ЁШЛАР КЛУБИ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАЙДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг масъул ходимлари ва фаол ёшлар парламент қуйи палатаси ҳузурида Ёшлар клубини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган низом лойиҳасини атрофлича муҳокама қилди. Бу ҳақда ЎзАА хабар бермоқда.
Ёшларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоя қилиш – ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига айланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг ташкил этилганлиги ҳам мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Қонунчилик палатасининг роли ва ўрнини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 июлдаги қарори билан “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури” тасдиқланиб, унда белгиланган тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Мазкур чора-тадбирлар дастурида кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар клубини ташкил этиш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Йиғилиш давомида Ёшлар клубининг низоми лойиҳаси ишлаб чиқилгани, клубнинг мақсад ва вазифалари, фаолиятининг йўлга қўйилиши келгусида ёшлар ҳаётида қандай ўрин тутиши каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.
Тадбирда клуб ўз фаолияти давомида ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ўрни ва таъсирини амалда таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда клуб фаолиятини ташкил этиш, унга раҳбарлик қилиш ҳамда клуб аъзолигига қабул қилиш тартиблари тўғрисида фикр алмашилди.






