларимиз билан ўйнаш, меҳмондорчиликка боришга рухсат бермасдилар. Деярли кўчага чиқмаганмиз, қаергадир кетишса, устимиздан қулфлашарди. Кўчага чиққанимда эса, кўп нарса мен учун янгилик бўларди. Чекловлар боис онамдан яширинча кино, спектакллар кўрардим ва роль ижро этганлар актёр экани ва шу соҳа бўйича таҳсил олиш мумкинлигидан хабар топганман. 8-синфда ўқиб юрган кезларим актриса бўлиш истаги туғилган. Ҳозирги кўпчилик ёшлар тезроқ танилиш, “юлдуз” бўлиш учун санъат соҳасига интилишади. Бизнинг ёшлигимизда мақсадларимиз бутунлай ўзгача эди.

20-сонли рус мактабига борганман. Астрономия, тарих, адабиёт фанларини яхши кўрардим. Аниқ фанлардан ўқишим яхши эмасди, лекин геометриядан синфдошларимнинг ҳам уй вазифаларини чизиб берардим. Математикадан уй вазифасини бажармаган бўлсам, “Тобим бўлмаяпти”, деб ролга кирардим. Дарҳол ҳовлига олиб чиқиб, елпишарди, шу билан қутилиб қолардим (мириқиб кулади). Математика фани тугагунга қадар, ҳовлида ўйнаб юриб, кейинги дарсга кирардим. Мактабда севишганлар орасида почтачи эдим (кулади). Дарсдан сўнг уйимизгача оқадиган ариққа портфелимни ташлаб, ортидан югуриб борардим. Хаёлимда дарёда кема сузиб кетаётгандек тасаввур уйғонарди. Уйга етганимда ариқдан портфелимни олиб, дафтар-китобларимни қуритиб ўтирардим. Болалигимда кўчага чиқаришмагани учунми, одамови, атрофдагилар билан мулоқот қилишга тайёр эмасдим. Ёлғон гапиришса, ҳазм қилолмасдим. Жанжал, ғийбат, зарда қилиш, алдов каби жиҳатлар табиатимга зид. Мен учун дунёда ёмон одамнинг ўзи йўқ. Ҳамманинг яхши фазилатини топишга уринаман. Ёмонлик қилган одамга ҳам лом-мим, демайман. Шунчаки у мен учун йўққа чиқади, холос.
"ЯШИРИНЧА ИНСТИТУТГА КИРГАНМАН"
— Мактабни тугаллашим арафасида қариндошлар қайси соҳани танлашимни сўрашганида, актриса бўлмоқчилигимни айтганман. Ўшанда “Вой, артист бўласанми?” деб устимдан кулишган. Бу қалбимга озор етказган, қаттиқ хафа бўлганман. Феълимда шундай жиҳат бор: қанча тўсиққа учрасам, интилишим икки карра кўпроқ ошиб боради. “Ҳали шундай зўр актриса бўлайки!” дея олдимга катта мақсад қўйганман. Аввалги Тошкент Театр ва рассомлик институтига талабалар қабул қилинаётгани ҳақидаги эълон қўлимга тушиб қолган. Истагимни уйдагиларга айтсам, отам “Санъаткорнинг фарзандигина шу соҳа эгаси бўлади. Сенинг ҳатто битта шеър ўқиганингни кўрмаганмиз”, дея онам билан қатъий қаршилик қилишган. Бу вазиятни индамай енгганман ва ота-онам дам олгани кетганларида яширинча имтиҳонга борганман. Ўқув театри саҳнасида чироқлар остида ўтадиган имтиҳондан ваҳимага тушганман. Актёрлик маҳорати бўйича ўтказилган имтиҳоннинг иккита босқичидан ўтолмаганман. Тортинчоқ, соддагина, кўримсизгина бўлганман-да. Шунда домлалар Қўғирчоқ актёрлиги бўлими очилгани ва унга ҳеч ким ҳужжат топширмагани, истаганлар шу бўлимда ўқиши мумкинлигини айтишган. Ўйлаб ўтирмай, ҳужжатларимни шу йўналишга ўтказганман. Бахтим шунда бўлганки, бу йўналишда дарс берадиган домланинг ўзи бўлмаган. Ва драма актёрлиги йўналишига ўқишга қабул қилинган талабалар билан ўқийверганмиз. Ўзимга ишончим бўлмагани боис деярли партанинг тагига яшириниб ўтирардим. Шунда домламиз Изза Исеева “Нега беркинасан, қани чиқ-чи”, деб эътибор қаратарди. Домла менда яширин иқтидорни кўрган бўлса керак-да, барини уддалашимга ишонч уйғота олган. Курсимизда талаба кам бўлса-да, жуда иқтидорли эдик. Сара спектаклларда роль ўйнаганмиз, танловларда доим биринчи ўрин бизга насиб қиларди. Институтни тамомлагач, Самарқанд театрига йўлланма бермоқчи бўлишди. Шунда ота-онам қариндошларга билдирмай ўқитишаётганини айтиб, рад этганман. Деканимиз “Унда ўзинг Тошкентдаги театрлардан бирига иш сўраб бор”, деган. Ўшанда қўрқмай, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига борганман. Ичкарига кирганда йиғлаб юбормаслик учун ташқарида туриб, тўйиб-тўйиб кўзёш тўкиб олгандим. Театр бош режиссёри Баҳодир Йўлдошев “Курсинг билан кел, бадиий кенгашга парчалар кўрсатасизлар”, деган. Саралаш куни беш дақиқалик муҳокамадан сўнг устоз санъаткор Наби Раҳимов “Табриклайман, Сайёра!” дегани ҳануз ёдимда. Сўнг ўз даврининг етук актёрлари билан суҳбат бўлган, очиғи, уларнинг салобати босган. Ўша вақтда тажрибага тўла кекса актёр-актрисаларимиз ўн бештачани ташкил қиларди. Ҳозир афсуски, кекса авлод актёр-актрисалари жуда кам. Уларнинг борлиги ёш актёрлар учун тайёр “мактаб” вазифасини ўтайди.

Шундай қилиб, 1977 йилнинг сентябридан ишга тушганман. Бош режиссёр Баҳодир Йўлдошев қўрқмай “рўйхатларда йўқ” спектаклидаги бош қаҳрамон ролини берган. “Олтин девор”да Зуҳра, "Ал-Фарғоний”да Фирдавс, "Гамлет”да Гертруда каби катта-катта ролларни ишониб топширарди. Баҳодир ака “Зебунисо”да Зебунисо ролини берганида кўпчилик ҳамкасбларим “Сайёра назокатли, нафис аёл эмас, ролга тушмайди!” деган. Шунда Баҳодир акага “Бошқа актрисани олинг” деганимда, “Бу аёл сиёсатчи, қатъиятли. Актрисасиз, нима роль берилса, шуни ўйнайсиз” деган. Сира “Фалон ролни ўйнасам эди”, деган орзуга берилмаганман. Қандай роль берилмасин, ундаги инсонийлик ва ўзига хос характерини излаб, ўша роль билан “касалланаман”, хаёлим фақат қаҳрамонимда бўлади. Мен учун актёрлик соҳасининг лаззати шунда. Тақдимот, қарсаклар, мухлислар давраси, эътибор, тинмай телевизорда кўринавериш чарчатади. Биргина мисол: “Опа-сингиллар” сериалида роль ўйнамасам бўлар экан. Кўчада ҳар қадамда тўхтатиб, саволга тутаверишади. Гап шундаки, пиёда, ўз дунёимда юришни ёқтираман. Ҳамкасбларим ролининг сўзини ёдлашади, мен эса ҳар битта сўзда яшайман. Одатда пиёда юрганимда ролимни ижро қилиб кетсам, атрофдагилар “Телбами?” деб ўйласа керак (кулади). Агар кўринмас одамга айлантирадиган қалпоқ бўлганида, ечмай кийиб юрардим. Домлаларимиз “Мухлис билан санъаткор ўртасида кўринмас девор бўлиши керак. Уларни бир вақтнинг ўзида ҳам ҳис қилиш керак ва аксинча”, деб ўргатган. Тўғри, меҳнатимиз мухлислар учун, лекин саҳнага чиққанда қаҳрамоним ҳаётига шу қадар кириб кетганимдан томошабин борлигини унутаман.

“Бир кошона сирлари”да тижоратчи, ўзига бино қўйган Дилора исмли аёл ролини беришганида, “Менинг табиатимга тескари экан”, деб рад этганман, шунда режиссёр “Актрисасиз, эплайсиз!” деган. Биласизми, бошқа одам қиёфасига кириб яшаш завқ беради. Ҳозирда буви ролларини ўйнашга ўтдим. Авваллари “Вой, кампирларни ўйнайманми?” деб ваҳима босарди (кулади). Режиссёр билан ишлашни, вазифа олишни яхши кўраман. Ҳатто 70-80 ёшга кирсам ҳам, 1-синф ўқувчисидек диққат билан режиссёрга қулоқ солиб ишласам керак. Авваллари мумтоз асарлар саҳналаштирилса, тарих домлалари театрга келиб, актёрларга дарс беришарди. Ҳозир негадир бу анъана йўқолиб кетди. Театрда драматургия, режиссуранинг йўқлиги дилимни хуфтон қилади. Театрни театр қиладиган бу – бош режиссёр. Актёрлар эса унинг меҳнатини юзага чиқариб берадиган сабабчилар.
"ХАРАКТЕРЛИ РОЛЛАРНИ ИЖРО ЭТГИМ КЕЛЯПТИ"
— Кинога турмуш ўртоғим, режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Шайтанат” сериали орқали қадам қўйганман. Сўнг “Сув ёқалаб”да роль бердилар. Аслида режиссёр танламайман, менга сценарийнинг “юк”и борлиги муҳим. Бироқ Жаҳонгир акадан сира роль сўрамайман, таклиф қилсалар рад этаман. Боиси, Жаҳонгир акага суратга олиш майдончасида режиссёр сифатида қаролмайман. Шу боис, ҳамманинг олдида танбеҳ берсалар юрагимга оғир ботади. Бошқа режиссёр уришса, заррача кўнглимга олмайман.

Режиссёр Рустам Саъдиев фильмларига кўп чақиради, Мирмақсуд Охунов каби тажрибали режиссёрларнинг фильмида иштирок этганман. Сўнгги вақтларда режиссёрлар эзилган, қийналган оналар “қолип”ига солиб қўйишди, бунга қиёфам сабабдир. Бир хилликдан чарчаганим боис бир йилдан буён фильмларда суратга тушмаяпман. Фақат яқинда режиссёр Абдухалил Мингноровнинг “Зурриёд”ида қатъиятли аёл ролини ижро этдим. Феълимга тескари бўлган характерли ролларни ижро этгим келяпти. Биласизми, режиссёрлар тайёр актёрлар билан ишлашни исташади, ортиқча меҳнат қилиб вақт йўқотишни хоҳлашмайди.
"ИЖОД ЙЎҚОЛИБ, ҚИЙИНЧИЛИК КЎПАЙГАН"
— Театрда ишлаб юрган кезларим, Римма Аҳмедова ва Ҳожиакбар Нурматов дубляжга олиб боришган. Анча йиллар эпизод роллар билан тажриба орттириб юрганман. Эркли Малекбоева, Ҳамза Умаров, Римма Аҳмедова, Обид Юнусов, Ёқуб Аҳмедов каби дубляж усталарининг биргина нафасининг ўзидан лол қолардим, ҳаяжон босарди. Илк бор “Келинлар қўзғолони”да актриса Дилором Эгамбердиевага овоз бергандим. Биринчи катта ролим эса, “Ошин” номли япон сериалида Ошин ролини овозлаштирганман. Бу соҳада менга катта ёрдам берган дубляж устаси Ойбарчин Бакирова.

Ҳозирги дубляж – синхрон таржима бўлиб қолган. Ижод йўқолиб, қийинчилик кўпайган, холос. Назаримда, ҳар бири 10 та қаҳрамонга овоз берадиган тўртта актёрнинг ўрнига, матнни битта актёр ўқийдиган қилиб қўйиш керак. Дубляж мактабини қайта ташкил қилиш учун Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида дубляж йўналиши очиш керак. Ҳар йили қанчадан-қанча талабалар битиради, лекин театрларда бўш иш ўрни йўқ. Натижада улар тирикчилик қилиш учун тўйга чиқишни бошлашади.

"ЮРАГИМ "ЖИЗ" ЭТГАНДИ"
— Турмуш ўртоғим Жаҳонгир Қосимов билан санъат сабабли танишганмиз. Кунларнинг бирида театр йўлагида Муқаддас Холиқова, Зуҳра Ашурова, Маҳфуза Боботиллаева, Луиза Қосимова билан эртанги куннинг жадвалини кўриб турсак, эшикдан кулранг пальто, оқ шарфда бир йигит кириб келган. Ўшанда юрагим “жиз” этганди. Кейин билсам, Жаҳонгир аканинг ҳам юраги алланечук бўлган экан. Дўсти режиссёр Абдухалил Мингноров “Бир йигит сиз билан танишмоқчи”, деб элчилик қилганди (кулади). Уч кундан кейин юрагини очганлар. Сўнг совчи юборганлар, 1984 йилда оила қурганмиз. Уч фарзандимиз бор, Жавоҳир режиссёр, Баҳодир монтажчи. Икки ўғлимни уйлантирганмиз, 4 набиранинг бува-бувисимиз.
Қизим Ирода эса Тошкент давлат шарқшунослик институтининг халқаро иқтисод йўналишининг 3-босқич талабаси. Жавоҳир “Актёр бўламан”, деганида рухсат бермагандим, боиси, актёр режиссёрга қарам “халқ”. Фарзандларим театрда катта бўлганининг ҳам таъсири бормикин, қизим ҳозир режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг “Дийдор” театр студиясига қатнаяпти. Назаримда, бир йилда бир юракни тўкиш учун санъат хоббинг бўлиши керакдек. Чунки ҳаммага иқтидор берилган, унга урғу берилса, катта марраларни забт этиши шубҳасиз.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ






