1

ВАРИКОЗ. ОЁҚЛАРГА ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРИШ МУМКИН?

СУҒДИЁНА 01.12.2017, 19:58
Теглар: Соғ бўлинг
ВАРИКОЗ. ОЁҚЛАРГА ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРИШ МУМКИН?

Веналар — бизнинг заҳматкашларимиз. Чунки улар организмимиздаги қон айланишини таъминлаб беради. Баъзида веналар ўз «иши»ни етарли даражада уддалай олмай қолади ва қон ҳаракати сусаяди. Натижада веналар кенгайиб, тугунчалар ва илонсимон нақшлар оёқларни «безайди». Оёқлардаги бу манзара тиббиётда веналарнинг варикоз кенгайиши — варикоз касаллиги деб ном олган.

Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси хирургия бўлимининг олий тоифали шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Ўринбой Равшанович АБДУЛЛАЕВ маълумот беради:

Варикоз касаллиги веналар девори ва клапан аппаратидаги патологик ўзгаришлар натижасида оёқ веналарининг турғун, қайтмас кенгайиши ва узайиши билан характерланади. Одатда, варикоз касаллигига шунчаки оёқлардаги косметик нуқсон, деб қаралади. Аслида эса ундай эмас. Варикоз бошқа аъзо ва тизимларимизни ҳам зарарлаши мумкин бўлган касаллик бўлиб, унинг морфологик субстрати айнан оёқларда акс этади. Кўпинча иш фаолияти узоқ вақт тик туриш (вертикал ҳолат) билан боғлиқ бўлган касб эгалари варикоз билан оғрийди. Қишлоқ аҳолисининг 15-18, шаҳарликларнинг эса20-25 фоизида учрайди.

Варикоз касаллигининг клиник жиҳатдан қуйидаги даражалари кузатилади:

Даражаси

Асосий белгилари

0

Йўқ

1

«Оғир оёқлар» синдроми, оёқларнинг вақтинчалик шишиши

2

Оёқлардаги турғун шишлар, оёқ терисининг гипо ёки гиперпигментацияси, липодерматосклероз, экзема

3

Веноз трофик яра (очиқ ёки ёпиқ)

Қандай аниқлаш мумкин?

Касаллик диагностикаси ўзига хос клиникманзараси (махсус синамалар) ва ультратовуш ангиосканерлаш ёрдамида амалга оширилади. Дастлабки босқичларида вена қон томирларининг бироз кенгайиши (симметрик бўлиши ҳам мумкин), пайпаслаганда юмшоқ бўлиши, осонгина пуччайиши ва улар устидаги терининг ўзгармаслиги кузатилади. Буларнинг барчаси саломатлигингизга жиддий эътибор бериш ва веналар аҳволини билиш учун мутахассисга мурожаат қилишга ундовчи асосий белгилар ҳисобланади. Демак, касалликнинг дастлабки белгилари:

  • оёқлардаги оғирлик сезгиси;
  • кечқурунга бориб оёқлардашиш пайдо бўлиши;
  • оёқларнинг тез толиқиши;
  • оёқларда (асосан, болдир соҳасида) веноз тугунчалар пайдо бўлиши;
  • вертикал ҳолатда — тик турганда веналарнинг бўртиб чиқиши;
  • тери қичишиши ва экземасимон дерматит ривожланиши;

Касаллик авж олганда эса болдир соҳасида трофик яралар пайдо бўлиши мумкин.

Авж олишида қандай омиллар етакчилик қилади?

Варикоз эркакларга нисбатан аёлларда 6 марта кўпроқ кузатилади. Яъни, аксарият ҳолларда касалликдан аёллар азият чекишади. Бу вазиятда етакчилик қилувчи омил ҳомиладорлик ҳисобланади. Эстрогенлар, прогестерон ва уларнинг аналоглари веноз қон томир деворидаги коллаган ва эластик толаларни зарарлаши ҳисобига томирлар тонусини пасайтириши илмий жиҳатдан исботланган. Бундан ташқари, ҳомиладорлик даврида умумий айланиб юрувчи қон ҳажмининг ортиши, катталашган бачадоннинг йирик веналарга босим бериши ва бу даврда қорин ичи босимининг ортиши ҳам касалликнинг ривожланишига туртки бўлади.

Шунингдек, баланд пошнали пойафзал кийиш ҳам касаллик хавфини келтириб чиқаради. Шифокорлар пошнаси 5 см.дан юқори бўлган оёқ кийим киймасликни тавсия этишади. Баланд пошнада оёқ панжаси ва болдир муайян ҳолатда ўрнашади. Оёқлар венаси учун асосий «насос» эса болдир мушаклари ва муҳимлиги жиҳатдан иккинчи «насос» оёқ панжаси ҳисобланади. Баланд пошнали пойафзалда оёқ панжаси фаол ишламайди, болдир ҳам муайян ҳолатда бўлгани учун унинг мушаклари ҳам фаол ишламайди. Буларнинг барчаси варикоз кенгайишга туртки бўлувчи оёқ веналарида қон ҳаракатининг сустлигига олиб келади. Шунинг учун аёллар кўпинча баланд пошнали пойафзал кийгач, оёқларида оғирлик ва шиш борлигидан шикоят қилишади.

Гавданинг статик ҳолатига ва жисмоний зўриқишга эътибор қаратиш жуда мухим. Бунда инобатга олиш керакки, узоқ вақт тик туриш ёки семизлик варикоз ривожланишига олиб келувчи омиллардан ҳисобланади.

Баъзи касб эгалари (хирург, сотувчи, сартарош кабилар) бошқа касбдагиларга нисбатан бу касаллик билан кўпроқ оғришади.

Жинси

Вертикал ҳолатда ишловчилар

Узок вақт статик зўриқиши бўлмаганлар

Эркаклар

20,1 фоиз

8,3 фоиз

Аёллар

63,1 фоиз

37,7 фоиз

Варикознинг сабабига генетик мойиллик (кўпинча ота-онаси ҳам шу касаллик билан оғриган инсонларда учрайди) ва ирқий мансублик (монголоид ванегроид ирқларда кам учрайди) ҳам таъсир қилади.

Спорт билан шуғулланиш мумкинми?

Шубҳасиз, спорт саломатлик учун ижобий роль ўйнайди. Лекин спорт турлари кенгайган, варикоз ўзгарган веналардан халос қилмайди. Аммо мушакларнинг фаол ишлаши эвазига варикоз касаллиги авж олишининг олдини олади.

Шуниси ҳам борки, агар касалликка мойиллик бўлса, мураккаб машғулотлардан сақланган маъқул. Масалан, онасида варикоз бўлган қизлар айнан қайси спорт тури билан шуғулланишига жиддий эътибор қаратиш керак. Бу вазиятда велотренажёр, югуриш йўлакчаси ва сузишни танлаган маъқул. Жисмоний жиҳатдан зўриқмасликка ҳаракат қилиш лозим.

Варикозга чалинмаслик учун нима килиш керак?

Ўз билганингизча даволашга киришманг. Илк белгилари пайдо бўлганиданоқ шифокор-флеболог қабулига шошилинг ва ташхисни аниқлаш учун текширувлардан ўтинг. Чунки юқоридаги шикоятларнинг турли сабаблари мавжуд бўлиб, улар посттромбофлебитик касаллик, травматик ва туғма артерио-веноз оқмалар, Клиппел-Тренон синдромида ҳам учраши мумкин. Веналар борасида бирор муаммо (шиш, оғриқ, бўртиб чиққан веналар) бўлса, шифокорга мурожаат қилишни тавсия этаман. Шифокор веналарнинг ҳолатини баҳолаб, даво муолажаларини белгилайди.

Касаллик авж олишининг олдини олиш учун қуйидагиларни тавсия этиш мумкин:

  • аввало ҳаёт тарзингизни ўзгартиринг: кўпинча ўтириб ишлашингизга тўғри келса, вақти-вақти билан 10-15 дақиқалик танаффус қилиб, бироз юриш, енгил машқлар бажаришни одат қилинг. Агар туриш, юришнинг иложи бўлмаса, ўтирган жойингизда оёқларингиз панжасини фаоллик билан ҳаракатлантириб туринг;
  • сурункали равишда жисмоний зўриқишдан ва узоқ вақт тик оёқда туриб қолишдан сақланинг;
  • сузиш ёки енгил югуриш билан шуғулланинг;
  • баланд пошнали оёқ кийимлардан воз кечинг.;
  • варикозга қарши махсус чулкилардан харид қилинг;
  • кечқурунлари тузли ванна қилинг, оёқларингизни енгил уқаланг.

Касаллик энди бошланаётган бўлса-чи?

Бундай беморлар соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари зарур. Фаол ҳаёт тарзи — бадантарбия билан шуғулланиш,жисмоний зўриқиш ва узоқ вақт тик оёқда туриб қолишдан сақланиш, спорт билан шуғулланиш, махсус эластик чулкилар кийиш ёки оёқларга эластик бинт тақиш лозим.

Қандай вазиятларда операция қилиш шарт?

Бу касалликнинг даволаш тамойиллари — эластик компрессия, медикаментоз терапия, склеротерапия ва оператив даводан иборат. Касаллик дастлабки босқичларида консерватив даволанади. Консерватив даво чораларига мунтазам риоя қилинса, бу касалликни шу босқичида тўхтатишга ёрдам бериши мумкин, холос. Варикоз ва унинг ривожланиши мумкин бўлган асоратларидан узил-кесил қутулиш учун эса ҳозирча фақат қон томир хирурги аралашувига тўғри келмоқда.

Касаллик бошланганиданоқ шифокорга мурожаат қилиш жуда муҳим. Бу билан даволашни операциясиз амалга ошириб, оёқларингизнинг нафақат саломатлиги, балки гўзаллигини ҳам сақлаган бўласиз.

Нилуфар ВАҲОБОВА суҳбатлашди

Манба: “SUGDIYONA газетаси

Шарҳлар

БЎШАШГАН, ҚОНАЁТГАН ВА ЯЛЛИЈЛАНГАН МИЛКНИ ДАВОЛАЙМИЗ!

21.12.2017, 18:31

Кўпчилик тиш юваётган пайтда милкларининг қонашига унча аҳамият бермайди. Ваҳоланки, айнан шу ҳолатдан кейин оғзидан ҳид келишидан тортиб тиш бўшаб қолиши ва тушишигача бўлган асоратлар...
АПЕЛЬСИН. ШАРБАТИ ҲАМ, ЭТИ ҲАМ, ПЎСТЛОҒИ ҲАМ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТГА ЭГА

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Шарбати ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, тери жароҳатланганда қон кетишини тўхтатишда ёрдам беради, яраларни зарарли микроблардан тозалайди.Агар ҳар куни оч қоринга бир жуфт апельсин есангиз...
МАНДАРИН — ЯНГИ ЙИЛ МЕВАСИ!

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Тана ҳарорати кўтарилганда мандарин шарбати чанқоқни босишда ёрдам беради; Микроб ва вирусларга қарши таъсир кучига эга. Демак, ўткир респиратор касалликлар ва гриппнинг олдини олишда...
БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ ВА САЛОМАТЛИК

21.12.2017, 18:15

Ҳар бир касалликка хос мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Байрам дастурхонини безатишда ёки ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишда уларни инобатга олишга тўғри келади. У ёки бу касалликда қайси...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1