АсосийJamiyat

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: ХАЛҚИМИЗ ОЛДИДА АМАЛИЙ ИШЛАРИМИЗ БИЛАН ҲИСОБОТ БЕРАДИГАН ВАҚТ КЕЛДИ

'ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: ХАЛҚИМИЗ ОЛДИДА АМАЛИЙ ИШЛАРИМИЗ БИЛАН ҲИСОБОТ БЕРАДИГАН ВАҚТ КЕЛДИ'ning rasmi
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, департаментлар мудирлари, вазирлар, қўмита ва компаниялар раисларининг шахсий масъулиятини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу хақда давлатимиз раҳбарининг расмий сайти хабар қилмоқда.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда Президентимиз қайд этганидек, бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан ижобий самараларга эришилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини безовта қилаётган кўпгина муаммо ва камчиликлар ҳам ўз ечимини кутиб турибди. Одамларимиз эртага ёки узоқ келажакда эмас, балки бугун яхши яшашни, муносиб ҳаёт кечиришни истайди.

Шавкат Мирзиёев ўз сўзида кун тартибидаги масалага чуқур таҳлил асосида танқидий ёндашиб, аксарият раҳбарлар томонидан тартиб-интизом ва масъулиятнинг бўшаштириб юборилгани, улар ўз фаолиятини замон талаблари асосида ташкил эта олмаётгани, хизмат вазифасига лоқайдлик ва бепарволик билан муносабатда бўлаётгани каби ҳолатлар умумий натижадорликка салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Мана, яқинда иш фаолиятимизга бир йил тўлади, аҳолимиз, бизга катта умид ва ишонч билдирган халқимиз олдида амалий ишларимиз билан ҳисобот берадиган вақт келди. Ишга янгича ёндашиш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш, фидойилик ва жонкуярлик кўрсатиш ижро ҳокимиятининг барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилари фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, деди Президентимиз.

Очиқ тан олиш керакки, биз ўз олдимизга қўйган, эл-юртимиз кутаётган натижаларга ҳали тўла эриша олганимиз йўқ. Бу борадаги ишларни фаоллаштириш, янги босқичга кўтариш мақсадида 27 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг самарали ва натижали ишини таъминлаш, уларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта шакллантирилиб, янги комплекслар ва вазирлик ташкил этилди.

Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, самарали солиқ сиёсатини шакллантириш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, давлат статистикаси тизимини такомиллаштириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият ва санъат, жисмоний тарбия ва спорт, ёшлар ва хотин-қизлар масалалари билан боғлиқ вазифаларга эътибор қаратди.

Йиғилишда Президентимиз жорий йилда амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиш асосида эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, йўл қўйилган камчиликларнинг такрорланмаслиги учун барча зарур чораларни кўриш, айни пайтда 2018 йилнинг биринчи чорагида бажариладиган аниқ вазифалар бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар