Асқар, 29 ёш, Сирдарё вилояти:
— Институтни битириб, пойтахтда қолдим. Яхши ишга жойлашдим. Ишхонада бирга ишлайдиган бир қизни ёқтириб қолдим. У аввал турмушга чиқиб, эри билан уч ой бирга яшаб, ажрашган экан. Онам ё мени дейсан, ё ўша қизни деганида чорасиз аҳволда қолдим. Тез орада туманимиздан бировнинг уйига совчиликка бориб, мен кўрмаган, билмаган қизга унаштиришди. Турмуш қурганимизга уч йил бўлди, пойтахтдаги ишимдан бўшаб, ёқтирган қизим билан ҳам алоқаларимни узганман. Вилоятимиздан иш топиб, шу ерда ишлаяпман. Аёлим чиройли, эсли-ҳушли. Пазандалиги онамни жуда хурсанд қилади. Келинларини доим мақтаб ўтирадилар. Хотиним ўғил туғиб берганидан кейин кўнглим илигандек бўлди. Лекин яқинда ишхонамдан Тошкентга сафарга бордим. Иш юзасидан бир ташкилотга борганимда, ўзим ёқтирган қизни кўриб қолдим. Бироз гаплашиб турдик, суҳбат давомида унинг ҳали ҳам турмушга чиқмаганини, мендан умидини узмаганини билдим. Пойтахтда ишим бўлмаса-да, шу қизни деб яна уч кун ушланиб қолдим. Бу воқеа хаёлимни, тўйғуларимни остин-устун қилиб юборди. Маслаҳатга муҳтожман...
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд ИСМОИЛОВ маслаҳат беради: — Эркак киши аёлини никоҳига олар экан, унинг келажакдаги ҳаёти, тақдири учун масъулиятни ўз бўйнига олади. Ана шу масъулиятни унутиб қўйибсиз. Аёлингиз сизга ўзини бағишлаб, оилангизнинг хизматини қилиб юрибди, сизни “Ота” деган шарафли ном билан сийлабди, энг кераклиси, ота-онангизнинг кўнгилларидан жой олибди. Сиз-чи? Шуларнинг эвазига уни ташлаб кетмоқчимисиз? Хаёлингизни, фикрларингизни тартибга келтиринг. Ўткинчи ҳавасга берилманг. Ҳис-туйғуларингизни деб, фарзандингизни етим, ота-онангизни норози, аёлингизни бебахт қилманг. Маслаҳатим, оилангизга содиқ бўлинг.
- Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.






