1

Шахбоз Низомиддинов: “Cоғлигим сабаб санъатни тарк этишга тўғри келди”

ШОУ-БИЗНЕС 01.02.2014, 10:39
Шахбоз Низомиддинов: “Cоғлигим сабаб санъатни тарк этишга тўғри келди”
Ижод қилиш, санъат нонини ейиш осон эмас. Баъзан шунчаки тасодиф ӽам киши ӽаётини бутунлай ӱзгартириб юбориши мумкин. Шаҳбоз Низомиддинов! Бу ном кимларгадир «Ялла» гурухини, яна кимларгадир фарзандлари билан қўшиқ куйлаган оилани эслатиши мумкин. Бугунги саҳифамизда унинг ижоди ва фаолиятига яқиндан назар солишимиз мумкин... 

 
 «Вой, Анжанликмисиз?..»

— Болаликка қайтиб қолишни хоҳлардим! Чунки, у даврлар ўзига хос беғуборликка тўла бўлади. Бу паллада ҳамма вақт гўё қорнинг очроқдек туюлади. Ахир ҳамиша ҳаракатда бўлади-да, одам. Оилада олти ўғил, икки қиз бўлганмиз. Мен учинчи фарзандман. Раҳматли отам Шаҳобиддин Низомиддинов устоз санъаткорлар Аброр Ҳидоятов, Карим Зокиров, Муҳриддин Қориёқубов каби санъаткорлар билан бирга ўқишган. 1930 йилларда Москвадан Тошкентга қайтганидан сўнг вилоят театрларида фаолият юритган. Мен отам Андижон тетрида ишлаган кезлари дунёга келганман. Шунинг учун паспортимда туғилган жойи Андижон вилояти, деб ёзилган. Кўпчилик «Вой, Анжанлик экансиз-а?» дея таажжубланишади. (Кулиб), аслидаТошкент вилояти Қибрай туманида улғайганман. Ёнимизда дўкон бўларди, ёдимда, у ерда буханка нон сотиларди. Тошкент Темир йўлларини нони, дейишарди. Мазаси ўзгача эди, ҳозиргача ўша таъмни қумсайман. Мактабда рус синфида ўқиганман. Мақтанишга йўйманг-у, ўзбек миллатига мансуб бўлсам ҳам рус тилида ёзган иншоимни ўқитувчимиз кўпинча “барчага ўрнак бўлсин!” деб ўқиб берарди. (Жилмайиб) асли кимдадираниқ фанлар, яна бошқаларда ижтимоий фанларга бўлган қобилияти юқори бўлади.

Мен иккинчи тоифага кирсам керак. Адабиёт, тарих фанларига қизиқишим баланд эди. Шунингдек, катта-катта актёрларимизга тақлид қилиб, улардек гапиришга ҳаракат қилардим. Шеърлар айтиб, қўшиқ куйлаб мактабдаги барча тадбир, ҳамда турли учрашувларда
мунтазам қатнашардим. Мактабда меҳнат ўқитувчим гитара чаларди, директор муовини эса дўмбира. Улар доимо менга жўр бўлишарди, Ботир Зокировнинг ҳамма қўшиқларини куйлардим-да (кулади)! Мактабда ўтадиган оддий тадбирлар ҳам ўшапайтлари катта байрамга айланиб кетарди. Машҳур асарлардан парчалар ижро этардик. Менимча, болаларни қобилиятини шакллантиришда ҳам бу каби тадбирларнинг ўрни беқиёс бўлса керак.
 
«Санъатни танлаганим учун домламмендан хафа бўлган»

— 8-синфда ўқиб юрганимда мени мусиқа мактабига олиб боришган. Мусиқий эшитиш қобилиятига кўра болалар саралаб олинарди. Шундай қилиб, 1960 йили ўқишга қабул қилинганман. Ўша ерда беш йил таҳсил олиб, сўнг ҳозирги Тошкент Давлат маданият ва санъат инситутида таҳсил оганман. У ерда Ёдгор Саъдиев, Жамшид Зокиров ва Гавҳар Зокирова билан бирга ўкиганман. Институтни имтиёзли диплом билан битирганман. Театрга жуда қизиқардим.

Аммо тақдир мени институтимиз қошида очилган «Ялла» гуруҳига етаклади. «Ўзбекконцерт»га ишга олишган. Йил давомида  жомадонни кўтарганча «Ялла» гуруҳи таркибида  гастрол сафарларида юрардик. Биласизми, институтдаги актёрлик маҳорати дарсидан сабоқ берган домлам раҳматли Турсунбой Исроилов икки йил  аразлаб, мен билан гаплашмай юрган. У киши театрни ташлаб, мусиқа санъатига ўтиб кетганимни ҳазм қила олмаган. Нега эстрадани танлаганим боисини ҳалигача изоҳлаб бера олмайман. (Ўйланиб), ўша вақтлари гуруҳни ҳамтарк этолмасдим. Чунки, таркибни мустаҳкамлаб, гуруҳ нуфузини кўтариш керак эди. Ўн йил ўша ансамблда ишладим. Ҳаётда ҳеч ким ҳеч нимага кафолат бера олмас экан... Москвада оғир операцияни бошдан ўтказдим. Шундан сўнг, Тошкентга қайтиб, радиога ишга кирдим. Эстрада симфоник оркестрида фаолият юритишни бошлаганман. «Нозик», «Изҳор» каби илк қўшиқларим ҳам айнан шу паллада ёзилган. Уйғун, Абдулла Орипов, Эркин Вохидовнинг шеърларини қўшиқ қилганман. Менимча, яхши шеър тилни чархлайди, сўзларни тўғри талаффуз қилишни ўргатади. Ҳар қандай ижодкорнинг нутқини ўстиришда ҳам шеърнинг ўрни катта.
 
«Зарина ютуққа ўз истеъдоди билан эришмоқда»

— Рафиқам — биринчи танқидчим. У бутун ҳаётини оилага ва фарзандаларга баҳшида этган. Санъаткор бўлмаса ҳам, ижодни яхши тушунади. Чунки, қайнотам адабиёт фани ўқитувчиси бўлган. Болаликдан фарзандларида адабиёт ва санъатга нисбатан меҳр уйғота олган. Рафиқам — ҳақиқий суянчим! Учта фарзандни биргаликда вояга етказдик. 1990 йилларда оилавий ижод қилишни бошлаганмиз. Аслида бу тасодиф эди. Чунки атай бу йўналишни танламагандим. Болаларимнинг ўзи бунга туртки беришган. Уларнинг фаоллиги, мусиқий қобилияти эътиборимни торган, истеъдоди борлигини пайқаганман. Айниқса, катта қизимда бу яққол сезилган ва уччовини ҳам санъатга олиб кирганман. Болаларимнинг илк қўшиқлари сўзлари ҳамда мусиқасини ўзим ёзганман. Ўғлим Шоҳрухнинг «Ҳой бола, қўлингни узатма, бизнинг маҳалла қизларини кузатма» қўшиғи ёдимда. (Кулиб), бу қўшиқ ўша пайтлари жуда машҳур бўлганди. Назаримда, уларга ижод ижобий таъсир кўрсатган. Катта қизим ва ўғлим гарчи санъат йўлидан кетмаган бўлса ҳам, омма олдида ўзларини эркин тутишга, муомала қилишга, туйғуларини очиқ ифодалашга ўрганишди. Кичик қизим Зарина эса кинода қатор ролларни ижро этаяпти. Секин-аста маҳорати ошиб бормоқда, дейишим мумкин. Конститутциямизнинг йигирма бир йиллиги байрами муносабати билан «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонини қўлга киритди. Шунингдек, унинг иштирокидаги фильмлар бир қанча халқаро танловларда муносиб ўринларни қўлга киритди. Ота сифатида Заринанинг ютуқларидан қувонаман, албатта!
Менимча, қизим юртимизнинг санъати ривожига кичик бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Эл-юртни кўнглини олиш, халқ мехрини қозониш қийин. Ҳар хил гап-сўзлар бўлиши мумкин, бироқ ишонч билан айтаман, барига Зарина ўз ҳаракати ва меҳнати билан эришмоқда! Тез орада унинг қўшиқчиликдаги маҳоратига ҳам баҳо бериш мумкин бўлади. Чунки у бир қанча қўшиқлар ёзган ва уларга клип олишни ҳам режалаштирмоқда. Санъат майдони — ҳақиқий марди-майдон. Бу ерда ҳеч қандай таниш билишчилик ўтмайди. Фақат кучлиларгина бу «қозон»да қайнаши мумкин!

Ҳозирда етти набиранинг бувисиман. Катта қизимда учта қиз, бита ўғил, Шоҳрухда иккита,
Заринада эса битта ўғил. Уларнинг орасида Заринанинг ўғлида санъатга бўлган қобилиятни пайқаганман. Чунки, болаларимнинг болалиги билан солиштирганимда, набирамда ҳам худди ўша жўшқин кайфият, истеъдод кўринади. Оиламизда ҳеч қачон кимнингдир фикрига босим ўтказилмаган. Агар набирам санъат соҳасини танласа албатта қўллаб-қувватлайман. 
 
«Шунчаки қўшиқ куйламайман

— Қўшиқларимнинг ҳар бири мен учун қадрли! Уларни сира ажратмаганман. Умуман қўшиқни шунчаки ёзмайман. Биласизми, бу санъатда аввало шеър муҳим, деб ўйлайман.
Баъзан мусиқа устига сўз тўқиш орқали қўшиқ яралади. Балки эскича услубда ишларман. Аммо биринчи навбатда шеър танлаб, сўнг унга куй басталайман. Агар ҳақиқий ижодкор бўлса, шеър билан мусиқани мужассамлаштира олади. Лекин бунинг ўзи камлик қилади. Қўшиққа жон киритиш учун ижодкор уни юракдан куйлаши керак. Четдан қараганда, энг осон жараён — тайёр қўшиқни куйлаш ҳисобланади. Аммо бу ўзига яраша анча мураккаб.

Ҳозир нафақадаман. Янги уйга кўчдик, уни жиҳозлаш масалалари билан бандман. (Кулиб), ижодимга келсак, ҳали ҳам тадбирларга чақириб туришади, эски қўшиқларимни сўрашади. Кезикелганда биргаликда ижро этишади. Ана шундай мухлислар бор экан — биз ҳам бормиз! Ижод қиламиз! Ҳеч қаерга кетмаганман ва кетмайман ҳам. Инсонларнинг меҳр-муҳаббати эса бизни яна изланишга ундайди. «Мени эшитинглар, мен куйлаяпман!» деб ижод қилишни ўзимга эп билмайман. Мухлисларнинг санъатингизга бўлган самимий ва илиқ фикригина илҳомлантириши мумкин. Ҳар ҳолда менда шундай. Санъатимга қизиқиш бор экан, ижод қиламан. Ҳозирда эски қўшиқларимга янгича сайқал бериб, тақдим этиш устида ишлаяпман. Аввал куйлаган вақтимда ёш бўлганим учун қайсидир сўзларини юракдан ҳис эта олмагандирман. Ана шу каби камчиликларни тўлдириш ва янги қўшиқларни яратишни истайман!                

Ҳадия АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1