1992 йил 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун юртимиз тарихидаги буюк саналардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамда мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони ҳамда гувоҳномаси бугун “Даракчи” газетаси бош муҳаррири Дилфуза Собировага ҳам топширилди:
- Мамлакатимизда барча йўналишларни кенг қамраб олган биринчи нодавлат “Даракчи” газетаси 1999 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Унда мамлакатимизнинг турли соҳаларига оид мавзулар ёритилиши билан бирга, бугунги кунда ёшлар ҳаётига оид турли йўналишдаги мақолалар, халқаро майдонда содир бўлаётган янгиликлар, спорт хабарларига кенг ўрин берилган. Ўқувчиларни қизиқтираётган мавзуларни ёритиш билан бирга, уларга турли маслаҳатлар бериб боришга ҳаракат қилинмоқда. Бугунги мукофот таҳририятимизга берилган юксак ишонч, деб ҳисоблайман.
“Хазина”, “Гўшанга алангаси”, “Қайнонанинг кундалиги” сингари китоблари бугунги кунда ўқувчиларга тақдим этилган иқтидорли ва серқирра ижодкор, журналист Дилфуза Собированинг ижодига муваффаққиятлар тилаб қоламиз.