1

Мадад-шифо: “БУРУН ҚОНАШИ КАМҚОНЛИКДАНМИ?”

САЛОМАТЛИК 15.11.2017, 18:03
Мадад-шифо: “БУРУН ҚОНАШИ КАМҚОНЛИКДАНМИ?”
— Фарзандим 10 ёшда. Тез-тез бурни қонаб қоляпти, иштаҳаси ҳам йўқ. Негадир илгари хушламаган егуликлари, мисол учун, ярим тайёр лағмон каби маҳсулотлар истеъмолига қизиқиб қолган. “Бошим оғрияпти”, дейди гоҳида. Ўзгаришларнинг қандай изоҳи бор? Камқонлик эмасми мабодо?

Ситора Абдуллаева, Тошкент шаҳри

Магина АРТИКОВА, шифокор-терапевт:

— Болалардаги камқонлик жисмоний ва ақлий ривожланишда сезилмай қолмайди. Хотира сусайиши, камқувватлилик, бош ва мушакларда оғриқ, иммунитет пасайиши, безовталик ҳолати, иштаҳасизлик кабилар юзага келади бунда.

Камқон болаларда ҳид ва таъм билиш сезгиси ҳам ўзгаради, гилвата,хом макарон ва гуруч, чой шамаси, кесак сингари ноодатий маҳсулотларни тотиб кўриш истаги пайдо бўлади. Қурилиш бўёқлари, ацетон, соч бўёғи, тутун, зах, метрополитэн ҳидини ёқтиришади. Ташқи ўзгаришларга кўра бола тирноқларининг мўртлашиши, юзаси қават-қават бўлиб қолиши, қийшайиши, сочлари сийраклашиши мумкин. Анемия ривожланиб борса, болада рангпарлик кузатилади.

Кўпчилик оналар тўйиб овқатланмаслик камқонликка олиб келади, деб ўйлашади, аммо бу янглиш фикр. Ҳар куни энг сара егуликларни истеъмол қиладиган болаларда ҳам камқонлик аниқланиши мумкин. Болалардаги темир етишмовчилиги сабаб келиб чиқадиган анемия аёлнинг ҳомиладорлик ва эмизли даврда камқон бўлгани, боланинг муддатдан аввал ёки кам вазн билан туғилгани, кўкрак сути билан боқилмагани, инфекцион касалликлар билан оғригани, организмида паразитлар мавжудлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Умумий қон таҳлили гемоглобин миқдори паст даражада эканлигини кўрсатганида, муолажа педиатр ва гематолог шифокорлар иштирокида тайинланади.

Болаларга асосан, овқатланиш тартиби ва сифатини яхшилаш, кундалик рационда фойдали маҳсулотларни кўпайтириш, жисмоний фаоллик ва зарур ҳолларда гемоглобин миқдорини ошириш учун ёшига мос темир препаратлари тавсия этилади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир педиатр ва умумий амалиёт шифокори темир танқислиги туфайли келиб чиқадиган камқонликни тўғри даволай билиши зарур!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1