— Коммунал тўловларга қандай харажатлар киради? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.
М.Мамадалиева Наманган вилояти, Норин тумани
Д.АЗИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги 340-сонли қарори билан тасдиқланган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Низомига мувофиқ вазирликнинг асосий вазифалари этиб, ичимлик сув ва иссиқлик таъминоти, оқова сув хизматларини кўрсатиш ҳамда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ишларини мувофиклаштириб бориш белгиланган.
Шуни инобатга олиб, вазирлик фаолияти йўналиши бўйича ичимлик ва оқова суви, иссиқлик таъминоти ҳамда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш харажатлари учун тегишли тўловлар коммунал тўловлар сирасига киради.
Бундан ташқари, электр энергия ва табиий газ таъминоти ҳамда маиший чиқиндиларни тозалаш ва бошқа коммунал хизматларни кўрсатиш мос равишда "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.