АсосийSUG'DIYONA

УЙ ШАРОИТИДА ТАБИИЙ ТОЗАЛАШ ВОСИТАЛАРИ ТАЙЁРЛАЙМИЗ!

'УЙ ШАРОИТИДА ТАБИИЙ ТОЗАЛАШ ВОСИТАЛАРИ ТАЙЁРЛАЙМИЗ!'ning rasmi

Табиий тозаловчи воситаларни тайёрлаш ҳар бир беканинг қўлидан келади. Мен буни уддалолмайман, дейсизми? Ишонмаймиз! Ахир бунинг учун энг оддий нарсалар ва озгина хафсала керак, холос. Ванна, раковина, ошхона жиҳозлари, ойна ва дераза ромларини тозаловчи табиий воситаларнинг рецептлари эса талайгина. Демак, гўзал хонимлар, ишга киришамиз...

Ишни ваннани тозалашдан бошлаймиз!

Ваннани тозалаш воситасини тайёрлашга киришамиз. Атир совунни қирғичдан чиқариб, қайнаган сув қўшинг. Қуюқ бўтқа ҳолига келгунигача аралаштиринг. Бир ош қошиқ истеъмол содаси қўшсангиз, унинг тозаловчи кучи янада ортади. Тайёрланган восита ёқимли ифор таратиши учун бир неча томчи эфир мойи (масалан, лаванданики)ни қўшиш мумкин. Шунингдек, эфир мойлари дезинфекция қилиш хусусиятига ҳам эга.

Ҳаммомдаги ойна, дераза, кафелларнинг сиртки қисми буғ ва сув таъсирида хиралашиб қолади. Уларни тозалашда сирка ажойиб восита ҳисобланади. Сув пуркагичга сирка ва сувни тенг миқдорда солиб, аралаштиринг. Сирканинг ҳидига тоқатингиз бўлмаса, аралашмага бир неча томчи эфир мойи қўшишингиз мумкин. Лекин тозаловчи восита қуриганидан кейин сирканинг ҳидидан асар ҳам қолмайди. Аралашмани тозаланадиган юзага сепиб, юмшоқ мато билан артинг. Кимёвий таркибга эга воситалардан фарқи шундаки, уни ювиб ташлаш шарт эмас, ўзидан сўнг из ва доғ қолдирмайди.

Ошхонага йўл оламиз!

Ошхонадаги шкаф, стол ва бошқа юзаларни тозалаш учун осон тайёрланадиган универсал воситани таклиф этамиз. Бунинг учун 1 стакан сув, ярим стакан спирт ва худди шунча сирка керак бўлади. Агар бу воситани сақлаб қўймоқчи бўлсангиз, дистилланган сувдан фойдаланишингизни ва усти ёпиладиган идишда сақлашни маслаҳат берамиз. Тайёр аралашмани пуркагичга солиб, ярим чой қошиқ апелсинли эфир мойини қўшишингиз ҳам мумкин. Ҳар гал фойдаланишдан олдин идишни силкитинг.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар