АсосийJamiyat

​МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ НОҚОНУНИЙ МИГРАЦИЯ ВА ОДАМ САВДОСИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ БЕРДИ

'​МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ НОҚОНУНИЙ МИГРАЦИЯ ВА ОДАМ САВДОСИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ БЕРДИ'ning rasmi

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш масалаларига бағишланган брифинг ўтказилди.


Унда Миллий хавфсизлик хизмати матбуот маркази катта ходими Лола Йўлчибоева журналистларга мамлакатимизда одам савдоси ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Бугун норасмий каналлар орқали чет элга чиқиб кетган меҳнат мигрантларининг кўпчилиги ўзларининг ишонувчанлиги оқибатида одам савдоси қурбонига айланмоқда. Айрим нопок кимсалар улардан ноқонуний тижорат фаолиятини юритишда, товар-моддий қимматликлар, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар контрабандаси ҳамда бошқа қонунга зид фаолият билан шуғулланишда фойдаланмоқда.

2016 йилда ва жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан фуқароларимизни ноқонуний меҳнат ва жинсий эксплуатацияга жалб қилиш мақсадида чет элга чиқариш билан шуғулланган 216 нафар шахс фаолиятига чек қўйилди.

Миллий хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ёш қизларни жинсий эксплуатация қилиш учун Бангкок шаҳрига олиб чиқиш билан шуғулланган Ўзбекистон фуқаролари Л.Сафаева ва Н.Усмонованинг фаолияти фош қилинди. Уюшган жиноий гуруҳ қизларни чет элга жўнатишни “Тошкент – Киев – Бангкок” йўналиши орқали амалга оширган. Украинага келган одам савдоси қурбонларини шу мамлакат фуқароси Юрий Зиганчов кутиб олган ва Киев шаҳри аэропортининг чегара хизматида ишлайдиган турмуш ўртоғи кўмаги билан Таиландга жўнатилишини таъминлаган. Суд Л.Сафаева ва Н.Усмоновага нисбатан узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Бу каби ҳолатлар Хоразм вилоятида ҳам кузатилган. Миллий хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ёш қизларни Бирлашган Араб Амирликларига жўнатиш билан шуғулланиб келган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ўз қурбонларини Россия орқали Дубайга жўнатиш мақсадида Қозоғистон ҳудудига олиб чиқишга уринаётган вақтда қўлга олинди.

Баъзи ҳолатларда жинсий эксплуатация билан шуғулланиб келаётган уюшган жиноий гуруҳлар аввал хорижга чиққан ва депортация қилинган шахсларнинг биографик маълумотларини ФҲДЁ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги жиноий алоқалари орқали ўзгартириб, уларни чет элга олиб чиқишмоқда. Улар жиноий ҳаракатлари фош этилмаслиги мақсадида, “ўлжа”ларини алоҳида-алоҳида олиб чиқиш амалиётидан кенг фойдаланмоқда. Шу билан бирга, айрим ҳолларда уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига сайёҳлик фирмалари ҳам ёрдам бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси Х.Л. уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг кўмаги билан Қозоғистонга чиққан. Сўнг Дубай шаҳридаги “Royal Gardens Tourism” фирмаси орқали унга туристик виза расмийлаштирилган. У Бирлашган Араб Амирликларига бориб, фоҳишалик билан шуғулланган. Аниқланишича, мазкур фирма Самарқанд вилоятида туғилган Т.Ш. билан келишган ҳолда ўзбекистонлик қизларни жинсий эксплуатацияга жалб қилиш билан шуғулланган.

Афсуски, ноқонуний меҳнат миграцияси ва одам савдосининг авж олишига айрим коллеж ва лицейлар мансабдор шахсларининг бефарқлиги, нафс қулига айлангани ва бундай ҳолларга кўз юмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Улар айрим ўқувчиларнинг чет элда меҳнат қилаётгани ҳақидаги маълумотларни яшириб, кейинчалик пул эвазига бу ўқувчиларга ўрта махсус таълим муассасасини битиргани тўғрисидаги дипломни расмийлаштириб бераётгани ташвишли ҳолат.

Ўз юртдошларини ноқонуний меҳнатга ёллаш, уларни Москва шаҳри ва вилоятида эксплуатация қилиш билан шуғулланган қашқадарёлик Руслан Араловга нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати материаллари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида аниқланишича, у 2011 йил Россия ҳудудида доимий равишда бўлган. Аммо 2014 йил Қарши туманидаги Қовчин касб-ҳунар коллежининг нопок ходимлари кўмаги билан Араловга ушбу ўқув муассасасини тугатганлик тўғрисидаги диплом берилган.

Кейинги йилларда ёш оналар томонидан ўз чақалоғини сотиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Миллий хавфсизлик хизмати идоралари томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чақалоқларни сотиш билан шуғулланган Т.А.Хўжаева ва А.Н.Курамшинанинг жиноий фаолиятига чек қўйилди.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинча меҳнат қилишга жалб этиш бўйича келишув имзоланди. Кейинги йилларда минглаб юртдошларимиз ишлаш учун Жанубий Кореяга юборилди. Польша ва Япония мамлакатлари билан келишувларга эришилди. Ушбу мамлакатларда фуқароларимиз нафақат меҳнат қилмоқда, балки тил ўрганиб, етакчи компанияларда малака оширмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларимизни чет элда меҳнат ёки жинсий эксплуатацияга тушиб қолиш, аксилконституциявий тузилмалар фаолиятига жалб қилиниш хавфларидан огоҳ этиш бўйича аҳоли орасида тушунтириш ишлари йўлга қўйилган. Чет давлатларга бориб меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Меҳнат эксплуатациясига йўлиққан фуқароларимизга ёрдам бериш мақсадида “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти жорий йилнинг июнь ойида ўзининг “фаол линияси” телефон рақамлари ҳақидаги маълумотни уяли алоқа компаниялари орқали sms шаклида тарқатди. Ўтган давр мобайнида меҳнат эксплуатацияси билан боғлиқ салбий ҳолатларга тушиб қолган шахслардан мазкур “фаол линия”га 800 га яқин мурожаат келиб тушди. Ҳозир бу мурожаатлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бу каби чора-тадбирлар изчил давом эттирилади. Лекин, энг асосийси, ҳар биримиз доим ҳушёр бўлмоғимиз, нопок кимсалар алдовига учиб қолмасдан, қонуний ва ҳалол йўл билан меҳнат қилмоғимиз лозим, дея таъкидланди брифингда.

    Бошқа янгиликлар