Ўғлим саккиз ёшда. Кеча ўртоқлари уни масхара қилишибди. Эсласам, боғчада ҳам нуқул қулоқларини яшириб ўтирарди, чунки улар катта. Энди мактабга бормоқчимас. Нима қилсам экан?
Насиба, Поп тумани
Болада қиёфаси, тана тузилиши билан боғлиқ комплекслар пайдо бўлса ва булар унинг руҳиятига, ўқишига таъсир қилса, ота-оналар қандай йўл тутиши керак? Руҳшунос Наргиз САТТАРОВА билан мавзуни таҳлил қиламиз.
Муаммонинг илдизи чақалоқликда?
Олимлар инсон ҳаётидаги бир ярим ёшгача бўлган давр кўп нарсани белгилаб беришини таъкидлашади. Фарзанди дунёга келгач, аёл учун оналик биринчи ўринга чиқади. Аммо туғуруқдан кейинги депрессия, тананинг ўзига келмаганлиги, рўзғор, меҳмонлар ташвиши ҳам бор. Улардан ортиш мушкул, бироқ боланинг жисмоний эҳтиёжлари қондирилса, ухласа, жим ётса, бўлди деган тушунча билан кифояланиб қолиш керакмас. Уни кўп, ҳа, жуда кўп бағрингизга босинг. «Қўлга ўрганиб қолади, онасига боғланиб қолади», деган гаплардан қочинг. Болажонингиз тўққиз ой сизнинг оламингизда яшади. У учун ҳаётининг илк палласида дунёдаги ягона ҳимоячи, меҳрибони сизсиз. Энди эътибор ва меҳрингизни кўп ва хўп беринг, қанчалик яхши кўришингизни тилингизга чиқаринг. Токи дунёда уни қандай бўлса, шундайлигича севувчи инсон борлигини ҳис қилиб катта бўлсин!
Камситманг!
Болалардаги комплексларни айнан ота-она уларнинг онгига сингдиради. Дейлик, кичкинтой бирор хато иш қилди. «Бесўнақайсан-да, бир ишни эплолмайсан» тарзида уришманг. Ота-оналар, болангизнинг бирор нотўғри ҳаракати сизга ёқмаса, буни айтинг, аммо унинг қиёфаси билан боғлиқ, яъни шахсиятига тегувчи танбеҳларни бера кўрманг. Чунки бу танбеҳу танқидларингиз таъсирида бора-бора у ўзини-ўзи камсита бошлайди.
«Оёғингни қийшайтириб босма» дея яссиоёқлик билан туғилган фарзандини даволатишга вақт ажратмагани учун она аламини сочади. Бола онасига «Мен айбдормасман-ку», деб айта олмайди. У «Ҳамманинг оёғи тўғри, бир меники қийшиқ», дея ўзини-ўзи камсита бошлайди ва қарабсизки, ўзини паст баҳолайди.
Борича севинг!
Нима учун ота-оналар ўз фарзандини бу қадар қаттиқ танқид қилишади? Чунки улар боласи идеал бўлишини истайди, қанақадир қолипларга солишади, ўзларининг ва жамиятнинг барча талабларига жавоб беришини талаб қиладилар. Афсуски, бу талаблар бола учун эмас, «Ота-онаси зўр экан» дейишлари учун бажарилиши керак. Масаланинг яна бир томони, ота ёки онанинг ўзида комплекслар бор, фақат уларни тўғирлашга ҳаракат қилишмайди. Бошқанинг камчилигини тўғирлаш эса гўёки осон. Айниқса, фарзандикини. Бола кучсиз, ожиз, бўйсунишга мажбур, ҳар томонлама ота-онага боғлиқ. «Ота-онасиман-ку ҳаққим бор!» дея уни истаганча уришиш, камситиш, уялтириш мумкин, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Шундайларга аввало ўз устингизда ишланг, керак бўлса, мутахассис дарсларига қатнашиб, комплексларингиздан халос бўлинг, дейишни истардик.
Эсда тутинг, бола мени яхши кўришади, деган ишонч билан ўсса, у ўзини яхши ҳис қилади, ҳеч қачон камситмайди. Севгидек кучли қудрат йўқ!
Солиштирманг!
Кичкинтой боғча ё мактабга чиққач, ўзини атрофдагилар билан солиштира бошлайди. Албатта, ўз-ўзидан эмас. Ота-онаси бу борада ўрнак кўрсатишган. Фарзандини бошқа болаларга қиёслашган. «Заринани, қара, озғингина қиз, сен эса кундан-кун семираяпсан, камроқ овқат е», дейсиз қизингизни оздириш учун. Гап фақат овқатда эмас, семиришнинг сабаблари кўп, жумладан, болада руҳий муаммо ҳам бўлиши мумкин. Ортиқча вазн эса ҳимоя воситаси. Аслида, дўмбоққина болалар ширингина бўлади. Балким, кейинчалик у ҳам озиб қолар. Ҳали қомат ҳақида умуман тушунчага эга бўлмаган болани сиқувга олманг.
Табиий жараёнларни табий қабул қилинг!
Ўсмирларнинг деярли ҳаммасининг юзига ҳусунбузар тошади. Йигитлар ҳам, қизлар ҳам бундан уялишади. Оналар, «Юзингни бир бало қил» дейиш ўрнига «Кел, мен сенга ёрдам бераман! Ҳар куни кечқурун уйқуга ётишдан аввал юзингни тозалаймиз, кейин ниқоб суртамиз», дея у билан ишланг.
Тана ривожланаётган пайтда аёллар қизлар билан тўғри муносабат қилиши лозим. Ҳар икки гапнинг бирида қорнини тортиб юриши, кўкрагини яшириши кераклигини таъкидлайверманг. Қизи ўз танасидан уялиб, букчайиб юра бошласа, курагига урадиганлар ҳам бор. Оналар, билинг, қаддини тик тутиб юриш саломатликка кони фойда, қизингиз аёл бўлиб шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Қаддини тик тутган инсон муаммоларга ҳам тик қарайди, кучли бўлади, ўзига ишонади, маликалардек улғаяди!
Уялса, яхшимас!
Уят билан комплекснинг фарқи бор. Ташқи кўринишидан уялаётган бола ўзидан қониқмайди. Бу қониқмаслик эса унинг шахс сифатида ривожланишига салбий таъсир қилади. Сиз болангиз одобли бўлиши учун уятчан бўлишини истаяпсизми? Унда қадриятларни шакллантиринг. Ўзингиз ўрнак бўлинг. Дадаси бобо-бувисининг ёнида майкачан ўтирса, бола буни яхши, деб қабул қилади. Унутманг, бола онгига икки ёшдан бу яхши, бу ёмон деган хулосалар муҳрлана бошлайди. Айтайлик, она ким биландир ғийбат қилаяпти, гапи орасида «Ўзи бир пакана», дея беписандлик билан гапирди. Кичкинтой табиийки, «Паканалик нуқсон экан, одамларга ташқи кўринига қараб баҳо бериларкан», дея ўйлай бошлайди. Оқибатда, бўйи паст ўртоғининг устидан кулади ёки ўзининг ташқи кўринишидаги бирор жиҳат учун уяла бошлайди.
Мақтанг!
Нега фақат беш баҳо олиб келса, мақтайсиз? Аслида бу йўл билан «Мен яхши онаман!» дея бола ҳисобидан ўзингизга бўлган ишончни ошириб олмаяпсизми? Бугундан унинг ташқи кўринишини ҳам мақтанг.
Айбдорлик ҳиссидан халос бўлинг!
Боланинг ташқи кўринишидаги бирор камчилик учун ота-она ўзини айбдор санайди. Чунки фарзанд унинг бир бўлаги. Бироқ ўзингизни ҳам, кичкинтойни ҳам қийнашдан фойда йўқ. Яхшиси, унинг бошқа афзал томонларини ривожлантиринг. Бола кўчадан «Устимдан кулишди. Нега менинг бошим катта?» дея йиғлаб келса, шунчаки овутманг ёки «Улар ўзини билсин», дея бошқаларнинг камчиликларини санай кетманг. Мавжуд муаммони борича қабул қилинг, ўзгартириб бўлмайдими, диққатни бошга томонга қаратинг. «Қара, қўлингдан келмайдиган иш йўқ, айниқса, нарса ясашга устасан!» каби эътирофлар билан унинг ўзига хос яхши жиҳатларини ривожлантиринг. Қарабсизки, болангиздаги кўзга ташланувчи нуқсонга бошқалар эътибор бермай қўяди. Чунки унинг эътиборга молик истеъдоди юзага чиқади.
Ўқитувчиси билан гаплашиб олинг!
Боладаги комплексларнинг кучайишига ўқитувчилар ҳам ҳисса қўшади. Доска олдида ечолмаган мисоли учун шарманда қилиб, руҳини синдирадиганлар ҳам бор. Агар фарзандингиз билан боғча-мактабда шундай вазият юз берса, юзма-юз тарбиячи, ўқитувчиси билан гаплашиб олинг. Зарурат туғилса, болани бошқа синф ёки гуруҳга олиб ўтинг. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор, биз болаларни доим кимдандир ҳимоя қилиб яшолмаймиз. Шунинг учун ўзига бўлган ишончни оширинг.
Лақаб қўйишса...
Агар боғча ёки мактаб лақаб қўйиш билан муаммо юз берса, тарбиячи ёки ўқитувчи вазиятни ижобий томонга ўзгартириши керак. Масалан, «Келинглар, ўйин ўйнаймиз», дея математикани зўр биладиган ўқувчини «Ал-Хоразмий», учувчи бўлиш орзусидагини «Гагарин» деб аташ мумкин. Ёки «Қани, ким исмининг асл маъносини билади?» деган савол билан уларни ўз исмининг маъносини билишга қизиқтириш лозим. Оналар ҳам шу йўл билан фарзанди ўз исмидан фахрланиши учун имкон яратинг.
Икки муҳим шарт
«Сени яхши кўраман!» Ҳар куни эрталаб ва кечки пайт, дарс тайёрлагани ёки уйни тозалаб қўйгани учунмас, шунчаки болангизнинг қўлларидан ушлаб, кўзига тик қараб, уни яхши кўришингизни айтинг.
«Сен чиройлисан, омадлисан, зўрсан!» Бу эътирофни такрорлаб туринг, албатта, ижобий натижа кўрсатади.
Оналар фарзандингизни борлиги учун севинг! Қандай бўлишидан қатъий назар!
Шоира ШАГИАҲМЕДОВА.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






