1

ДИСПОТИЯ: БУЙРАК НОТЎҒРИ ЖОЙЛАШСА...

САЛОМАТЛИК 27.11.2017, 11:31
ДИСПОТИЯ: БУЙРАК НОТЎҒРИ ЖОЙЛАШСА...
  • Фарзандим 16 ёшда. Илгари соғлигида сира муаммо бўлмаган. Яқинда тиббий кўрикдан ўтказаётиб, тасодифан буйрагининг биттаси нотўғри жойлашгани ва бу диспотия патологияси дейилишини билдик. Айтишларича, бу туғма нуқсон экан. Аммо нега буни аввалроқ сезмадик? Ёки касаллик белги бермайдими? Энди нима бўлади? Кейинчалик бирор асорат берса-чи?!

Наргиза Саломова, Тошкент шаҳри

Туғма ривожланиш нуқсони сифатида тасниф этиладиган буйрак диспотияси, буйракнинг ўз ўрнидан пастроқда ёки бошқа аъзоларда жойлашиши билан характерланади. Маълумотларга кўра, ушбу патология 800-1000 нафар чақалоқнинг биттасида учраши мумкин. Хўш, диспотиянинг келиб чиқиш сабаблари нима? Организмга ножўя таъсири йўқми? Энг муҳими, насл суриш эҳтимоли қандай? Саволларга жавоб олиш мақсадида тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-уролог Анвар АБДУСАМАТОВга юзландик.

Эмбриогенез даврга қайтамиз

Іомила ички аъзолари ривожланаётган даврда буйрак дастлаб кичик тос соҳасида шаклланиб, сўнг аста–секин юқорига, яъни анатомик жиҳатдан белгиланган ўрнига кўтарилади. Инфекцион касалликлар, носоғлом турмуш тарзи, атроф-муҳит, айрим турдаги дори воситалари ва бўлажак онанинг зарарли одатлари ҳомилада буйрак нуқсонини пайдо қилиши мумкин. Диспотия айнан шундай туғма ривожланиш нуқсонидир.

Мутахассислар буйрак касалликлари насл сурмаслигини таъкидлашади. Шундай экан, деспотиянинг авлоддан-авлодга ўтиш эҳтимоли йўқ.

УТТ аниқламайдими?

Туғруққа қадар ўтказиладиган скрининг ва допплер текшрувлари шубҳасиз, ҳомила ички аъзоларининг жойлашуви ва ривожланишини кўрсатиб беради. Аммо ҳамма ҳам мазкур текширувларга мурожаат қилавермайди-а. Бордию туғма ривожланиш нуқсони ҳомиладорлик вақтидаёқ аниқланса, туғруқдан сўнг гўдак бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, уролог шифокор назоратига қўйилади. Шундай қилинса, бола улғайган сайин организмидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш осон кечади.

Қандай бўлади?

Буйрак диспотияси бир ва икки томонлама, иккита буйракнинг бир тарафда устма-уст келиши билан кузатилади. Туғма патология тос соҳасида, бел, қовурға билан қорин ораси ҳамда кўкрак қафасида юзага келиши мумкин. Кўпинча тиббий кўрик вақти аниқланадиган туғма нуқсон йиллар давомида ўзини ошкор қилмайди.

Белгиси борми?

Ички аъзолар жойлашувидаги ўзгаришлар наҳот белги бермаса дерсиз? Буни қарангки, бу ҳам патологиянинг қайси соҳада жойлашгани ва беморнинг ёшига боғлиқ ҳодиса экан. Масалан, деспотиянинг белдаги кўриниши вақти-вақти билан ушбу соҳада оғриқ пайдо қилиши мумкин. Қорин ва қовурға орасидаги буйрак нуқсони эса кўнгил айниши, мазкур аъзолар ишида безовталик ва оғриқ билан кечади. Барчаси учун умумий бўлган белгилар пешоб ажралишининг қийинлашувидир. Бола улғайгани сайин қабзият, ичаклар билан боғлиқ муаммолар, ҳазм тизимидаги бузилишлар ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Ташҳис

«Қочоқ» буйрак дараги УТТ текширувида маълум бўлса, унинг қаердан қўним топгани чуқурлаштирилган таҳлиллар орқали аниқланади. Бунда рентгент, экскретор урография, компьютер томографияси таҳиллари бажарилади. Хасталик маълум, хўш энди-чи? Бемор назоратга олиниб, гидронефроз, пиелонефрит, возоренал гипертензия каби ҳолатларнинг келиб чиқиш эҳтимолини камайтириш учун зарур чоралар кўрилади.

Муолажа – жарроҳликми?

Туғма нуқсон аниқлангач, асосий муолажа нотўғри жойлашган буйракнинг асорат бермаслигига қаратилади. Англаганингиздек, даво чоралари консерватив усуллар, яъни дори воситалари кўмагида бажарилади. Қачонки, буйрак нуқсони организмнинг умумий ҳолатига ножўя таъсир кўрсатса ёки ўз фаолиятини бажаришга қодир бўлмай, нобуд бўла бошласа, аъзони олиб ташлашга доир жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин. Бироқ бу камдан-кам ҳолларда мурожаат этиладиган усулдир.

Бемор соғлигига аҳамиятли бўлса, буйрак деспотияси билан узоқ умр кўра олади. Іатто, бел ва тос деспотияси билан фарзанд кўрганлар ҳам бор. Асосий шарт, шифокор кўрсатмаларига қатъий риоя этиш.

(колонка)

Фарзандингизда буйрак деспотияси аниқланди дейлик, «Боламга бирор кор-ҳол бўлмасин» деб одатий турмуш тарзини чекламанг. Жисмоний фаоллиги, ўқиш-ўрганиши барчаси аввалгидек қолсин. Фақат соғлигига янада эътиборлироқ бўлиб, буйрак ишига зўриқиш тушмаслигини назорат қилсангиз бўлгани. Таомномасига диққат қилинг, дудланган, аччиқ ва шўр егуликлар, газланган ичимликлар истеъмол қилинмаслиги лозим. Бу соғлом буйракни ишдан чиқаради.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1