АсосийSUG'DIYONA

​КЎКАТЛАРНИ ТЎҒРИ САҚЛАШ ВА ФОЙДАЛАНИШНИ ЎРГАНАМИЗ!

'​КЎКАТЛАРНИ ТЎҒРИ САҚЛАШ ВА ФОЙДАЛАНИШНИ ЎРГАНАМИЗ!'ning rasmi


  • Ҳарид қилинган кўкатлар бир неча кун ичида кўринишини йўқотмаслигини истасангиз, уйга олиб келгач, илдиз қисмини кесиб ташланг.
  • Музлатгичга жойлаштираётганда нам сочиққа ўраб, сўнг целлофан халтага солсангиз, сўлиб қолмайди.
  • ртиб қолган кўкатларни зар қоғоз (фольга)га ўраб, яххонага жойлаб қўйинг. Фойдаланишдан олдин 2-3 дақиқа тузли сувга солиб қўйсангиз, яна барра кўринишга келади.
  • Шивит ва кашнич музлатгичнинг пастки қаватида 4-5 кун, кўк пиёз, барра саримсоқ, петрушка ва салат барги эса 3 кунгача кўринишини йўқотмайди.
  • Кўк пиёз ва барра саримсоқнинг бандини кесиб олиб, қуруқ сочиқда артинг. Сўнг зар қоғозга ўраб, музлатгичга қўйинг. Бу тариқа кўкатлар сифати бузилмайди.
  • Шивит ва кашнични майда тўғраб, озроқ туз билан аралаштиринг-да, шиша банкага солинг. Бу кўринишда кўкатли аралашма узоқ вақт сақланиши мумкин.
  • Безак ўрнида фойдаланишни истасангиз, тўғралган кўкатларни муз бўлаклари учун мўлжалланган идишчаларга солиб, устидан эритилган сариёғни қуйиб чиқинг. Қотгач, яххонага теринг. Дастурҳонга тортишда таом юзасига сариёғли кўкатни жойлаштирасиз.
  • Таомга хушхўр таъм беришни истасангиз, тўғралган кашнич қўшинг. Ушбу кўкат мош қўшилган овқатлардан ташқари барча таомларда ишлатилади.
  • Лағмон ва уйғурча услубда тайёрланадиган таомларга эса селдерей қўшилса, таъми ўзгача бўлади.
  • Майонезсиз салатларга ялпиз, кўк пиёз, барра саримсоқ, кашнич ва райҳон баргини қўшиш мумкин. Бу кўкатлар ўсимлик ва зайтун ёғи билан бир-бирига мос тушади.
  • Майонезлиларига эса салат барги, кўк пиёз, шивит ва кашнич солиниши мумкин. Барра саримсоқ майонез билан таъсир кучини йўқотиб, салат таъмини ўзгартириши мумкин.
  • Пишлоқ ва бринза қўшилган егуликларга асосан шивит ва салат барги ишлатилади.
  • Сабзавотли, масалан, бодринг, помидор, карам ва сабзили салатларга эса кўк пиёз, барра саримсоқ ва кашнич тавсия этилади.
  • Зираворлар таъсирида таом ҳиди ўткирлашиб қолгандай туюлса, майда тўғралган кўк пиёз ва шивит аралашмасидан фойдаланинг. Кўкатлар аралашмаси ўткир ҳидни «кесади».
  • Барча кўкатларни исталган шаклда тўғраш мумкин. Аммо салат барги ҳамиша йирик шаклда кесилади. Агар майдаланса, шарбати ажралиб, кўринишини йўқотиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар