АсосийSUG'DIYONA

«ПРЕПАРАТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРИШ МУМКИНМИ?»

'«ПРЕПАРАТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРИШ МУМКИНМИ?»'ning rasmi

23 ёшдаман. Асли тошкентликман, лекин айни дамда Чехия давлатида таҳсил олаяпман. Бир неча ой аввал шифокорлар менга қалқонсимон без фаолияти билан боғлиқ гормонларнинг меъёридан ортиб кетиши ташхисини қўйишди. Чехияга кетишим керак бўлгани боис шифохонада тўлиқ даволанолмадим. Даволовчи шифокорим менга Мерказолил препаратини буюрганди. Кетиш олдидан гормонлар таҳлили текширилиб, шифокор томонидан препарат миқдори камайтирилди. Шифокор кўрсатмасига кўра бу ойда ҳам гормонларни текшириш учун таҳлил топширгандим. Лекин натижаларни таққослаш учун даволовчи шифокорим билан боғлана олмаяпман. Препарат миқдорини камайтиришим мумкинми?

Гулшан, Чехиядан

Наталья Ни, олий тоифали шифокор-эндокринолог: — Бу касалликда гормонлар кўп ишлаб чиқилгани боис тиреостатик препаратлар буюрилади. Дори миқдори гормонлар статусига кўра камайтирилиши мумкин. Бу ҳолатда беморнинг умумий аҳволи ёки бошқа шикоятлари эмас, айнан гормонлар даражаси текширилиши керак. Муолажа давомийлигини назорат қилиш учун Т3, Т4 гормонларининг эркин фракцияларини текширтириб, сўнг дори миқдори белгиланади. Муолажа таъсири самарали бўлиши учун 1,5-2 йил давомида мунтазам тартибда олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Касалликни қатъий назорат қилиш учун албатта шифокор назорати керак. Агар ўз билганингизча дори миқдорини камайтирсангиз, нохуш асоратларга олиб келиши мумкин. Касалликка нотўғри ёндашилса, қайталаниш хавфи бўлиб, асоратлари эса аёлларнинг репродуктив саломатлигига таъсир этмай қолмайди. Энг маъқули таътилга чиққач, уйингизга қайтиб, даволовчи шифокорингизга учранг.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар