АсосийSUG'DIYONA

ЖАБРДИЙДАЛАР, РОЛИНГИЗНИ ЎЗГАРТИРИНГ!

'ЖАБРДИЙДАЛАР, РОЛИНГИЗНИ ЎЗГАРТИРИНГ!  'ning rasmi

«Қайнонам ёмон. Ҳаётда рўшинолик кўрмадим...», «Овсиним менсимайди, тинчлик бермайди» деган мазмундаги мурожаатлар кўпайиб бормоқда. «Сизга дардимни тўкиб солмоқчийдим, эшитганингиз учун раҳмат» дейилади мурожаат сўнгида. Йўқ, биз шунчаки дардингизни тўкиб солиш учун қўнғироқ қилгансиз деб ҳисобламаймиз. Бу қадамни қўйишга ахд қилибсизми, демак муаммо бор. Ҳал қилиш учун эса вазиятни чуқурроқ ўрганиш керак. Биз эмас, айнан сиз уни тадқиқ ва таҳлил этишингиз лозим. Буни қандай қилишни эса руҳшунос Шаҳноза Халилова ўргатади.

Ҳаммамиз актёрмиз!

Шекспир бу дунёни саҳнага, одамларни эса актёрларга қиёслаганида қанчалар ҳақ эди. Чунки ҳар биримиз ҳаётда қайсидир ролни ижро этамиз. Муаммоли вазиятлардан актёрлик маҳоратимизга таянган ҳолда чиқишга уринамиз. Келинг, бугун мана шу роллардан учтаси: жабрдийда, таъқибчи ва халоскор ҳақида гаплашамиз.

Баъзида киши турмушдаги муаммоларнинг ечимини тополмай қолади. Бу ҳар биримиз билан юз бериши мумкин бўлган ҳолат. Шунда ожиз қолганимизни тан оламиз-да, атрофдагилардан ёрдам сўраймиз. Қайсидир маънода жабрдийда ролига кирамиз. Буни яхши ёки ёмонга, тўғри ёки нотўғрига ажратиш керак эмас. Бироқ саҳнада жабрдийдадан ташқари муаммони келтириб чиқарган таъқибчи (қайнона, эр, қайнсингил ва бошқалар) ва доим ёрдамга тайёр халоскорлар ҳам бор. Кўриб турганингиздек Бермут учбурчаги пайдо бўлди. Келинг, биринчи навбатда актёрларнинг ҳар бири билан яқиндан танишиб олсак:

Жабрдийда (сурункали тури). У сўзсиз яхши инсонлар қаторида туради, бировга зиёни тегмайди (аслида провакатор бўлиши ҳам мумкин), одамлар уни тан олишади ва ёрдам беришади. У ҳеч кимга йўқ демайди. Чунки атрофдагилар уни қадрлашларини, умуман уларнинг фикрларини муҳим санайди. Лекин нимагадир ҳеч “кетмони учмайди”. Шунгами, доим омадсизликларига, албатта, кимлар ёки нималардир айбдор. Хуллас умри, масъулиятни юклаш учун “халоскор”ни ахтариш билан ўтади. Таъқиб. Эсингиздан чиқмасин у таъқибчи! Бари у айтгандек бўлиши лозим. Агар кишилар берган ваъдаларига амал қилишмаса, уни эшитишмаса ва тушунишни исташмаса, бунинг учун жавоб беришлари керак. Ва жазо беришни айнан таъқибчи ўз зиммасига олади. Хуллас, ўйин унинг қоидалари асосида кечса, қулоғингиз тинч бўлади. Мабодо, акси бўлса, томошанинг зўрини кўрасиз.

Халоскор. У маълум ютуқларга эришган инсон. Бошқалар эса у эришган нарсаларга эга эмас. Халоскор буни адолатсизлик деб билади. Атрофдагиларга қийин пайтда маза қилиб яшашни истамайди. Ахир бечораларга ёрдам қўлини чўзиш керак эмасми? Одатда, бундай кишилар “Ҳавотирланманг, мен сизни қутқараман ва овутаман” деган қоида асосида яшайдилар. Яъни одамларга тасалли бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигига, табиат уларни шундай қобилият билан сийлаганига ишонишади ва буни амалда қўлламасалар ўзларини кечира олишмайди.

Илдизи болаликда

Хўш, нега кишилар жабрдийда ёки ожиз ролини танлайди? Аслида вазиятнинг илдизи гўдакликка бориб тақалади. Гўдак қорни очса, ўзи тўйғаза олмайди, ёки бирор ноқулайликни сезса, бартараф этолмайди. Чунки у буни амалга оширишга чиндан ҳам ожиз. Боланинг ҳаёти бевосита ота-онасига боғлиқ. Демак, йўлини қилиб, ота-онанинг диққатини жалб этишни ўрганиши керак. У нима қилади, йиғлайди, бироз каттароқ бўлганида эса эркаланади ёки ялинади. Одамларнинг эътиборини тортишнинг бу усули, яъни жабрдийдалик ўша даврда шаклланади. Фақат инсон улғайгач ҳам иш берадиган ўша эски усулига бот-бот мурожаат қилаверади. Нима учун дейсизми? Эҳтимол, муаммони ечишнинг бошқа усулини билмагани учундир. Ёки ўзини уринтиргиси келмас.

Нега ожизликни танлашади?

Аслида «ожизлик» сўзи «ёмон» сўзи билан синоним эмас. Бу усул билан кичик фронтларда ғалабага ҳам эришиши мумкин. Бироқ кўпгина аёллар бу ролга шу қадар киришиб кетишганидан уни касб қилиб олганларини ўзлари ҳам сезишмайди. Бу эса вақти-соати етганида зиёнларига хизмат қила бошлайди. Чунки атрофдагилар охир оқибат бу ролдан чарчайдилар. Муносабатларни тўғри йўлга қўя олмагач эса узоқлашишга интилишади. Қолаверса, жабрдийдалар қувватни ўғриловчилар қаторида туришади. Битта гапни бир неча марта қайтариш ҳам уларга хос одатлардан бири. Бу эса атрофдагиларга чинакамига ноқулайлик туғдиради. Қолаверса, бу ҳолатлари(ўзини ожиз кўрсатиш)дан ғайришуурий тарзда манфаатдор бўлишлари ҳам мумкин.

Муаммонинг ечими бор

Агар юқоридаги белгиларни ўзингизда кузатган бўлсангиз, одамлар шу ҳолатимдагина менга ёрдам беради деган фикрни қаттиқ ушлаб олганингизни сезсангиз, имкон қадар тезроқ чора кўришга ҳаракат қилинг. Тўғри, ҳолингизни кўриб кимлардир бошингизни силаши, овутиши мумкин, бироқ бу ҳаётингизни тикишингизга арзимайди. Чунки кўп муаммоларга айнан ўзингиз ечим топишга қодирсиз. Вазиятни ўзгартириш учун нима қила оламан, дея ўзингизга савол беринг. Масъулиятни зиммангизга олишингиз, юзага келган ҳолатни яхшилашга енг шимариб киришишингиз лозим. Биз сизга ундай қилинг, бундай қилинг дея маслаҳат бера олмаймиз. Чунки ҳар бир «қурбон»нинг ҳолати турли сабабларга кўра юзага келади.

Ким айбдор?

Инсон жабрдийда ролини танлашига кўпинча ота-оналар, дўсту биродарлар, эр ёки хотин, хуллас, уларнинг бошини силаб, масалани ҳал қилиб беришга ўргатиб қўйган яқинлари сабабчи бўлишади. Шунинг учун ҳам икки кишининг ўртасидаги муаммоли вазиятга аралашишда чегараларни билиш муҳим ҳисобланади. Айниқса, улар таъқибчи ва жабрдийда ролини танлашган бўлишса! Чунки учинчи томон халоскорга айланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса ҳар қандай вазиятда ҳам эҳтиросга берилмасликни ўрганинг. Ҳис-туйғуларингизни аралаштирдингизми, демак ўзингизда ҳам ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар мавжуд. Чунки одатда халоскор жабрдийданинг муаммоларини тинглар экан, унда ўзини кўради. Жабрдийдани эмас, ўзини қутқаришга ҳаракат қила бошлайди. Натижада учбурчакнинг ичига тушади ва ундан чиқиб кетиши даргумон. Бу дегани сизга муаммосини айтаётган инсонга бефарқ бўлинг, эътибор берманг демаймиз. Унинг дардини тинглаш, ичидагини айтиб олиши учун имкон яратиш лозим. Фақат муносабат билдирмаган ҳолда. Агар «Эринг (қайнонанг, қайнсинглинг) одам эмас экан! Шунақаям азоблайдими?» деб юборсангиз учбурчакка қўшилдингиз дегани. Асл мақсадингиз яқин кишингизга ёрдам бериш бўлса-да, таскинларингиз уни кучсиз қилиб қўяётганингизни тушунишингиз лозим. Раҳм-шавқат ва ёрдам қўлини чўзишнинг ҳам меъёри борлигини унутманг.

Чиқиш йўли қаерда?

Учбурчакка тушиб қолган ҳар бир инсон унинг ҳар учала бурчагида бўлишига тўғри келди. Ҳар уч қаҳрамонни ўйнашга мажбур. Энди табиат қонунига кўра роллар алмашинуви юз бериши тайин. Айтайлик, қизингизни хафа қилган эрини тавбасига таянтиришга киришдингиз, ўйлаб кўринг бу вазиятда халоскордан куёвингизнинг таъқибчисига айланмадингизми? Ёки келинидан арзи-ҳол қилган қайнонанинг ғийбатини қўллаб юбордингиз, энди у додини айтишдан тўхтамайди. Натижада сиз жабр кўрасиз, кимларнингдир муаммолари билан бошингизни қотирасиз, сиқиласиз. Муҳими вақтингизни бесамар ишларга сарфлайсиз. Халоскордан жабрдийдага айланасиз.

Оқламаймиз, қораламаймиз ҳам

Кишилик муносабатларида инсонни яхши ёки ёмонга ажратиш керак эмас. Гарчи ким жабрдийдаю ким таъқибчи экани кундек равшан туюлса-да, хулоса чиқаришга шошилманг. Чунки кўрганларимиз ҳар доим ҳам кўринганидек шаффоф бўлавермайди. Баҳо беришни бошладингизми, учбурчакнинг ичидасиз. Баъзи ҳолларда ўзини жабрдийда кўрсатувчи кишилар таъқибчини ғайгришуурий тарзда шу ишни амалга оширишга ундаётган бўлиб чиқади. Шунинг учун баҳо беришдан қочинг.

Нима қилиш керак?

Фарзандингиз, яқин инсонингиз жабрдийдага айланиб қолмаслиги учун унга ишонч билдиринг. Ёрдам беринг, тушунтиринг, йўл-йўриқ кўсатинг. Аммо зинҳор-базинҳор у учун масалани ечиб берманг. Ҳаёти, ҳатти-харакати ва қабул қилган қарорларига жавобгар эканини тушунсин.

Саодат ОЧИЛОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар