1

РАНГПАРЛИК, ИСИТМА, ОҒРИҚ – ЛЕЙКЕМИЯ БЕЛГИЛАРИГА ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ!

САЛОМАТЛИК 16.11.2017, 13:41
РАНГПАРЛИК, ИСИТМА, ОҒРИҚ – ЛЕЙКЕМИЯ  БЕЛГИЛАРИГА ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ!

Лейкемиядан даволанаётган болалар хасталиклари тўғрисида сўрашадими? Ахир муолажа бир неча ойга чўзилиши мумкин экан?..

Саволлар кўп. Беморларимизнинг ёшларига мос тарзда имкон қадар соддароқ тилда тушунтирамиз. Муҳими, уларни соғайишларига ишонтира олишимиз. Зеро, бугунга келиб, лейкемия бедаво дард эмас!

Суҳбатдошимнинг фикрлари бежиз айтилмади. Чиндан ҳам бугунга келиб, «оқ қон», «қон саратони» дея таърифланадиган, тиббиётда лейкемия, лейкоз деб аталган касалликнинг давоси топилган. Фақат биргина талаб бор, ўз вақтида шифокорга мурожаат этиш! Шундагина кейинги асоратларнинг олдини олиш мумкин. Хўш, қандай ўзгаришлар диққатимиздан четда қолмаслиги лозим? Умуман, лейкемия аломатларини бошқа касаликлардан фарқлаш мумкинми? Бу ҳақда Республика Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти, Болалар бўлими мудири Наргиза БАБАХАНОВА батафсил маълумот беради.

Сабаблари аёнми?

Олимлар томонидан олиб борилган илмий тадқиқот ишлари хали ҳам лейкемиянинг аниқ сабабини кўрсатмади. Ҳозирча мазкур патология ирсий омилга бориб тақалмоқда. Стресс, кучли асабийлашиш ҳолатларининг таъсири туфайли келиб чиқиш эҳтимоли ҳам тахминлар қаторида. Бироқ лейкозни келтириб чиқарган сабаб аниқ шу деган хулоса йўқ.

Ўзгаришлар огоҳлантиради!

Лейкемиянинг илк белгилари, одатда, ҳолсизлик, рангпарлик, терининг айрим соҳаларида кўкариш пайдо бўлиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, оёқ оғриғи билан кечади. Кўпчилик бу ўзгаришларни шамоллаш ва ангинага ўхшатиб, даволанишга киришиши тайин. Аммо бундай пайтда энг мақбул чора умумий қон таҳлилини топширишдир.

Умумий қон таҳлили олинганда гемоглобин ва лейкоцитлар эмас, балки бутун лейкоформулага диққат қилиниши лозим. Агар бемордаги ўзгаришлар шамоллашга алоқадор бўлса, тиббий таҳлил сигментлар кўпайганини кўрсатади. Лейкемияда эса аксинча, сигментлар камайиб, лимфоцит ва лейкоцитлар миқдори ортади. Гемоглобин кўрсаткичи тушиши мумкин.

(алоҳида)

Мутахассислар тавсиясига кўра, бир йилда бир марта умумий қон таҳлилини топшириш, сиз ва оила аъзоларингизни кутилмаган ҳолатлардан ҳимоялайди.

Ташҳис қўйиш...

Фарзандингиздаги ўзгаришларга кўра умумий қон таҳлили ўтказилди. Ташҳислаш учун эса чуқурлаштирилган текширув талаб этилмоқда. Бундай ҳолатда доимий турар жойдаги поликлиника шифокорининг йўлланмаси билан Республика Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтига юборилади. Мазкур шифо масканида қон таҳлилининг миелограмма (суяк кўмаги анализи) текшируви ўтказилади. Суяк кўмагидан анализ олиш қулоқ учун қаттиқ эшитилиши мумкин. Бироқ диагностика нуқтаи назаридан бу энг зарур таҳлилларнинг биридир. Ҳар бир одамда бласт ҳужайралари меъёрда беш фоизгача бўлади. Лейкоз мавжуд бўлганида эса бласт ҳужайралар кўрсаткичи ортади. Мазкур ҳужайраларнинг 30 фоиздан юқорилиги «оқ қон» ташҳисини тасдиқлайди.

Турлари ҳақида...

Тиббиётда лейкознинг ўткир тури қайд этилиб, у иккита катта гуруҳга бўлинади. Ўткир лимфабластли ва ўткир миелобластли лейкоз. Ҳар бир тури ўз навбатида кичик гуруҳларга ажралади.

Меъёрда лейкоцитлар 4-9 минггача бўлиб, шамоллаш жараёни кузатилганида уларнинг миқдори 6-7 мингтага етиши мумкин. Агар биринчи текширувдан 10 кун ўтиб бажарилган қон таҳлилида лейкоцитлар миқдори ўзгаришсиз қолса, лимфоцит, тромбоцит ҳужайларининг камайиши, гемоглобин миқдорининг пастлаб кетгани аниқланса, албатта, гематологга мурожаат этиш лозим.

Муолажа қанча давом этади?

Ҳар қандай касаллик учун даволаш чораларининг тўлиқ ва бехато бажарилиши муҳимдир. Хусусан, лейкемия билан оғриган беморларга сўнгги ўн йил мобайнида дастурли кимётерапия муолажаси бажарилмоқда.

Беш босқичдан иборат бўлган муолажанинг биринчи даврида касалликнинг ривожланишига қарши чоралар кўрилиб, бемор ремиссияга олиб чиқилади. Лимфабласт турида уч курс, миелобластда эса тўрт курс кимётерапия ўтказилиб, бир-бир ярим йилга организмни қўллаб турувчи муолажа курси тайинланади. Даво чоралари якунлангач, бемор беш йил давомида поликлиника назоратига қўйилади. Ушбу давр ичида ҳеч қандай асоратлар аниқланмаса, бола назорат рўйхатидан ўчирилади.

Дилбандингизга далда бўлинг!

Ота-оналар фарзандининг бармоғига зирапча кирса ҳам озор чекишади. «Оқ қон» ташҳиси эса ҳар қандай инсонни ҳам эсанкиратиб қўйиши тайин. Бироқ хасталикнинг чекиниши нафақат малакали мутахассислар, балки ота-оналарга ҳам боғлиқлигини унутмайлик. Иродани мустаҳкам қилиб, фақат олдинга интилиш, соғайишга умид ва ишонч билангина фарзандингиз учун йўлчи маёқ бўлоласиз. Зинҳор тушкунликка тушманг, ахир лейкемия бедаво дард эмас!

Болалар бўлимида ...

Бемор болакайлар вақтини унумли ташкиллаштириш мақсадида даволаш бўлимида махсус ўйин хоналари ташкиллаштирилган. Тарбиячи назоратида кичик ёшдаги болалар расм чизиш, оригами ясаш, ўсмирлар эса турли адабиётлар билан танишиш, кундалик ёзиш кабилар билан машғул бўлишади. Институт ҳовлисида барпо этилган майдончада бола танасига шикаст етишидан ҳимояловчи арғимчоқлар ўрнатилган. Кўнгилли ёшлар (волонтёр) инглиз тили сабоқлари, бисер тикиш, нарса-буюм ясаш каби машғулотларни ташкиллаштириб, мунтазам болалар билан шуғулланишади.

Жиддий касалик ҳақидаги суҳбатимизни яхши хабарлар билан якунлашни истадик. «Оқ қон» билан касалланганлар орасида нормал ҳаётга қайтган, талаба бўлган, танлаган соҳасида катта ютуқларга эришаётган, оила қуриб фарзандли бўлганлари ҳам талайгина. Бу ҳақда беморларнинг касаллик варақасидаги қайдлар ҳам гувоҳлик беради. Демак, лейкемия ҳукм эмас!

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1