АсосийSUG'DIYONA

ЭНРИКЕ ИГЛЕСИАС: «МЕН ОТАМНИНГ СОЯСИ ЭМАСМАН!»

'ЭНРИКЕ ИГЛЕСИАС: «МЕН ОТАМНИНГ СОЯСИ ЭМАСМАН!» 'ning rasmi

«Менинг ҳаётим қўшиқдан иборат! Қўшиқларим эса муҳаббатдан...» Романтик, оптимист, келишган йигитнинг ҳаётий ҳақиқати бу. Жаҳон саҳнасини овози, имижи, испанча хонишлари билан забт этган, «Грэмми» мукофоти совриндори Энрики Иглесиаснинг муваффақият сири ҳам ҳаётга бўлган муҳаббатида!

Футбол ва шеър...

Энрике севишган дилларни «Nostalgie»си («Соғинч») ила вальсга чорлаган, номи Гиннес рекордлар китобига киритилган Хулио Иглесиаснинг учинчи фарзанди. Хонанданинг онаси ҳам замонасининг машҳур телебошловчиси бўлган. Севги-муҳаббат билан оила қурган, икки ўғил ва бир қизнинг ота-онаси бўлган бу жуфтлик Энрике уч яшарлигида расман ажрашишади. Болалар онаси ва бобоси (Хулионинг отаси) билан Мадридда, катта Иглесиас эса Майамида яшай бошлайди.

«Болалигимда мен ҳам отам каби футболчи бўлишни истардим. Кун бўйи кўча чангитиб, қош қорайганда уйга кириб келардим. Ойим эса доим мени «Устингнинг кирлигини қара, бурнинг ҳам қонаптими? Нима азоб-а сенга тўп ортидан югуриб? Барибир, артист бўласан-ку», дея кутиб оларди». Ҳайрон қолардим, ҳамма футболчи бўлишни орзу қилганлар катта бўлганида қўшиқ айтармикан, деб. Ахир отам ҳатто Мадриднинг «Реал» ёшлар жамоасида дарвозабон бўлган-ку! Эсимни таниб билсам, автоҳалокатга учрагач, миллонлар ўйинининг юлдузига айланиш орзусидаги дарвозабонга шифокорлар футболни тақиқлашган экан».

Оила ажримидан кўп ўтмай, Иглесиаслар хонадонига босқинчилик уюштирилади. Болаларга пўписа қилишади. Уларнинг тақдиридан хавотирланган Хулио фарзандларини Майамига кўчириб келади.

«Мен бойларнинг болалари ўқийдиган мактабга борардим. Эрталаб синфдошларим ялтираб турган «Мерседес»дан виқорла тушишганида мен шалдироқ машинада аранг етиб олардим», дея эслайди Энрике мактаб даврини. Бугун дуённинг энг чиройли йигитлари сафининг бошида турадиган хонанда ўша пайтлари мактабдаги энг кўримсиз болалардан бири бўлган. Тағин кўпга қўшилавермас, хонасига қамалиб олиб, кундалигига шеърлар ёзарди. Бахтсизлик, қайғу-ҳасрат ва орзулар ҳақида...

Калтак ва исён

Ўн олти ёшга тўлгач, у куйлаш ҳақида ўйлаб қолади. Бу шунчаки миллионларнинг севимлисига айланган отасига ҳавасмас, қалб истаги эди. Аммо отаси куйлашига тиш-тирноғи билан қарши бўлади. «Иқстисодчи бўласан», дея уни Майами университетининг иқтисод факультетига ўқишга ҳам жойлаб қўяди. Хулио ўғли хатоларини такрорлашидан кўрқарди...

«Мендан доим отам ва менинг ўртамдаги муаммолар ҳақида сўрашади. Йўқ, бизнинг муносабатларимиз рисоладагидек. Кам кўришсак-да, бир-биримизга керак пайтимизда ёнимизда ҳозир бўла оламиз. Тўғри, у аввалига қаршилик билдирган. Бунга ҳаққи бор. Умуман ҳар бир ота-она ўзининг танловини тўғри деб билади ва боласига буни ўтказишга ҳаракат қилади. Фарзандини шундай синайди-да. Иқтидори, истеъдод ва кучли хоҳиши бор бола ўз истаги учун курашади ва натижага эришади».

Ҳа, Энрике ўз исм-фамилиясини ўзгартириб, мусиқа ёзиш студияларига қатнаб юрганидан хабар топган ота ўғлини калтаклайди ҳам. Лекин бўлажак юлдуз бардошли ва журъатли чиқади. Канададаги машҳур студия билан шартнома имзолаб, жамодонини йиғиштириб, жўнаворади. Аввалига биринчи қўшиғи «Сен кетсанг...» ёзилади, кейин биринчи альбоми сотувга чиқади (Энрике бу альбомини энагаси Эльвирага бағишлаган. У бу аёл олдида доим бош эгади). Бир ҳафта ичида 1 миллион долларлик сотилади. Бу илк қадам учун жуда катта кўрсаткич эди. Иглесиаснинг Уитни Хьюстон билан дуэт куйлаганига нима дейсиз?

Шу тариқа Энрикенинг овози дунёнинг тўрт томонида янграй бошлайди, тароналар, альбомлар, концертлар, реклама роликларига таклифлар, ҳатто сериал ва кинода ҳам роль ўйнайди. «Мексикада бир кун» фильмида машҳур актёрлар Антонио Бандерас ва Салма Хайк билан бирга суратга тушади.

«Суратга олиш майдонида довдираганимни ҳисобга олмасак, чамамда, ижром ёмон чиқмади», дейди ҳаваскор актёрнинг ўзи фильм ҳақида.

Катта ва кичик Иглесиаслар

Хулио Иглесиас доим костюм-шим кийиб, пўрим бўлиб юради, ҳазилга жуда уста. Энрике Иглесиас эса қачон қараманг, футболка ва жинси шимда, журналистларнинг саволига узоқ ўйланиб, кейин жавоб беради. Аммо иккиси ҳам юракдан куйлайди. Шоу-бизнесда улар ота-бола эканлигини унутишади, иккаласи бир пайтда бемалол концерт бериши, иккаласи бир вақтда бир мукофотга номзодини қўйиши, кимнинг альбоми қанча сотилди, дея ҳисоб-китоб қилишлари мумкин. Саҳна, бу — саҳна, оила, бу — оила, дея фикр юритишади улар.

«Мендан баъзида нега фамилиянгиздан воз кечмагансиз? Хулио Иглесиаснинг сояси бўлиб қолиб кетишдан қўрқмайсизми?», дея сўрашади. Карьерамнинг илк йилларида шу каби саволлардан қочиб ҳам интервьюлардан бош тортардим. Нега энди фамилиямни ўзгартиришим керак? Ахир мен отамнинг ўғлиман, бу фамилия аждодларимдан мерос. Нима фамилиям ўзгаргани билан, мен бошқасининг боласи бўлиб қоламанми? Барибир, ҳамма менинг отам кимлигига қизиқади-ку! Ўшанда Хулио Иглесиаснинг ўғли эканлигим ошкор бўлади-ку! Мен отам билан фахрланаман ва биламанки, мен кутган кунлар келди: санъат оламимда ўз номим бор!»

Ҳақиқатда, Энрике Иглесиас фамилияси билангина машҳурлик поғонасидан юқорилаган эмас. Ахир тингловчилар бор-ку, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқарадиган...

Машҳурлик ва оддийлик

«Мен отамга қараб туриб, «Ҳаёт қанчалар гўзал, айниқса, машҳур бўлсанг», деб ўйлардим. Фақат битта минус томони бор, ён-верингга боқиб, жами ҳақиқатларингни, дардларингни тўкиб соладиган ишончли дўст топишинг мушкул». Аммо барибир ном қозониш яхши».

Бу манмансираган хонанданинг гаплари эмас. Унинг ўзидан камтарин ясашга ҳаракат қилаётган алдоқчи эмаслигидан далолат. Аслида, Энрике ҳаётда жуда оддий ва самимий йигит. У самолётда доим эконом классда учади. Одамларни кузатиш ёқади чунки. Оддий футболка ва шимдаги йигитчани ҳеч ким машҳур қўшиқчи деб ўйламайди ҳам.

«Қўшиқ куйлай бошлагач, ҳаётим ўзгарди. Севимли соҳам билан шуғулланаяпман. Ўзим тушунмайдиган рақамлар ичида бош қашлаб ўтирганим йўқ! Бир пайтлари дадам ўгай онамнинг зуғуми сабаб менга бир цент ҳам бермасди. Қармоқ олишга пул тополмай юрардим. Ҳозир шахсий қайиғим бор, бемалол балиқ тутаман. Осмонда учаман, денгиз бўйида қуёшда тобланаман», дейди у.

Муҳаббат ва вақт

«Асл қўшиқлар инсон севиб қолганида ёки севгисидан айрилганида дунёга келади...», дейди қўшиқлари юрагига ҳамоҳанг хонанда. Энрике 2002 йили россиялик теннисчи Анна Курникова билан танишиб қолади. Спортчи унинг клипида суратга тушганди. Мана, ўн тўрт йилки уларнинг муносабатлари хориж газета-журналларини тўлдириб келмоқди. Ҳамон журналистлар-у, эстрада вакиллари, Энрикенинг севимли мухлисалари бу икки севишганнинг тўйини кутишмоқда. «Анна кетворган қиз эмас, ҳақиқий чиройли инсон! У мен билан бемалол гамбургерни паққос туширади, семириб кетаман, дея ноз қилмайди. Мажбуриятларга бўйсунмагани, ўзини борича қабул қилгани учун ҳам уни яхши кўраман», деганди интервьюларнинг бирида ошиқу беқарор.

Муҳаббати йиллар синовида синалиб келаётган Энрике эса қирқдан ошиб қолгани ҳақида қуйидагича гапиради:

«Ўттизга тўлган куним «Куйлай бошлаганимга ҳам ўн йилдан ошиб қолибди, вақт бунча тез ўтмаса», дея даҳшатга тушгандим. Мана, 8 майда қирқ бирни қаршилайман. Энди ёш йигитча ҳам эмасман, аммо қариётганим ҳам йўқ...»

Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар