Ҳомиладор аёл кўнгли тусаган нарсани истеъмол қилиши шарт дейишади. Қуйида она ва туғилажак фарзанднинг соғлиги учун фойдали маҳсулотлар рўйхатини ҳавола этамиз.
- Сут ва қатиқ маҳсулотлари — кальций моддасининг асосий манбаи! Кун давомида 200-300 гр.гача сут истеъмол қилиш Омега-3 ёғ кислотасининг меъёрини таъминлайди. Тунги уйқудан олдин ичилган қатиқ эса овқат ҳазм қилиш фаолиятини таъминлаб, ошқозондаги оғирликни бартараф этади.
- Гўшт — организмни оқсил, темир ва В гуруҳ витаминлари билан тўйинтиради. Шу билан бирга, юракка ҳам қувват бериб, ҳомила ривожланиши учун фойдалидир. Гўштнинг энг маъқули — ёғсиз, қайнатилган, буғда тайёрланганлари.
- Наъматак, қорағат, малина бўлажак оналарнинг буйрак фаолияти учун фойдали озуқадир. Бундай меваларни мураббо кўринишида ёки чой ўрнида дамлама тайёрлаб қабул қилиш мумкин.
- Мева ва сабзавотлардан истаганча истеъмол қилиш мумкин. Бироқ аллергик ҳолатларга мойиллиги борлар айниқса, цитрус меваларни эҳтиёткорлик билан тановул қилиш керак. Сабзавотлардан ҳар кунги таомнома учун бирор енгил салат тайёрлаш фойдадан холи бўлмайди.
- Балиқ гўшти таркибида D витамини ва фосфор бўлиб, у туғилажак боланинг асаб тизими фаолияти учун жуда зарур.
- Пишлоқ, творог каби маҳсулотларни ҳар бир ҳомиладор аёл истеъмол қилиш шарт! Творог ва пишлоқ таркибидаги моддалар ҳомилада турли патологиялар юзага келмаслигини таъминласа, аёл учун кўриш қобилияти, тишлар, соч ва суяклар мустаҳкамлиги гаровидир.
- Картошка таркибида фақат крахмал бор, деб ўйласангиз, адашасиз. Ҳомиладор аёллар учун картошкадаги фолий кислотаси ва калий моддаси фойдали. Бу маҳсулот юрак-қон томирлар фаолиятини меъёрлаштириш хусусиятига ҳам эга.
- Ёнғоқ. Туғилажак боланинг асаб ва иммун тизими яхши бўлишини истасангиз, кунора бўлса-да 4-5 тадан ёнғоқ еб туринг.
- Тухум сариғидаги холин моддаси боланинг ақлий фаолияти учун жавобгар бўлса, хром моддаси ҳомиладорлик дастлабки ойларидаги кўнгил айнишларининг олдини олади.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.