АсосийSUG'DIYONA

ЛАРА ФАБИАН: «БАХТЛИ ЁКИ БАХТСИЗ БЎЛИШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА!»

'ЛАРА ФАБИАН: «БАХТЛИ ЁКИ БАХТСИЗ БЎЛИШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА!»'ning rasmi

У саҳнага ортиқча ясан-тусанларсиз, одмигина пардоз қилиб, тақинчоқларнинг ҳам соддагиналаридан тақиб чиқади. На раққосалар бор, на ялтир-юлтур томоша. Мухлислари унинг лирик сопрано деб аталгувчи, ўзининг айтишича, 2,1 октавадан ошмайдиган овозини тинглаш билангина баҳра оладилар.

Биз сени севамиз!

2007 йили 24 ёшида иқтидорли қўшиқчи Грегори Лемаршаль туғма касаллиги туфайли вафот этади. У билан дуэт куйлаган Лара Фабиан ёш дўстининг бевақт ўлимидан кейин саҳнага чиқади-ю, куйлолмайди... Шунда залда тўпланган олти минг киши ўрнидан туриб, қўшиқ куйлайди. Хонанданинг «Je t'aime» (Мен сени севаман) қўшиғидаги сўзларни ўзгартириб, «On t'aime» (Биз сени севамиз) деб ижро этишади. Лара Фабиан эса кўзларида ёш билан қўшиқни давом эттиради.

Миллионлаб мухлисларга эга бу замондошимиз ким?

Лара Фабиан (асл исми – Лара Крокарт) 1970 йилнинг 9 январида Бельгиянинг Эттербике шаҳрида дунёга келди. Онаси сицилиялик, отаси бельгиялик бўлгани боис тили уч тилда чиқди – у итальянча, инлизча, французчада бемалол гапириди, ҳатто ўйлайди ҳам.

Лара ким бўлсам экан, деб бошини қотирмаган бахтли одамлардан бири: ёшлигидан мусиқани ёқтирар, беш ёшидан қўшиқ куйлаб, ўзи ўйлаб топган тароналарни ҳиргойи қилган бўлса, саккиз ёшида унга пианино олиб беришади. Шундан сўнг мусиқа ва рақс билан жиддий шуғуллана бошлади, сал каттароқ бўлганида эса Брюсселдаги Қироллик академиясида вокал йўналишида таълим олди.

Илк қадамлар

Лара ўн тўрт ёшидан отасининг гитараси садолари жўрлигида Брюсселдаги клубларда чиқа бошлади. Европада ўтказиладиган мусиқий танловларда иштирок этиб, уларнинг аксариятида ютуқли ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. бундай тажрибага эга бўлган ёш Лара янги иқтидорларни кашф этишга қаратилган мусиқий танловда ҳам қатнашади. Унинг иқтидори ҳакамларни шунчалик лол қолдирадики, улар танловнинг уч мукофотини ҳам унга беришга қарор қиладилар. Бош мукофот эса – пластинка ёзиш эди. Шундай қилиб, Лара 17 ёшида биринчи пластинкасини чиқаради. Пластинка Европанинг ўзида 600 минг нусхада сотилади. Бир йил ўтиб Евровидениеда иштирок этиб, тўртинчи ўринни қўлга киритади. Бу унинг халқаро миқёсда танилишининг бошланиши эди холос.

Уммонлар оша

1990 йили Фабиннинг кўнгли ижод эркинлигини тусаб, Канадага кўчиб кетади. Сабаби эса – унга қадим Европада ақл ўргатадиган, йўл кўрсатадиганларнинг кўпайиб кетгани эди. Янги муҳит, янги одамлар унга ҳақиқатан илҳом бағишлайди. Лара мусиқа ёзишга киришиб, деярли барча қўшиқларини ўзи яратади. Меҳнатлари зое кетмайди, унинг овози аввал Канадани кейин Франция, Швейцария ва Европанинг бошқа маммалакатларини мафтун этади. 1996 йили Францияда унга «Йил кашфиёти» унвони берилади, уни нафақат француз тилида гаплашувчи давлатларда, балки АҚШ ва Хитойда ҳам севиб тинглашади.

2000 йилнинг ёз ойларида у катта ижодий сафар уюштириб, Франция, Швейцария, Германия ва Бельгияда концертлар ўтказади. Кейинги йилларда эса Москва ва Гаитида худди шундай катта чиқишлар қилади.

15 йиллик ижодий фаолияти давомида унинг альбомлари ўн миллиондан кўп нусхада бутун дунё бўйлаб тарқалди. Лара эса ўзини сира ҳам юлдуз санамайди, у ўзини куйлашни эплайдиган шоира, деб аташни хуш кўради.

«Мадемуазель Живаго»

Хонанда саҳнада ҳам, экранда ҳам хунук кўринишдан қўрқмайди, туфлисиз, бошқа қўшиқчилар сингари улкан оркестрлару ортидан туриб унга жўр бўлиб турадиган қўшиқчиларсиз ҳам саҳнани забт эта билади. Россиялик ижодкорлар томонидан яратилган «Мадемуазель Живаго» фильмида эса у концлагерь маҳбуси ролини ижро этади ва уни 20 ёшга қаритиб грим қилишларига рози бўлади. Қизиғи, бир пайтлар Ларанинг онаси Борис Пастернак асари асосидаги «Доктор Живаго» фильмини томоша қилиб, таъсирланганидан қизига бош қаҳрамон Ларисанинг қисқартирилгани – Лара исмини берган экан.

Бу ҳақда Ларанинг ўзи шундай дейди: «Агар фильмда ҳамма биладиган Лара Фабиан чиққанида қизиқ бўлмасди. Назаримда, муҳими – таваккал қилиб, одам ўзининг янги қирраларини кашф эта билишидадир». У одамларга ёрлиқ ёпиштиришларини ҳам, тўсиқлар қўйилишини ҳам суймайдиганлардан.

Муҳаббатнинг букурлари

1996 йили Ларанинг юрагини машхур «Notre-Dame de Paris» мюзиклида «букри» ролини ижро этган Патриком Фиори забт этади. Бу пайтда Фабианнинг ўзи ҳам Эсмеральда ролини ижро этган фақат мюзиклда эмас, Дисней мультфильмида овоз берганди. «Мен уни ўзимдан ҳам ортиқ севардим» деб хотирлайди қаҳрамонимиз Патрик Фиорини. Ёш, хушсурат, ўткирнигоҳли актёр ҳақиқатан унинг ҳаёти мазмунига айланганди. «Яхши дарс бўлди менга! Менинг муҳаббатимга муҳаббат билан жавоб бермаган эркакни учратганимдан бахтиёрман!» Ахир Патрик кимсан Лара Фабианни ўзига лойиқ кўрмаганди-да! Қандай қилиб? Қандай ҳадди сиғибди? Ваҳоланки, Патрик севиш нималигини ҳали англаб етмаган оддий одам эди холос. Ҳаққий муҳаббат эса – чуқур, азоб-уқубатларни ёриб чиққан ва чегара билмайдиган туйғудир. Хуллас, муносабатлар иккисини ҳам бўға бошлади. Лара севгининг тасдиғи сифатида вафодорликни талаб этса, Патрик ёри бағрикенг ва кечиримли бўлишини истарди. Бироқ ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлгани каби, Лара кучли кечинмалари таъсирида иккита янги альбом яратди. «Бир томондан, муҳаббат бизга тепадан берилиши аниқ, иккинчи томондан бу бизнинг танловимиз. Одамлар тақдир тақазоси билан бир-бирлари билан учрашадилар. Аммо муносабатларнинг қай йўсиндан кечиши, унинг бахтли ёки бахтсиз бўлиши ўзимизга боғлиқ» дейди хонанда. «Ёшлигимда айтган қўшиқларимни тингласам, шижоатим ва ғайратимдан ҳайратга тушаман. Бир нечта октавани олиб, томошабинларга измимдаги энг баланд ва энг паст ноталарни намойиш этардим. Муносабатларда ҳам худди шундай қилибман. Ортиқча уриниб юборибман! Шундан сўнг саҳнада ҳам эркаклар билан муносабатларда ҳам буткул ўзгардим.» Натижада у ўсди! Ўзини борича қабул қилиб, бошқа ижрочиларга тақлид қилишдан буткул воз кечиб, ўз туйғулари, ўз кечинмаларига ишониб, куйлай бошлади. Энди унинг овози ҳотиржам ва вазмин, шу билан бирга шиддатли ва таъсирли жаранглай бошлади.

«Ўшанда мен ким ҳақ, ким ноҳақ деган гапларнинг бари пуч эканини, муҳими – айни муносабатлар иккимизни биз орзу қилган бир нуқтага олиб келиши кераклигини англадим». Шундан сўнг унинг атрофида умуман ўзгача одамлар пайдо бўла бошлади. У машхур продюсер, режиссёр ва бастакор Жерар Пуличчино билан танишди. «биз бир-биримизга қарадик-у, бирга бўлишимиз кераклигини англадик. Бизни бирлаштирувчи томонлар кўп эди – оилага муносабатимиз, эътиқодимиз, фикрлашимиз бир хил».

2007 йилнинг 20 ноябрида эса Лара Фабианнинг ҳаётида қувончли воқеа содир бўлади – хонанда қиз фарзандни дунёга келтиради. Қизалоққа Лу деб, Ларанинг онасининг исмини беришди.

Очиқ ва самимийлиги билан мухлисларининг кўнглида муҳаббат уйғота олган Лара Фабиан қирқдан ошиб ҳам миллионлаб инсонлар қалбини забт этишни давом этмоқда...

Назокат АБДУҚУНДУЗОВА

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар