Дилдора, 35 ёш, Самарқанд шаҳри:
— Оилавий поликлиникада педиатр шифокор бўлиб ишлайман. Жудаям болажонман. Ўзимнинг икки фарзандим бор — бир ўғил, бир қиз. Иккаласи ҳам балоғат ёшида. Кўз тегмасин, фарзандларимнинг ўқишидан нолимайман. Лекин иккаласи ҳам барча нарсанинг сўнгги урфдагисига эга бўлишни истайди. Бу нарса мени ҳам, турмуш ўртоғимни ҳам қийин вазиятга қўймоқда. “Ойи, менга олиб берган телефонингизнинг янгиси чиқибди, шуни хоҳлаяпман”, “Баҳорда олиб берган пальтойингиз бу мавсумда урф эмас, мен уни киймайман…” Бунга ўхшаш гапларнинг худди адоғи йўқдек. Чарчаб кетдим, турмуш ўртоғим билан ҳар бир нарсанинг меъёри, уволи бўлишини айтсак, “Сизлар замондан орқада қолгансизлар, тушунмайсизлар”, дейишади.
Бу ҳам майли... Қизим кийганида қорни очилиб турадиган шим кийишни истайди. Ўғлим эса кенг шим олиб берсак ҳам, бизга билдирмасдан шимини тор қилиб тиктириб олади. Бу ҳол икки марта такрорланди. Болаларим сўзимга кирмаганига бир куйинсам, соғлиғи учун яна куйинаман. Ахир, қорни очилиб юрган қиз эртага она бўлади, тор шим кийган йигит ота бўлади. Бу нарсаларнинг ўзига яраша зарари борлигини шифокор бўлиб яхши тушунаман, лекин фарзандларимга тушунтиролмай қийналиб кетдим. Куни кеча эса ўғлим қошининг тепасига зирак тақгиси келаётганини айтганида ҳушимдан айрилаёздим. Фарзандларимга тўғри тарбия беролмаяпман деб, ўзимни ёмон кўриб кетдим... Маслаҳатингизга муҳтожман!
Маслаҳат: — Жуда қийин вазият. Фарзандларингизга тарбия беришда бироз адашганмисиз дейман. “Ҳечдан кўра кеч” дегандларидек уларни энди қўлга олишга ҳаракат қилинг. Ўқишини, юриш-туришини қаттиқ назоратга олинг, атрофидаги дўстларини кузатинг. Хоҳлаган нарсаларинг учун маблағни ўзинг топ, деб биронта ишга жойлаб қўйинг. Шунда меҳнат қилишни ўрганади, жамоада ишлаб ўзининг хатти-ҳаракатини балки ўзгартирар? Зиёли инсонлар атрофини ўраб турса, улардан уялиб ҳам ўзининг бачкана истакларидан воз кечади.






