Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди.
Янги нишон Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамда мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида таъсис этилди.
Эсдалик нишон билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади.
Нишон билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Нишон Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари ва бошқа республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, шу ишга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.
«Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.
Эсдалик нишонининг қалинлиги – 2,2 миллиметр.
Эсдалик нишонининг олд томони марказида оқ эмалдан ишланган саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Юлдуз марказида, таралаётган қуёш нурлари фонида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангли эмалдан ишланган ҳилпираб турган тасвири акс этган. Юлдузнинг тепа қисмида баландлиги 3,5 миллиметр бўлган «25» ёзуви, пастки қисмида эса баландлиги 2,5 миллиметрли «YIL» ёзуви жойлашган. Эсдалик нишонининг пастки қисмида, саккиз қиррали юлдуз остида мовий рангдаги эмалдан ишланган очилган ҳолатдаги китоб – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тасвири акс эттирилган. Ёзувлар зарҳал рангда.
Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб оқ эмалли доирада «O‘ZBЕKISTON KONSTITUTSIYASIGA» сўзлари ёзилган. Пастки қисмида, марказда иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида бир-бирига туташтирилган ҳолатдаги иккита зайтун новдаси тасвирланган. Ёзувлар ва тасвирлар зарҳал рангда бўлиб, ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметрни ташкил этади.
Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган бўлиб, пастки қисмида, марказда «2017» ёзуви жойлашган.
Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.
Эсдалик нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.
Эсдалик нишони шойи лента билан қопланган тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида уланган. Шойи лентанинг ўртасидан эни 7 миллиметрли яшил рангли йўл, унинг икки четидан эса сариқ рангли энсиз чизиқлар билан ҳошияланган эни 2,5 миллиметрли иккита оқ рангли йўл ўтган. Шойи лентанинг чекка қисмлари бўйлаб эни 2,5 миллиметр бўлган мовий рангли йўллар ўтган.
Қадағичнинг бўйи – 16 миллиметр, эни – 25 миллиметр.
Қадағичнинг орқа томонига эсдалик нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.






