1

Мадад-шифо: “ЭНКОПРЕЗ ХАВФЛИМИ?”

САЛОМАТЛИК 13.11.2017, 13:28
Мадад-шифо: “ЭНКОПРЕЗ ХАВФЛИМИ?”

— Ўғлим 6 ёшда. Тиббий текширувлардан сўнг унга энкопрез ташхиси қўйилди. Суриштириб билсам, мазкур хасталик йўғон ичак потологияси билан боғлиқ экан. Ҳозирда шифокор буюрган преператларни қабул қилаяпмиз, шундай бўлс-ада, уйда яна қандай чораларни қўллаш мумкин, нималарга аҳамият бериш керак шуни билмоқчиман?.. Муҳими, касалликдан бутунлай халос бўлишнинг имкони борми?

Б.Тўраева, Хоразм вилояти

Магина АРТИКОВА, шифокор-педиатр:

— Энкопрез ташхиси қўйилаётганда унинг қай бир турга мансублиги муҳим саналади. Тиббиётда мазкур хасталикнинг ёлғон (иккиламчи) ва ҳақиқий кўринишлари таснифланади. Бироқ ҳар иккала ҳолатда ҳам бола таомномасига эътибор қаратиш лозим.

Айниқса, ич суриши билан кечадиган иккиламчи энкопрез билан оғриган болалар парҳезга амал қилишлари шарт. Таомнома қизил лавлаги, ўсимлик ёғи, сабзи, сметана, барра карам, олма, киви, сут-қатиқ каби маҳсулотлардан иборат бўлиши, макарон, манний ёрмаси, гуруч эса имкон қадар истеъмол қилинмаслиги керак.

Энкопрез муолажасининг асосини бош мия қобиғининг метаболик жараёнларини яхшиловчи препаратлар ташкил қилади. Даволаш чоралари қанча муддат ва қай тартибда олиб борилишини эса шифокор белгилайди.

Энкопрез аломатлари кўпинча дисбактериозга хос бўлиб, муолажада ичаклар микрафлорасини меъёрлаштирувчи дори воситалари қўлланилади. Ахлат тутолмасликни даволашда уни келтириб чиқарган омил аниқланмас экан, кутилган натижага эришиш қийин кечиши мумкин. Шу билан бирга, боланинг психоневрологик ҳолатини ҳам инобатга олиш даркор.

Айрим ҳолларда хасталик айнан асаб торларининг зўриқиши сабабли ҳам келиб чиқади. Шифокорлар энкопрез муолажаси кутилган натижани бериши учун оилада соғлом муҳитни юзага келтириш, бола руҳиятига ижобий таъсир кўрсатувчи усулларга мурожаат этишни маслаҳат беришади.

Фарзандингиз ўзидаги ўзгаришлардан қобиққа тушиб қолмаслиги, руҳан зўриқмаслиги лозим. Бунинг учун эса унга сизнинг кўмагингиз керак бўлади. Агар болада иккиламчи энкопрез бўлса, йўғон ичакда ахлат тиқинлари қолиб кетмаслиги, вақти -вақти билан ич бўшалишига аҳамият бериш керак.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1