Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 ноябрь куни бозорларни қиш-баҳор мавсумида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш вазифалари ижросига бағишлаб ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилганидек, жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг харидоргир турларини такрорий экиш майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилган. Сентябрь-октябрь ойларида такрорий экиндан етиштирилган қарийб 65 минг тонна маҳсулот экспорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробар кўпдир.
Йил бошидан буён мева-сабзавот маҳсулотлари 54 мамлакатга экспорт қилинди. Бангладеш, Филиппин, Сурия, Тайван, Иордания, Македония ва бошқа мамлакатларда янги бозорлар ўзлаштирилди.
Ички истеъмол бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш республика комиссияси тузилди. Импорт орқали бозорларни танқис ва юқори нархдаги маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Ҳудудлар кесимида 490 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини келгуси қиш-баҳор мавсуми учун ғамлаш параметрлари тасдиқланди.