1

МАСТОПАТИЯ – ОДДИЙ ЭМАС, МАККОР ДАРД

САЛОМАТЛИК 07.11.2017, 15:35
МАСТОПАТИЯ – ОДДИЙ ЭМАС, МАККОР ДАРД

Ёшим 54 ёшда. Ўн йилдан бери мастопатия касаллиги билан оғрийман. Бу ҳақда кўп изланганман, касалликка олиб келувчи омиллар – аборт, асабийлашиш, кичик тос аъзосидаги яллиғланишларнинг бари менда бор. Лекин бу ҳақда мухлисларга атрофлича маълумот беришингизни сўрардим. Токи мен каби касалликни ўтказиб юбориб, йиллар давомида уни даволашга қийналиб юришмасин.

Салима ая, Тошкент шаҳри

«Ҳамма касалликлар асабдан», бу гапни гоҳ жиддий, гоҳ ҳазиломуз тарзда ҳаётда кўп такрорлаймиз. Ҳақиқатнинг аччиқлиги бизга таъсир қилмайди, ҳар ҳолда асабийлашишда давом этаверамиз. Стресс, тушкунлик давомий бўлса, танамиздаги гормонлар иши бузилиб, иммунитет пасаяди, барча аъзо-тўқималар нотўғри ишлай бошлайди. Стрессга аёлларда кўкрак соҳаси таъсирчан бўлади. Агар бунга жинсий аъзолардаги шамоллаш ёхуд аборт асоратлари қўшилса, кутилмаганда кўкракда яллиғланиш бошланиб, мастопатия номли ёқимсиз дардни орттириб олишингиз мумкин. Ушбу касаллик ҳақидаги саволга шифокор-маммолог Нигора Маҳмудова жавоб беради.

КАСАЛЛИК НИМА ЎЗИ?

Мастопатия деб сут бези тўқимасининг кенгайиб ўсиб кетишига айтилади. Аввалига касалликнинг тарқоқ тури юзага келади. Бунда кўкрак соҳасида майда шишчалар пайдо бўлиб, кўкрак бўйлаб у ёқ бу ёққа тарқалади. Бундай пайтда аёл ҳайз келишидан аввал кўкрак соҳасида оғриқ сезади. Лекин кўкракдан ҳеч қандай суюқлик оқмайди. Аслида, шу давр даволаниш учун энг қулай ҳисобланади. Чунки касаллик энди-энди куртак очаётган бўлади. Шифокорга бориб, давони бошласангиз, тез фурсат ичида шифо топишингиз аниқ. Афсуски, бу даврда камдан-кам аёллар шифокорга мурожаат қилишади. Даволанмадингизми? Вақт ўтиб, кўкракда касалликнинг тугунли шакли ривожланади. Эндиликда сут безида йирик, пайпаслаганда бўртиб чиқадиган тугунлар пайдо бўлади, кўкракдаги оғриқ кучаяди, кўкрак учларидан қонталаш ёки тиниқ суюқлик ёки сутсимон сув оқади. Бундай пайтда вақтни бой бериб бўлмайди, ахир мастопатия белгилари аниқ-равшан намоён бўлади-да.

НИМАДАН БОШЛАНАДИ?

Аёл ўз саломатлигига етарлича эътибор бермай, жинсий аъзолардаги шамоллашни вақтида даволамаса, тухумдонларда муаммо бўлса, буйрак усти безлари яхши ишламаса, кетма-кет аборт, туғруқдан кейин мастит касали билан оғриса, аёлнинг ўзи ҳаддан зиёд куюнчак ва жиззаки бўлса, кўп ишлаб руҳан ва жисмонан зўриқса, касалликка мойиллиги бўлади. Бу ерда аёлнинг ҳаётга бўлган қараши муҳим. Агар у пессимистик назар билан дунёга боқса, ҳаётдан яхшилик, омад ва бахт кутмаса, уларга эришиш учун хушкайфият билан қуролланмаса, касалликка енгилиши аниқ.

Аёлнинг жинсий тарафдан қониқмаслиги ҳам мазкур касалликка олиб келади. Доимий жинсий ҳаёт нафақат барча аъзолар фаолияти учун муҳим, балки организмнинг инфекцияларга қарши курашишини ҳам оширади, кайфиятни кўтаради ва ҳаётдан қониқиш ҳиссини беради. Акси бўлганда эса тухумдонлар ишдан чиқади, ҳайз муддати бузилади, гормонлар етарлича ишлаб чиқилмай, кўкракда ҳар хил ўсмалар пайдо бўлади. Аборт таъсирида организмда тартибсизлик юзага келади, гормонлар нотўғри ишлай бошлайди. Натижа эса қониқарсиз, мастопатия юз беради. Туғруқнинг оғир кечиши, кеч туғиш ҳам касалликка замин яратади. Буқоқ касали, жигар хасталаниши, кўкракка шикаст етиши ҳам мастопатияга олиб келиши мумкин. Бу борада ирсият ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, ортиқча вазн ҳам касалликнинг ривожланишига туртки бўлиши мумкин. Ахир бу ҳолатда моддалар алмашинуви секинлашади, натижада кўкракда ҳар хил ўзгаришлар юз беради. Кўриб турганингиздек, омиллар талайгина, улардан биронтаси сизда сезилса, яхшиси, гинеколог кўригидан ўтиб, ҳар эҳтимолга қарши, маммография текшируви бажарилиши лозим.

НИМАСИ БИЛАН ХАВФЛИ?

Афсуски, ташҳисни эшитган аёллар бунга жиддий қарамайди. 1- 2 марта даво чораларини қўллаган бўлиб, кейин шифокор ҳузурига йўлни ҳам эсдан чиқаришади. Лекин сизни бу борада огоҳ бўлишга чақиришимиз бизнинг бурчимиз: касалликни даволашга астойдил киришиб, шифокорнинг кўрсатмаларига амал қилсангиз, тузалишингиз жуда осон. Аммо бепарволик қилиб, ҳатто дори-дармонларни ҳам бир қабул қилиб, бир пайсалга солсангиз, касаллик зўрайиши мумкин. Ҳатто, оғриқ белгилари қийнамаса-да, ҳеч қачон ўз-ўзидан ўтиб кетмайди. Уни, албатта, изчиллик билан даволаш, тузалгандан кейин ҳам ҳар ойда маммолог кўригидан ўтиб туриш шарт.

МАММОГРАФИЯ

Асосийси, касалликнинг даврини ўтказиб юбормаслик. Дори-дармонлар буюришдан аввал, шифокор сут безларининг ултратовуш текшируви ва маммографиядан ўтишингизни сўрайди. Айниқса, сўнгги текширув усулини аёллар унча ёқтирмайди. Лекин рентген текширувининг бу усули ниҳоятда зарур. Аслида, ҳар бир аёл 35 ёшдан кейин, албатта, ушбу текширувдан ўтиши керак. 40 ёшдан кейин уни икки йилда бир марта, 50 ёшдан кейин ҳар йили амалга оширилади. Муолажа олдидан хушбўй дезодарант ва тер ҳидига қарши антиперспирантлардан фойдаланмаслик керак. Акс ҳолда, текширув натижаси хато чиқиши мумкин.

ЎЗИМИЗНИ ТЕКШИРАМИЗ

Касаллик профилактикаси унчалик мураккаб эмас. Аввало, тиббий кўрикдан ҳар олти ой ўтиб, саломатликка бепарво бўлмаслик керак. Соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳар бир аёл касалликдан сақланди, ҳисоб. Аммо мастопатиядан ҳимояланишда асосий қуролингиз ўз-ўзингизни текшириш бўлади. Буни ҳайз бошланишидан 1-кун олдин, доим бир хил санада амалга оширишга ўрганинг. Ички кийимни ечиб, ойна ёнига туринг. Икки кўкракни диққат билан кўздан кечиринг, тери силлиқ, шиш ва изларсиз, кўкрак учи ичга тортилмаган бўлиши керак. Єўлни кўтариб аввал ўнг, кейин чап кўкрак атрофини қўл билан пайпаслаб чиқинг, қўлтиқ остини ҳам унутманг. Кўкрак учларида ҳеч қандай шиш, яра, ёриқ бўлмаслиги уни сиққанда ичидан суюқлик оқмаслиги муҳим. Агар бирон бир ўзгариш сезсангиз зудлик билан шифокорга ҳузурига боринг. Бу касалликни даволашда вақтнинг тежалиши, яъни уни бой бермаслик жуда муҳим.

ДАВОСИ ҲАММАДА ҲАР ХИЛ

Шифокор ҳар бир беморга алоҳида даво чорасини белгилайди. Ахир ҳар бир одамда касалликка олиб келган сабаблар турлича бўлади. Агар текширувлар сизда яллиғланиш борлигини билдирса, унга қарши даво чоралар бошланади. Осма укол, антибиотиклар, физиотерапия муолажалари орқали шамоллаш бартараф этилгач, мастопатиянинг сўрилишига ёрдам берувчи гормонал дориларга навбат келади. Улар ҳам ҳар бир беморнинг ёши, аҳволи, касалликнинг кечишига қараб белгиланади. Ёрдамчи усул тариқасида асабларни тинчлантирувчи воситалар, танада қон айланиши ва моддалар алмашинувини тезлаштирувчи дори-дармонлар бериб борилади.

! Унутманг, бу касалликни ҳар хил халқона усуллар билан даволаш даргумон. Яхшиси, шифокор буюрган даво чораларига қатъий риоя қилиш керак.

ПАРҲЕЗ МУҲИМ!

Даволаниш пайтида ҳазми қийин бўлган таомлар, тузлама ва аччиқ соус-салатларни чеклашга тўғри келади. Айниқса таркибида кофеин бўлган аччиқ дамланган чой, қаҳва, шоколад, кока-кола кабиларни таомномадан чиқаринг. Имкон қадар тузи паст таомлар истеъмол қилинг, саунага борманг. Даволаниш пайтида витамин ва минералларга бой маҳсулотлар истеъмол қилишингиз керак. Улар сирасига – хом мева-сабзавотлар (шотут, анор, цитруслилар, сабзи, карам, ловия, кўкатлар), ҳар хил ёрмалар, бодом, хандон писта, ёнғоқ каби чақ-чуқлар ва албатта наъматак ва зирк мевасини киритишингиз керак.

КЕРАКЛИ ТАВСИЯЛАР

  • Сийнабанд танлашда унинг юмшоқлигига аҳамият беринг, кўкракни сиқиб турувчи ҳар хил воситалари бўлмаслиги керак.
  • Уйқуга кетиш вақти кечки соат 21:00 дан кеч бўлмаслигига аҳамият беринг. Уйқу 8-9 соат давом этиши мақсадга мувофиқ.
  • Руҳий ва жисмонан зўриқишдан сақланинг.
  • Очиқ ҳавода камида 1,5-2 соат ҳар куни айланишга ҳаракат қилинг.
  • Ҳар ҳафтада 1-2 кун фақат қатиқ ёки сут зардоби, творог ёҳуд мева еб организмни тозалаб туриш зарур.
  • Овқатни илиқ ҳолда ейишга одатланинг.
  • Доимий жинсий ҳаёт бўлишига аҳамият беринг.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1