УЧҚЎРҒОН ТУМАНИДА “UZTEX UCHKURGAN” ИП-ЙИГИРУВ ВА ТЎҚУВ КОРХОНАСИ ИШ БОШЛАДИ
Сал аввалроқ “Uztex” компаниялари гуруҳи томонидан шу ҳудудда “Uchkurgan textile” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган эди. Йилига 7 минг тонна калава ип ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур корхона цехлари Швейцария, Италия, Германия ва Бельгиядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган. Уларни хорижий мутахассислар раҳбарлигида махсус тайёргарликдан ўтган 800 нафарга яқин маҳаллий ёшлар бошқармоқдалар.
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Uztex Uchkurgan” Ўзбекистон — Буюк Британия — Сингапур қўшма корхонасида эса бу ерда тайёрланган калава ип тўқимачилик ва момиқ маҳсулотига айлантирилади. 16 гектар майдонни эгаллаган, 300 киши меҳнат қиладиган ушбу мажмуани қуриш ва замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлаш учун таъсисчиларнинг ўз маблағи ва банк кредити ҳисобидан салкам 120 миллион доллар миқдорида сармоя йўналтирилди.
Эндиликда ҳар икки лойиҳа доирасида барпо этилган қувватлар ёрдамида йилига 16,5 минг тонна калава ип ва 7 минг тонна момиқ мато ишлаб чиқарилади. Бизнес-режага мувофиқ, ҳар йили маҳсулотнинг асосий қисми, яъни 50 миллион АҚШ долларлиги экспорт қилинади.
Замонавий енгил саноат мажмуасининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар унинг иқтисодиётимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Тақдимот маросимида Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров сўзга чиқди.






