1

«ҚУЛЧИЛИК»НИНГ ҚОИДАЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?

СУҒДИЁНА 28.10.2017, 16:09
Теглар: Психология
 «ҚУЛЧИЛИК»НИНГ ҚОИДАЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?

«Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насаби, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлиги, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб келин туширдим». Бу буюк Амир Темурнинг тузукларидан иқтибос. Темурдек улуғ ҳукмдор келин танлашни давлат ишлари билан тенг кўрган экан, демак, бу ишга чандон масъулият билан ёндашмоқ ҳар бир ота-онанинг бурчидир. Ахир, келин – бу келажак авлод, тоза насл, тотув оила, саранжом рўзғор дегани.

Зарни баҳолаш учун, заргар бўлиш лозим

Илгари – ўзбеклар ҳаёти ичкари ва ташқари ҳовлига ажратилган даврларда – махсус совчи аёллар тўй-ҳашамлар, мавлуд-маъракаларда қизларнинг дарагини эшитиб, имкон бўлса, ўзларини кўриб, эркакларга хабар беришган, савдони эса эркаклар пиширишган. Ахир, эр кишининг сўзи сўз, бу билан аҳднинг қатъийлиги ва маҳкамлиги кафолатланган. Бизнинг кунларда келин қидириш бирмунча осонлашди, аммо совчилик масъулияти заррача озаймади. Аксинча, ортди. Чунки энди гугл, ижтимоий тармоқлар, гўзаллик салонларию махсус фотокамера ва фотошоп аталмиш сеҳрли таёқча шундай гўзал ва ақлли қизларни (аниқроғи, улар ҳақидаги иллюзияни) яратмоқдаки, бу ҳолатда зарни баҳоламоқ учун ҳақиқий заргар бўлмасангиз, ишлар чатоқ. Ахир, интернетдаги маънили суҳбатлари ва чиройли суратлари билан қизлар йигитларнинг қалбига йўлни анча қисқартира олдилар. Лекин оналар ҳушёрликни бой бермасликлари керак. Ёшлар оила қуришда хато қилмасликлари учун катталарнинг тажрибаси жуда муҳим. Тажрибали совчи эса бу ўринда тиллога тенг. Хўш, рисоладаги совчилик қандай амалга оширилади? Нималарга эътибор бериш керагу, қайси ишоралар аҳамиятга молик эмас? Шу саволарга жавоб излаймиз.

  • Насл-насаб. Ҳа, бу энг биринчи шарт. Бўлажак келиннинг таг-зоти суриштирилади. Бу асло мансаб, мартаба дегани эмас. Унинг аждодлари орасида гиёҳванд, ақли ноқис, ичкиликка берилган, маънавий бузуқ инсонлар бор-йўқлиги аниқланади. Чунки бу иллатларнинг “суяк суриши” ҳеч кимга сир эмас. Албатта, отаси ичкиликбоз бўлса, қизининг бахтли оила қуришга ҳаққи йўқ дегани эмас бу! Шунчаки «эрурсен шоҳ, агар огоҳсен сен» дейилади-ку. Яъни, билсангиз, қарши чораларни қўллаш имкониятингиз ортади. Ҳозир тиббиёт, хусусан, генетика ҳам анча ривожланган, мен сизга айтсам.
  • Оилаларнинг мослиги. Бу қуда бўлишга чоғланган оилаларнинг дунёқараш, қадриятлар ва интеллект томондан мослиги демакдир. Савдогар учун фойда, иқтисод, пул – қадрият, олим учун китоб; кимдир келинининг сепига қарайди, кимдир ички дунёсига. Бордию ўртада муҳаббат уйғониб, ёшлар бу нарсаларга эътибор бермасалар ҳам, катталар буни назардан соқит қила олмайдилар. Чунки туйғулар ўткинчи бўлиши мумкин, аммо тарбия ва одатлар бир умрлик. Қолаверса, ҳамма оилалар ҳам йигит ва қиз муҳаббати устига қурилавермайди, совчилар орқали келишиб оила қураётганлар кўпчиликни ташкил этади. Демак, совчиликка борганда бу жиҳатни, албатта, эътиборга олиш керак.
  • Саломатлик. Нега буни учинчи ўринга қўйдик? Бу асло муҳимлик жиҳатига кўра эмас, муҳимликда балки саломатлик энг юқори турар. Бу жараённинг тартиби-да. Чунки ҳеч ким насл-насаб ва оиласини суриштирмай туриб қизнинг ўзи билан қизиқишни бошламайди. Демак, сиз наслини суриштириб, оиласини ўрганиб, ва ниҳоят, қизнинг ўзига эътибор қарата бошладингиз. Агар бирон жиддийроқ дарди бўлса, буни яширишнинг иложи йўқ. Лекин айрим касалликлар пинҳона кечади. Қаранг, қиз тийракми, ранги тозами, хатти-ҳаракатлари аниқми? Аёлларда ички туйғу, сезги бор. Шу орқали келинни тафтиш қилсалар бўлади.
  • Уй тутиш. Қизлик уй саранжону саришта бўлиши табиий. Аммо бу қизнинг ишимикан ё янгаларининг? Совчилар баъзида гиламлар тагини кўтариб кўришади, кўрпачаларнинг астарига дастурхону сочиқларнинг тозалигига қарашади. Булар бари маъқул.
  • Онаси. «Онасини кўриб, қизини ол» деган гап бежизга айтилмаган. Сиз онасини нафақат ташқи кўринишига эътибор беринг, унинг қариндошлар билан муносабатини ҳам тафтиш қилинг. Қайин-бўйин билан яхшимикан, меҳмондўстми, қайнонасининг дуосини олганми, ўз жигарлари билан оқибатлими? Буларнинг бари бўлажак келиннинг феълида, одатларида акс этиши турган гап.

Нима қилмаслик керак?

  • Аввало, совчиликка боришда аёллар ҳаддан ортиқ бўянманг, тиллаларга безаниб олманг. У оиладагиларнинг дидини билмайсиз – бу бир, сизни мақтанчоқ ва манман деб ўйлашлари мумкин – бу икки.
  • Кўп сўзламанг, кўп тингланг, айниқса, биринчи боришда. Чунки сиз ҳозир маълумот йиғгани келган «разведкачи»сиз. Умуман мум тишлаб олинг, демаймиз. Албатта, исми шарифингиз, ўғлингизнинг ёши, маълумоти, касби ва ҳоказо умумий маълумотларни айтишингиз керак. Аммо кўпроқ келин томон ҳақида ахборот йиғишга интилинг. Агар тўплаган маълумотларингиз ўзингизга ёқса, кейин секин «кўзир»ларингизни чиқарсангиз бўлади, масалан куёвнинг мансаби, маоши, машинасининг маркаси ва бошқалар. Бирданига ҳамма маълумотни айтиб қўйиш тизгинни қизнинг онасига топширишдир. Қарши томон сиздан олган маълумотга қараб ўзи ҳақидаги хабарларни таҳрирлаб, сизга мослаб, демакки, аслидан бошқачароқ қилиб айтиши мумкин.
  • Хулоса чиқаришга шошилманг. Қизнинг онаси совчилар олдида ҳаяжонаниши, гапини йўқотиши мумкин. Бундан аёл ниманидир яширяпти, гапини эплаб гапира олмас экан, деган хулосаларга келманг. Агар кўнглингиз шу оилага чопган бўлса, онаси учун яна бир имконият беринг.
  • Ички овозингизни эътиборсиз қолдирманг. Баъзида совчиликка бориб, ҳаммаси рисоладагидек оилани топгандек бўласиз, аммо уйга қайтгач, негадир, кўнглингиз ғаш бўлаверади. Бу бежиз эмас: аёлларда ички сезги кучли, ўзингиз биласиз. Хўш, нимга кўнглингиз ғаш? Шу савол устида бош қотиринг.
  • Қарор беришга шошманг. Бу умр савдоси. Йигитни ҳам зўрламанг. Балки битта кўришда у қарорини айта олмас, ёки атрофдагилар босими остида берган қарорини кейин ўзгартириб қолар. Шу сабабли кўнгил жиз этмаган, пухта ўйланмаган, худди ўз ўлчамингиздаги пойафзал каби лоп-лойиқ келмаган вариантни шошилиб тасдиқлаб қўйманг. Бир кунлик тўйнинг орзу-ҳаваси деб қилган шошқалоқлигингиз кейин қимматга тушиши мумкин. Бир марта учрашди нима-ю, икки марта нима? Керак бўлса, ҳеч бир олди-бердисиз, йигит ва қизнинг шунчаки яна бир бора учрашишига имкон яратиб беринг. Икки мартада ҳам юрак сапчимаса, бу савдони қўйинг.

Хуллас, умр савдоси – савдоларнинг мушкули. Совчилар ана шу бозорнинг қон томирини ушлаб турган иштирокчилардир. Уларнинг тажрибаси, маҳорати ва донолиги бир эмас, икки умрга татигуликдир.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1