Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хориждан кўп миқдордаги қимматбаҳо телефонларни божхона назоратидан четлаб олиб киришга уринган кимсалар ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик. Орадан кўп ўтмай пойтахт аэропорти божхоначилари ходимлари яна худди шундай божхона қоидабузарлигинифош этишди.
Бу ҳақида Давлат божхона қўмитаси ўзининг Телеграм тармоғидаги расмий ахборот канали (https://t.me/customschannel) орқали хабар берди.
Амалдаги тартибларга кўра, рухсат этилган меъёрлардан ортиқча бўлган уяли алоқа воситаларини республикамизга олиб киришда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рухсати талаб этилади.
Аммо, “Сеул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Умидбек Латифов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ушбу тартибларга риоя қилмади. Божхона назоратидан ўтиш давомида у йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам ёнида ортиқча товарлар йўқлигини маълум қилади.
Лекин, унга тегишли багаж назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, юклар орасида темир қутилар божхоначиларнинг диққатини тортди. Ушбу темир қутилар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, улар орасига муқаддам фойдаланилган турли русумдаги 133 дона уяли алоқа воситалари яширилганлиги маълум бўлди.
Кейинчалик қайта сотиш мақсадида олиб кирилган ушбу телефонларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 64,5 млн. сўмдан ошар экан.






